Муносиб турмуш тарзи - хизмат самадорлигининг гарови
Мамлакатимизда тинчлик осойишталикни таъминлаш борасида фидойилик кўрсатиб келаётган ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий-қўллаб қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар бугунги кунда янги босқичга чиққан десак асло муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг ички ишлар органлари ходимлари учун муносиб турмуш тарзини яратиш, уларни имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги қарори асосида барча вилоятларда ҳар йили уй-жой комплекслари қуриб фойдаланишга топширилиши белгилаб олинди. Бу борада Хоразм вилоятида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Урганч шаҳрининг марказида ўтган йили қурилиши бошланган жами 60 та хонадондан иборат иккита кўп қаватли уйларнинг қурилиши қисқа муддатларда замонавий қурилиш технологиялари асосида якунига етказилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 28 йиллиги нишонланаётган шу кунларда Хоразм вилояти ички ишлар органларининг 60 нафар ходимига янги уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди. Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Р.А.Хатамов, Хоразм вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов ва вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирок этдилар. Тантанали тадбирда сўзга чиққан мутасадди раҳбарлар янги хонадон соҳибларини қутлашган бўлсалар, хонадон калитларини қабул қилиб олган ички ишлар ходимлари кўрсатилган ғамхўрлик, яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдириб, келгусида халқимиз, юртимиз ва Президентимизга содиқ қолган ҳолда хизмат қилишга ваъда бердилар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида бунёд этилган ушбу уй-жойлар барча шароитларга, болалар майдончаси ва автотураргоҳларга ҳам эга. Ички ишлар органлари ходимлари учун муносиб турмуш тарзини яратиш борасидаги бу каби эзгу ишлар, албатта уларнинг юртимиз тинчлиги, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизмат фаолиятлари самарали бўлишининг гаровидир. Мазкур уй-жойларни ўз вақтида ва сифатли қурилишида жонбозлик кўрсатган қурилиш корхоналари ишчи хизматчиларига Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими
Бош саҳифага қайтиш