Ректорлар депутатлар олдида ҳисобот бердилар
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг иккинчи сессиясидан
Вилоятдаги олий таълим муассасаларининг раҳбарлари депутатлар олдида ҳисобот бердилар
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишини халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раиси, вилоят ҳокими Ф.Эрманов бошқариб борди.
Сессияда кун тартибидаги биринчи масала - халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йилга мўлжалланган иш режаси кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасаларида 2019 йилда амалга оширилган ишлар ва 2020 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида олий таълим муассасалари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Айни пайтда вилоятимизда 3 та олий таълим муассасаси - Урганч давлат университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали ҳамда Тошкент тиббиёт Академияси Урганч филиали фаолият кўрсатмоқда.
2019 йилда мазкур олий таълим муассасаларида талабаларга мутахассисликлари бўйича таълим бериш ва белгиланган дастурларнинг, вазифаларнинг амалга оширилиши қай тарзда ташкил этилди? Фанларни чуқур ўрганиш мақсадида машғулотлар амалиёт билан боғлиқ тарзда ташкил этилдими? Талабалар ўз иқтидорларини кенг намоён қилишлари учун қандай тадбирлар ташкил этилди ва уларнинг натижалари. Шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг машғулотларни ҳамда амалиётларни ўтиш жараёнида замонавий-ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиши қандай йўлга қўйилмоқда?
Сессияда депутатлар томонидан берилган мана шу каби бир қатор саволлар бўйича мазкур олий таълим муассасалари раҳбарлари атрофлича жавоб бердилар.
Урганч Давлат университети ректори Б.Абдуллаев сессияда қилган ҳисоботида ушбу олий даргохида таълим-тарбия ишлари янада такомиллаштирилаётганлиги, айни пайтда 11 та факультетда машғулотлар белгиланган ўқув дастурлари асосида олиб борилаётганлигини, 826 нафар профессор-ўқитувчи 16397 нафар талабага таълим-тарбия бериб келаётганлигини қайд этди. 2019 йилда университет мамлакатимиздаги 57 та олий таълим муассасалари ўртасидаги рейтингда 12-ўринни эгаллади.
- Университетда таълим сифатини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш кундалик эътиборда бўлмоқда, - деди УрДУ ректори Б.Абдуллаев.- Шунингдек, қатор ҳорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда амалий ишлар йўлга қўйилган.
Дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан 56 нафар профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар талабаларга дарс машғулотларини олиб бориш ва маҳорат дарсларини ўтиш учун таклиф қилинди. Университетнинг 18 нафар профессор-ўқитувчилари ҳам ҳориждаги қатор нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий марказларда малака ошириб қайтдилар. Шуниси қувонарлики, кейинги пайтда университет талабаларининг илмий тадқиқот ишларини олиб боришдаги фаолияти янада самарали бўлмоқда.
Талабаларга таълим-тарбия бериш билан бирга машғулотлардан кейинги бўш вақтларини ҳам мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар турар жойларида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Бешта муҳим ташаббус” ижроси асосида қатор тўгараклар фаолият юритиб, ёшлар уларда фаол иштирок қилмоқдалар.
Сессияда депутатлар, жорий йилда мазкур университет фаолиятидаги янгиликлар, режалар тўғрисида қатор саволлар беришди.
Таъкидландики, 2020/2021 ўқув йили учун сиртқи таълим шакли бўйича қабул параметрларини ошириш, кундузги ва сиртқи таълим шаклларида математика, кимё ва биология таълим йўналишлари ва мутахассисликлар учун қабул параметрларини ошириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилида талабаларнинг умумий қабулини 5500 га етказиш, хорижий талабалар улушини 1400 га ошириш, хорижий олий таълим муассасалари билан хамкорлик дастурлари асосида 8 та қўшма таълим йўналишида ўқитиш ташкил этилади. Муҳандислик-техника таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар улуши жами талабалар сонига нисбатан 24 фоизга оширилади.
Шуниндек, умумтаълим мактабларида математика, кимё ва биология фанларини ўқитишни такомиллаштириш мақсадида университет тажрибали профессор-ўқитувчиларини ўрта умумтаълим мактабларига бириктириш, фанлардан масофали курсларни ташкил қилиш, ўқувчилар ўртасида масофавий олимпиадалар ташкил қилиш, мактаб ва академик лицей битирувчиларига университет бўйича маълумотлар бериб бориш ва очик эшиклар куни тадбирларини ўтказиш мунтазам йўлга қўйилади, дея қайд этди УрДУ ректори. Университет қошида замонавий лойиҳа асосида мактабгача таълим муассасаси, иқтидорли ўқувчилар учун физика-математика фанларига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилади.
2019 йилда университетни 43 йўналиш бўйича 2159 нафар талаба тамомлаб, бугунки кунда вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий турли соҳаларида фаолият юритмоқда.
