МУАММО ТЕЗ ОРАДА БАРТАРАФ ЭТИЛАДИ
19 сентябрь куни “kun.uz” сайтида “Урганч шаҳридаги уйларнинг томи таъмирланмай қолди – ташқарида эса ёмғир-қорли кунлар эшик қоқмоқда” сарлавҳа остида мақола берилган эди. Унда кўрсатилган вазият Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати томонидан ўрганилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги Қонунинг 28 ва 34-моддаларига асосан 2019 йилнинг 28 мартида «Урганч Шоҳрухбек коммунал сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарув раиси О. Бўронов ва “Эко инвест строй” МЧЖ раҳбари С.Юнусов ўртасида Урганч шаҳар Жайхун кўчаси 42 ва 44-уйларнинг фасад қисмини таъмирлаш ишларини бажариш бўйича 1-сонли пудрат шартномаси тузилган.
Шунингдек, Урганч шаҳар Жайхун кўчаси 42-уйнинг том қисмини мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш бўйича «Урганч Шоҳрухбек коммунал сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва «Қадам ота Мардона» МЧЖ раҳбари Ф.Қаддамов ўртасида 2019 йил 19 апрелда 2-сонли шартнома тузилган.
Ўрганиш давомида “Эко инвест строй” МЧЖ томонидан Жайхун кўчаси 42- ва 44-уйлар фасад қисми таъмирланган. «Қадам ота Мардона» МЧЖ томонидан Жайхун кўчаси 42-уйнинг том қисмини таъмирлаш бўйича ишлар бошланиб, томга ёғоч каркас ўрнатилган, профнастил билан ёпиш ишлари эса охирига етказилмаганлиги аниқланган.
Шунингдек, уйларга коммунал хизмат кўрсатувчи «Урганч Шоҳрухбек коммунал сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Отажон Бўронов томонидан Жайхун кўчаси 42 ва 44-уйларни таъмирлаш бўйича шартнома тузишда, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг ички имкониятлари (молиявий аҳволи) ҳисоб-китоб қилинмасдан шартнома қилинганлиги ҳам маълум бўлди.
Яқин орада уйлар қишки мавсумга тайёрланиб аҳолига қулай шароит яратиб берилади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш