Click to listen highlighted text!

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қуролли Кучлари куч тузилмалари билан ҳамкорлигида Хоразм вилоятининг Боғот туманида аҳоли яшаш пунктлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўмондонлик-штаб ва махсус тактик ўқув машғулотларини ўтказишди.

Ўқув машғулотида вилоят Ички ишлар бошқармаси, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ, Давлат хавфсизлик хизмати ва Чегара қўшинлари қўмондонликлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек маҳаллий бошқарув органлари ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари иштирок этди.


Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” Қонунига асосан 26 январь – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимлари куни – божхоначиларнинг касб байрами этиб белгиланган эди.
Бугун вилоятимизда 26 январь Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари К.Игамбергенов, Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи К.Рахманов, хуқуқ тарғибот органлари раҳбарлари ва вилоят божхона бошқармаси шахсий таркиби ҳамда ишчи ходимлари қатнашдилар.
К.Игамбергенов соҳа ходимларини байрам билан қутлар экан, мамлакатимизда иккинчи маротаба божхона органлари ходимлари куни кенг нишонланаётгани, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан қўшни давлатлар билан алоқаларимиз мустаҳкамланиб, бир неча йиллардан буён фаолияти тўхтатилган божхона постлари қайтадан ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётганлигини таъкидлаб ўтди.  
Шу билан бирга жорий йил 24 январь куни Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида  2020 йилни — «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилиниши божхона органларига ҳам катта масъулият ва жавобгарлик юклашини, Давлатимиз томонидан божхона органларига қаратилган эътибор ва билдирилган ишончга божхоначилар садоқатли хизмати билан муносиб жавоб беришлари лозимлигини билдирди.
Шундан сўнг, байрам муносабати билан божхона ходимларига вилоят ҳокимлиги ва бошқарманинг фахрий ёрлиқлари ҳамда  қимматбаҳо совғалари топширилди.



Жорий йил 24 январь куни интернет фойдаланувчиси Абдуллох Бекжонов facebook ижтимоий тармоғидаги “Бюрократия ва коррупция қурбонлари” номли норасмий саҳифага Хоразм вилояти бўйлаб қизамиқ эпидемияси тарқалди деган хабар тарқатган. Аслида эса Хоразм вилоятида қизамиқни эпидемиологик ва эмлаш жараёнлари таҳлили тизимли йўлга қўйилган бўлиб, вилоятда 2019 йил жами 5 нафар бемор ҳисобга олинган. Урганч шаҳрдан 2 нафар, Урганч тумандан 2 нафар, Қўшкўпир туманидан 1 нафар бўлиб, 2020 йил ўтган даврида 19 та қизамиқ касаллигига гумон қилинган беморлар тўғрисида бирламчи шошилинч хабарнома берилган.   Урганч шахридан 7 та, Урганч тумандан 8 та, Хива тумандан 2 та, Янгибозор туманидан 2 нафар бемор.  Хозирги кунгача вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси тасаруффидаги даволаш профилактика муассасалари томонидан қизамиқ касаллиги билан вафот этганлар ҳақидаги маълумот қайд этилмаган. 


