Чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича лойиҳалар
Бугунги кунда вилоятимиздаги 526 та маҳаллаларнинг барчаси санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олинган бўлиб, 221 та техника ёрдамида хизмат кўрсатилмоқда.
Вилоятимизда 15 та чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари мавжуд бўлиб, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 10,4 фоизни ташкил этади.
2021 йил октябр ойида вилоят ҳудудида бу йўналишда 3 та давлат хусусий шериклик битимлари имзоланди. Мазкур лойиҳалар доирасида чиқинди саралаш ускуналари ўрнатилиб, жорий йилда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 40 фоизга етказилади.
Халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларда 1342 та чиқинди контейнерлари ўрнатилади. Ҳудудлардаги 16 минг 910 та юридик ташкилотлар билан санитар тозалаш хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар тузилади.
Вилоятда тиббиёт чиқиндиларини зарарсизлантириш ишлари “Урганч дезинфекция” МЧЖ га қарашли йиллик 300 тонна қувватга эга “Муфел” печи орқали амалга оширилиб келинмоқда. Ўтган 2021 йилда 91 та тиббиёт муассасаларидан жами 130 тонна тиббий чиқиндилар йиғиб олиниб, утилизация қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 3 млн 66 минг АҚШ доллари қийматидаги кредит маблағлари ҳисобидан вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК балансига жами 18 та махсус техника воситалари, 260 та 1100 литр сиғимли чиқинди контейнерларини харид қилиш ва 1 та сервис маркази қуриш белгиланган.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларида маиший чиқинди полигонларини рекультивация қилиш ва янги полигонлар қуриш” лойиҳалари доирасида вилоятда 8 та қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш полигонлари фаолияти тугатилади;
- Боғот ва Қўшкўпир туманларида замонавий талаблар асосида 2 та янги полигонлар ташкил этилади;
- 6 та туманда чиқиндиларни қайта юклаш станциялари қурилиб ва улар 12 та махсус техника ҳамда контейнерлар билан таъминланади;
Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларида коммунал оқова тозалаш иншоотлари реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Бош саҳифага қайтиш