«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот
Қорақалпоғистон Республикасидаги «Тахиатош» иссиқлик электр станциясидан «Хоразм» подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш пунктигача 220 кВли электр узатиш линияси қуриш инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар бўйича ҳисобот.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 июндаги ПҚ-2541-сонли «Тахиатош» ИЭС – «Хоразм» ПС – Саримой аҳоли пункти (Хоразм вилояти) 220 кВли ЭУЛ қурилиши» инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олиб борилаётган ишлар Осиё Тараққиёт Банки кредит маблағлари иштирокида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг мақсади: Шимолий-ғарбий энерготугуни ҳамда Хоразм вилояти истеъмолчиларининг электр энергияси таъминотида ишончлиликни ошириш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси танқислигини камайтиришдан иборат.
Лойиҳа доирасида: умумий узунлиги 340 км бўлган 220 кВли «Тахиатош» иссиқлик электр станциясидан «Хоразм» подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш пунктигача электр узатиш линияси қурилиши режалаштирилган.
Лойиҳада Хоразм вилоятида жойлашган «Хоразм» подстанциясини кенгайтириш ва қайта қуриш ҳамда подстанцияда жойлашган қуввати 125 МВАли иккита автотрансформаторларни қуввати 200 МВАли автотрансформаторларга алмаштириш режалаштирилган.
Саримой аҳоли яшаш жойига яқин ҳудудда 220 кВ қайта улагич пунктини қуриш назарда тутилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати — 258,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Шундан:
- Осиё Тараққиёт Банкининг кредит маблағлари — 150,0 млн. АҚШ доллари ҳисобида;
- «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари — 35.8 млн. АҚШ доллари ҳисобида;
- Ўзбекистон Республикасининг солиқ ва божхона имтиёзлари шаклидаги ҳиссаси — 72,7 млн. АҚШ доллари ҳисобида.
Лойиҳани амалга ошириш муддати: 2016–2020 йиллар давомида.
Лойиҳанинг қуввати:
- умумий узунлиги 364 км бўлган 220 кВли «Тахиатош» ИЭС – Хоразм ПС – Саримой аҳоли яшаш жойи ЭУЛ қуриш;
- 220 кВли «Тахиатош» ИЭСга 220 кВли очиқ тақсимот қурилмаси ўрнатиш билан юклама ўтказувчанлигини кенгайтириш;
- 220 кВли «Хоразм» подстанциясини кенгайтириш ва қайта қуриш;
- Саримой аҳоли яшаш жойига яқин манзалда 220 кВ қайта улагич пунктини қуриш.
Лойиҳа қурилиши 220 кВ ҳаво линияси «Хоразм» подстанциясидан Саримой аҳоли яшаш пункти (I-босқич) узунлиги 153 км ҳаво линиясида қурилиш-монтаж ишлари тугалланган (100%).
«Тахиатош» ИЭС дан «Хоразм» ПСгача узунлиги 195,5 км ҳаво линияси бўйича, 743 пикетдаги таянч устунлар ўрнатилди. Амударё дарёси билан кесишиш жойларида 3 та махсус таянчлар ўрнатиш ишлари якунланди.
«Саримой» қайта улаш пунктида асбоб-ускуналарни монтаж қилиш ишлари тугатилган бўлиб, ҳозирда созлаш-бутлаш ишлари олиб борилмоқда.
220 кВли «Хоразм» подстанциясида қўшимча 4 дона ячейка ўрнатилган бўлиб, ускуналарни монтаж ишлари якунланган ва созлаш-бутлаш ишлари олиб борилмоқда, шунингдек қуввати 200 МВА бўлган иккита янги, замонавий юқори кучланишли трансформаторларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
«Тахиатош» ИЭС даги 220 кВли ОТҚ (ОРУ) да асбоб-ускуналар монтаж қилинган бўлиб созлаш-бутлаш (наладка) ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасидаги қурилиш-монтаж ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида бугунги кунда 227 та қурувчи-муҳандис ҳамда 96 та махсус техникалар жалб қилинган.
Мукаммал таъмирлаш
Хоразм вилоятида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфида 2 та подстанция 450 МВА ва 209,5 км 110-220 кВ ҳаво узатиш линиялари мавжуд.
2020 йилнинг 3 чорагида подстанциялардаги 5 дона ўчиргичларни мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бажарилган инвестиция лойиҳаси натижасида «Тахиатош» иссиқлик электр станциясининг янги энергоблокларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Хоразм» подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш қўрғонидаги қайта улаш пунктигача узатиш имконияти яратилди. Бу амалиёт, ўз ўрнида, Навоий вилоятида жойлашган йирик ишлаб чиқариш корхоналарини қўшимча қувват билан таъминлаш, электр таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қилибгина қолмай, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилояти истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан узлуксиз равишда таъминлашни кафолатлайди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати
Бош саҳифага қайтиш