Бугун, Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида Хоразм вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамкорлигида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўз ишини бошлади.
Ҳар йили тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва кичик бизнесни ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси мунтазам равишда ўтказиб келинади.
Саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг асосий мақсади – саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кооперация алоқаларини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай
шарт-шароитлар яратиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва кичик тадбиркорлик субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш.
Ярмарканинг муҳим вазифаларидан бири аҳоли ва ишлаб чиқарувчиларни саноат соҳасидаги янгиликлардан хабардор қилиб бориш орқали четдан импорт қилинаётган маҳсулотлар, бутловчи қисмларнинг маҳаллий корхоналаримиз томонидан ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш, экспортни ошириш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳисобланади.
Саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг фаолияти йилдан-йилга ривожланиб, тадбиркорлик субъектлари ва хўжалик ташкилотлари ўртасида хамкорликни ривожлантиришнинг муҳим воситасига айланиб бормоқда.
Ярмаркада 150 дан ортиқ хоразмлик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва қўшни вилоятлар тадбиркорлари ўзларининг маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Вилоятдаги мавжуд бўш турган бино, давлат мулк обектлари ва ер участкалари тақдимоти ҳам тадбиркорлар эътиборига ҳавола қилинди.
2019 йилда мамлакатимизда кооперация алоқаларини ривожлантириш ҳамда саноат ярмаркаларини ўтказиш тартибларини такомиллаштириш борасида бир қанча муҳим ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 йил 1 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга асосан www.cooperation.uz домени остида электрон кооперация Портали ташкил этилди. Мазкур Порталда тадбиркорлар ўз маҳсулотларини реклама қилган ҳолда, бизнес-хамкорлар топиш ва электрон тарзда тўғридан-тўғри савдо шартномалари тузиш, бошқа тадбиркорлик субъектлари билан кооперацион алоқалар ўрнатиш имкониятига эга бўлдилар. Бугунги кунга қадар электрон кооперация Портали орқали вилоятимиз тадбиркорлари иштирокида умумий қиймати 184,5 млрд. сўмлик шартномалар имзоланган.
Электрон кооперация Портали тадбиркорлар учун бир қанча қулайликларни яратди. Хусусан,
•  Ўз маҳсулотини сотишда ёки ўзига керакли хом-ашё ва товарларни сотиб олишда бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳамда бюджет ташкилотлари билан электрон тарзда тўғридан-тўғри шартномалар имзолаш;
•  Узоқ масофада жойлашган ҳаридор ёки сотувчилар билан исталган жойда интернет орқали шартномалар имзолаш;
•  Ўз маҳсулотини бутун мамлакат бўйлаб реклама қилиш;
•  Ўз ишлаб чиқаришини кенгайтириш учун бошқа тадбиркорлар билан кооперация алоқаларини ўрнатиш;
•  Ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган хом-ашё етказиб берувчиларни қидириб топиш ва бошқалар.
Шунингдек, 2019 йил 30 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 833-сонли қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Республикамизнинг барча вилоятларида ҳар 3 ойда ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаларини ўтказиб бориш тартиби жорий этилди. Мазкур чора-тадбирлар, авваламбор тадбиркорларга қулайликлар яратган ҳолда, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини кўзлаб амалга оширилмоқда.
Мазкур саноат ярмаркасида вилоятимизда олдиндан ривожланган соҳалар ҳисобланган енгил саноат, қурилиш материаллари саноати, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари билан бир қаторда янгидан ўзлаштирилган маҳсулотлар, хусусан, сув тозалаш ускуналари, маиший газ баллонлар, енгил автомобиллар учун эҳтиёт қисмлари, қуёш батареялари, қуёш коллекторлари, қуёш батареяларида ишлайдиган кўча ташқи ёриткичлари, ҳар хил турдаги LED лампалар, спорт инветарлари, янги тур қурилиш маҳсулотлари ва бошқалар намойиш этилди.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига гувоҳнома ҳамда кўкрак нишонларини топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унда Марказий сайлов комиссиялари аъзолари, янги сайланган депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Парламент сайловлари натижаларига кўра, Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатини ва Сенатининг 97 нафар аъзосини рўйхатга олди. Сенат аъзоларининг 13 нафари Президентимизнинг шу йил 17 январдаги Фармонига асосан тайинланган.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов миллий парламентимизнинг янги сайланган ва Президентимизнинг Фармонига биноан тайинланган аъзоларини халқ вакили бўлишдек шарафи мақомга сазовор бўлгани билан самимий табриклади.

— Янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги парламентидан халқимизнинг умиди катта, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Хўжаева. — Буни ўтган йил охирида бўлиб ўтган сайловларда халқимиз катта ишонч билан ўз вакилини сайлагани мисолида яққол кўриш мумкин. Бу биз, депутатларга, умуман, парламент аъзолари зиммасига катта масъулият юклайди. Халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш, Ўзбекистонимизнинг энг ривожланган демократик давлатлар сафидан мустаҳкам жой олиши учун, шубҳасиз, астойдил ҳаракат қиламиз. Бунинг учун инсон манфаатларини кафолатлашга, иқтисодий тараққиётимизни таъминлашга хизмат қиладиган тўғридан тўғри қонунларни қабул қиламиз ва уларнинг ижроси устидан самарали парламент назоратини ўрнатамиз.



