Боғот туманидаги Қалъажиқ қалъаси атрофида археологик, тиббий ва экотуризмни ривожлантириш мақсадида бир нечта истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада қалъа атрофида замонавий туризм инфраструктурасига эга шаҳарча бунёд бўлди. Қалъа атрофидан ажратиб берилган 153 гектар асрий қумликлар ўрнида саёҳатчилар учун миллий услубдаги меҳмонхоналар, ресторан, ўтовлар ва чўмилиш ҳавзалари қурилиб ишга туширилди. Дам олувчилар учун ёпиқ бассейн, сиҳатгоҳ қурилиши давом этмоқда. Экотуризмнинг қум барханлари бўйлаб туяда сайр қилиш, сунъий кўлларда балиқ овлаш каби турли йўналишлари йўлга қўйилмоқда.

