Бугунги кунда вилоятимиздаги йирик саноат корхоналаридан бири бўлган "UzXCMG" масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси цехларида ҳам эрталабданоқ зарбдорона меҳнат бошланади. Кенг ва ёруғ цехларда ўз касбининг моҳир усталари масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда кундалик вазифаларини сидқидилдан бажармоқдалар.
Бу ерда "UzXCMG" товар белгиси остидаги гидравлик экскаватор ва бульдозерлар, шунингдек, қурилиш, йўл қурилиши ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга мўлжалланган қудратли техникалар тайёрланмоқда.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга буюртмалар сони тобора ошмоқда. Қўшма корхонанинг маркетинг ва хизмат кўрсатиш бўйича бош директори ўринбосари Жамолбек Норбоевнинг таъкидлашича, мазкур корхона ўз фаолиятини бошлаган пайтдан бугунги кунгача 1000 дан ортиқ ҳар хил турдаги замонавий, рақобатбардош техникалар ишлаб чиқарди.