Хоразм вилояти ҳокими  Ф.Эрманов Қўшкўпир туманидаги 2-сон мактабда  ёшлар билан учрашди. Унда мамлакатимизда ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 
Ф.Эрманов “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувини расмиятчиликдан четлашиб, очиқ ва ошкора мулоқот тарзида ўтиш тарафдори эканлигини билдирди. Учрашув давомида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари билан танишиб Президентимиз раҳнамолигида вилоятда олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, янгиланишлар, келгусидаги истиқболли режалар ҳақида батафсил маълумот берди. 
Ёшлар томонидан маҳалларда “Ибратли ўғил-қизлар” танловини, қолаверса, туманда “Ёшлар жамғармаси”ни ташкил этиш таклифлари билдирилди.  
Тадбир давомида сўзга чиққан собиқ ўқувчи Муштарийхон Шомуродованинг онаси Муҳтарам Президентимизга, қолаверса вилоят ва туман ҳокимига алоҳида миннатдорлик билдирди. Давлатимиз томонидан яратилиб берилган шароитлар  натижасида фарзанди олий ўқув юрти талабалигига қабул қилинганлигини алоҳида эътироф этди. Шунингдек “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида фаол иштирок этгаг ва иқтидорли ўқувчилар вилоят ҳокимлиги томонидан қимматбахо совғалар билан рағбатлантирилди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда ёшларга тааллуқли барча долзарб масалалар кенг ва тўлақонли қамраб олинди. ўзларини қизиқтирган масалалар, янги ғоя ва ташаббуслари, ташвишга солаётган муаммолари юзасидан вилоят ҳокимига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, саволларига жавоб олишди.


Хоразм вилоят транспорт бошқармаси мажлислар залида  Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармаси ва Хоразм вилоят ИИБ ЙХҲБ ва Хоразм вилоят Транспорт бошқармаси ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи иштрокида   вилоят шаҳар ва туман тадбиркорлари билан янги таҳрирдаги солиқ кодексини амалга киритилиши ва транспорт бошқармаси томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2020 йилда амалга оширилиши белгиланган ишлар режаси бўйича   семинар бўлиб ўтди.


Хоразм вилояти мусиқали драма театрида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига аъзоларни сайлаш бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди.      

Маҳаллий кенгашлар депутатлари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига Хоразм вилоятидан вакиллар сайлаш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди

Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси О.Бобожонов очди ва Сайлов кодексига мувофиқ сайловни ўтказиш тартиб-тамойиллари ҳақида атрофлича тушунтириш берди. Қўшма мажлис раислигига 20-Қўшкўпир сайлов округидан вилоят кенгаши депутати А.Раджабов номзодини таклиф этди. Таклиф бир овоздан маъқулланди.

Қўшма мажлисда ишчи ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича маслаҳат кенгаши, мажлис котибияти, саноқ комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан сайлаб олинди. 

Вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатларидан сайланган маслаҳат кенгаши аъзоларининг алоҳида хонада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Хоразм вилояти Бош бошқармаси бошлиғи У.М.Жуманиязовнинг Янгибозор туманидаги АТ "Агро банки" Янгибозор филали биносида 2020 йил 25 январда соат 10:00 да жисмоний ва юридик шахслар вакиллари билан банк хизматлари бўйича сайёр қабул ўтказишини маълум қиламиз.

Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди. 

Вилоят марказидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига вилоят ҳокимлиги, харбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ходимлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан гулчамбарлар қўйилди. Шундан сўнг ҳарбий техника юриши ва турли ҳарбий қисмлар хизматчилари қўшиқ куйлаган ҳолда Ал-Хоразмий кўчаси бўйлаб саф тортиб ўтишди. 

Хотира хиёбонидан бошланган ва шаҳар кўчалари бўйлаб саф тортиб ўтган ҳарбийлар, ҳарбий техникалар намойишини юртдошларимиз кузатиб, олқишлашди.