Сессияда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали директори М. Байджанов ўз маърузасида бугунги кунда филиалда 2 та факультетда ўқув жараёнлари ташкил этилиб, 69 нафар профессор-ўқитувчи 1244 нафар талабага таълим бераётганлигини қайд этди.
Кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида Филиалда охирги 3 йилда 3 та таълим йўналиши ва 2 та магистратура мутахассислиги янгидан очилди.
2019/2020 ўқув йилида сиртқи таълим шакли жорий этилди.
Университетда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш фаолияти йўлга қўйилди.
Сўнгги 3 йилда олий таълим муассасасининг 6 нафар профессор-ўқитувчиси хорижий олий таълим муассасаларида стажировка ўташи ва малака ошириши таъминланди. Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий олий таълим ва илмий муассасалар магистратура мутахассислигига 9 нафар, докторантурасига 4 нафар ёшлар таълим олишга қабул қилинди.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали 2 нафар профессор-ўқитувчининг Финландия, АКШ давлатларида малака ошириш ва стажировка ўташи таъминланди.
Шунингдек, филиал директори 2020/2021 ўқув йили учун сиртқи таълим шакли бўйича қабул параметрларини 50 тадан 100 тага ошириш. 2020/2021 ўқув йили учун Ўзбек-Беларус қўшма факультетига қабул параметрларини 25 тадан 50 тага ошириш режалаштирилаётганлигини қайд этди.
Шунингдек, умумтаълим мактаблари битирувчилари учун очиқ эшиклар куни ўтказилиб, буклетлар тақдим этилади.
Филиал инновацион-корпоратив ҳамкорлик доирасида магистратура ва бакалавриат босқичи талабаларини вилоят корхоналари ва ташкилотларида амалиёт ўташларини янада кенгайтиради. Корхоналарда магистрлик диссертация ҳамда битирув малакавий ишлар ҳимоясини ташкил қилади. Шунингдек, М.Байджонов “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да таълим муассасаси педагог жамоаси талабалар билан ҳамкорликда ахборот коммуникация воситаларини ҳаётган янада кенг жорий этиш юзасидан белгиланган вазифаларни тезкорлик билан амалга ошириш бўйича олиб бориладиган ишларга тўхталди.
Сессияда Тошкент тиббиёт Академияси Урганч филиали директори Р.Рўзибоев ўз ахборатида бугунги кунда филиалда 2 та факультетда ўқув машғулотлари олиб борилаётганлигини қайд этди.
Тиббиёт муассасаларига ўз касбининг малакали мутахассисларини етказиб бериш мақсадида соҳанинг тажрибали педагоглари, профессорлари талаба-ёшларга ҳар томонлама чуқур билим бермоқда.
Кейинги йилларда филиалда тормоқ бўйича кўплаб вилоят, Республика миқёсида илмий-амалий анжуманлар ташкил этилмоқда. Ва уларда талабалар ҳамда педагоглар фаол иштирок этиб келмоқдалар. Филиал ректори 2020 йилдаги устувор вазифаларга тўхталдилар. Жумладан, тиббиёт олий таълим муассасалари ва шифохоналарининг кластери яратилади.
Шунингдек, олий таълим муассасаси раҳбари Президентимиз томонидан илгари суриллган “Бешта муҳим ташаббус” асосида ташкил этилаётган амалий ишлар ва уларда талабаларни, шунингдек, педагог жамоанинг фаол иштирок этаётганлигини таъкидлашиди. Талабалар турар жойларида тўгараклар ташкил этилмоқда. “Спорт – саломатлик гарови”, “Энг фаол дастурчи”, “Мен шу китобни ўқияпман, Сизчи?”, талаба қизлар ўртасида “Йилнинг энг фаол каштадўзи”, “Йилнинг энг фаол тикувчиси”, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси”, “Қўли гул қизлар” каби танловлар, тадбирлар ўтказилаяпти.
Сессия давомида олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳисоботлари депутатлар томонидан талабчанлик билан эшитилди. Олий таълим муассаларнинг раҳбарлари ҳам 2019 йилда таълим-тарбия ишларини талаблар даражасида ташкил этиш, ёшларга ўз мутахассисликлари бўйича чуқур билим бериш, уларнинг қобилияти салоҳиятини рўёбга чиқариш каби долзарб масалалар кундалик эътиборда бўлганлигини қайд этишди. Сессия давомида депутатларнинг саволларига жавоблар беришди.
Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонасининг вилоят секторлари раҳбарларининг 2019 йилда мурожаатлар билан ишлаш фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Я.Олламов ҳисобот берди.
Сессияда кун тартибидаги навбатдаги масала Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Хоразм вилоятидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига 2019 йил давомида келиб тушган мурожаатлар таҳлили тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Хоразм вилоятидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири А.Наврўзов депутатлар олдида ахборот берди.
Шунингдек, сессияда кун тартибида муҳокама этилган масалалар юзасида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Бош саҳифага қайтиш