Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!
Урганч шаҳридаги «Авесто» мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган байрам тантаналари кўтаринки рухда бўлиб ўтди. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ижтимоий – иқтисодий ва бошқа соҳаларда ўзгаришлар, яратувчанликлар давом этиб, улуғвор ишлар амалга оширилди. Бугун Давлат дастурларини бажарилиши натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз кун сайин чирой очмоқда. Хусусан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Муҳташам турар – жойлар, аҳолига маданий – маиший хизмат кўрсатишга мўлжалланган бинолар, маҳалла гузарлари, равон йўллар, обод манзиллар қалбларга қувонч бағишлайди. Юртдошларимиз энг улуғ, энг азиз байрамни катта кўтаринкилик билан кутиб олишмоқдалар. «Авесто» мажмуаси байрамона безатилган. Чорлов мусиқаси байрамнинг шодиёнаси бошланаётганидан дарак беради. Вилоят ҳокими Ф. Эрманов юртдошларимизни энг улуғ, энг азиз байрам билан муборакбод этади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди. Байрамнинг театрлашган мусиқали дастурлари бошланади. Карнай – сурнай садолари янграйди. Она –Ватан, истиқлол, тинчлик, юксалишлар, ҳамжиҳатлик, замондошларимизнинг фидойиликлари қўшиқларда тараннум этилади. Байрам арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида бизнинг 20 нафар элдошларимиз ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланди. Уларни вилоят ҳокими Ф.Эрманов давлат мукофотлари билан табриклайди. «Авесто» мажмуасида истиқлолни, истиқболни, Ватан равнақини, тинчликни, дўстликни, фаровон турмушни мадҳ этувчи қўшиқлар янграйди. «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида бўлиб ўтаётган байрам шодиёналари барчани янада янги меҳнат зафарлари, ютуқлар сари ундайди. Тадбир якунида байрам мушакбозлиги бўлди.
Бош саҳифага қайтиш