Мақсад–ходимларнинг ватанпарварлигини янада ошириш
Шимолий-ғарбий ҳарбий округининг 53008-сонли ҳарбий қисмда ички ишлар органлари ходимларини ўқитиш бўйича ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари тантанали очилди.
Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрманов қатнашди ва сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, Қуролли кучлар, Миллий гвардия ва ички ишлар органларини ислоҳ қилиш, шунингдек, ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг малакасини ошириш, уларнинг касбий маҳоратини, жисмоний ва жанговар шайлигини ошириш бугунги кунда муҳим қатъий талаблардан бирига айланди.
Юртбошимизнинг «Жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишига асосан ушбу курслар ташкил этилди. Унинг асосий мақсади – ходимларнинг маънавий-ватанпарварлигини янада ошириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал этишда Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари ва Миллий гвардия ходимлари хамда ҳарбий хизматчиларнинг узвий ҳамкорлигини ташкил этиш, уларда жамоавийлик, уюшқоқлик ҳамда вазифаларни бажаришда дахлдорлик туйғуларини шакллантириш тизимини такомиллаштиришдир.
Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2019 йил 4 апрель куни 173-сонли қўшма қарори имзоланиб, бир қатор ишлар олиб борилди: ишчи гуруҳ тузилиб, ҳарбий қисмда реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди, ўқув-амалий курслари фаолиятини ташкил этиш учун зарур ижтимоий-маиший шарт-шароитлар ҳамда ўқув-моддий базаси яратилди.
Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия идоралараро Ишчи гуруҳининг тажрибали мутахассис ходимлари томонидан Ўқув дастури, Кун тартиби, ходимлар ва ҳарбий хизматчилар учун жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича хизматни биргаликда ўташ тартиби ишлаб чиқилди.
Ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида ўқув-услубий қўлланмалар, маърузалар, презентациялар, ўқув фильмлари ва ахборотга оид материаллар тайёрланди.
Мазкур курсларда ўқув-тарбиявий жараён икки ҳафталик дастур асосида амалга оширилиб, машғулотлар инновацион педагогик технологияларни қўллаган ҳолда, шу жумладан масофадан ўқитишни ташкил этиш орқали, Ички ишлар, Мудофаа, Миллий гвардиянинг тажрибали раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади.
Таълим жараёнида Хоразм вилоятининг барча маҳаллаларида маънавий-ватанпарварлик тадбирлари, шу жумладан, биргаликдаги очиқ мулоқотлар, ҳарбий-ватанпарварлик акциялари, ҳарбий-спорт мусобоқалари, Жасорат дарслари, маданий-ҳордиқ тадбирлари, очиқ эшиклар куни ўтказилиб борилади.
Тадбир иштирокчилари ўқув курсларида яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш