Хоразмда Олий Мажлис Сенатига аъзолар сайланди
Хоразм вилояти мусиқали драма театрида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига аъзоларни сайлаш бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Маҳаллий кенгашлар депутатлари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига Хоразм вилоятидан вакиллар сайлаш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси О.Бобожонов очди ва Сайлов кодексига мувофиқ сайловни ўтказиш тартиб-тамойиллари ҳақида атрофлича тушунтириш берди. Қўшма мажлис раислигига 20-Қўшкўпир сайлов округидан вилоят кенгаши депутати А.Раджабов номзодини таклиф этди. Таклиф бир овоздан маъқулланди.
Қўшма мажлисда ишчи ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича маслаҳат кенгаши, мажлис котибияти, саноқ комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан сайлаб олинди.
Вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатларидан сайланган маслаҳат кенгаши аъзоларининг алоҳида хонада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.
Маслаҳат кенгаши йиғилишида кўрилган масала, унда қабул қилинган қарор юзасидан қўшма мажлисга ахборот берилди. Маслаҳат кенгашида Сенат аъзоларини сайлаш бўйича ўтказиладиган ёпиқ яширин овоз бериш сайлов бюллетенига киритиш учун танлаб олинган ижтимоий-иқтисодий соҳаларда фидойи меҳнат қилаётган ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган, алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли олти нафар маҳаллий кенгаш депутатининг номзоди қўшма мажлис муҳокамасига тақдим этилди.
Қўшма мажлисда маслаҳат кенгаши томонидан Сенат аъзоларини сайлаш бўйича сайлов бюллетенига киритиш учун таклиф этилган халқ депутатлари вилоят кенгашига 9-Гандимён сайлов округидан депутат, ЎзР Фанлар академияси минтақавий бўлими – Хоразм Маъмун академияси илмий ишлар бўйича раис муовини Дурдиева Гавҳар Салаевна, 39-Ўзбекистон сайлов округидан депутат, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази акциядорлик жамияти директори Курбанов Равшанбек Давлетович, 6-Ж.Мангуберди сайлов округидан депутат, “Урганч миллий тикувчилик” оилавий корхонаси раҳбари Садуллаева Фарахат Аминовна, 49-Катқалъа сайлов округидан депутат, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари қўмитаси раиси Тажиев Бахадир Садуллаевич, 30-Шодлик сайлов округидан депутат, Урганч тумани “Тилло домор” хусусий корхонаси раҳбари Шарипов Умарбек Куронбаевич ва 22-Ўртаёп сайлов округидан депутат, Хоразм вилояти ҳокими Эрманов Фарход Уразбоевич номзоди муҳокама қилинди.
Ошкоралик, очиқлик билан ўтган муҳокама давомида депутатлар номзодларнинг ҳар бири фаолияти, ҳаёт тажрибаси, ишчанлик, ташаббускорлик, ташкилотчилик фазилатлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Очиқ овоз бериш орқали маслаҳат кенгаши томонидан тақдим этилган олти нафар депутатнинг номзодини ёпиқ яширин сайлов бюллетенига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг Сенат аъзоларини сайлови бўлиб ўтди. Сайловда барча демократик талаблар асосида ушбу қўшма мажлис ҳар бир иштирокчисининг ўз хоҳиш иродасини эркин ифода этиши учун қурилган кабиналар орқали ўтилиб, бюллетенлар сайлов қутисига ташланди.
Саноқ комиссияси белгиланган тартибда номзодларга берилган овозларни санаб чиқиб, натижаларни эълон қилди.
Сайлов натижаларига кўра, олти нафар номзоднинг барчаси қўшма мажлисда иштирок этган сайловчиларнинг кўпчилик овози билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланди.
Бош саҳифага қайтиш