Хоразмга инвестиция киритинг!
Хоразм вилоятида жорий йил 5-6 апрел кунлари ўтказиладиган халқаро инвестицион форум ана шу шиор остида бўлиб ўтади.
Статистик маьлумотларга кўра, Хоразм вилоятида 2018 йил барча манбалар ҳисобидан жами 4 триллион сўмлик инвестициялар,
жумладан, хорижий молия институтлари ва чет эл инвесторларининг маблағлари эвазига 106 миллион 400 минг долларлик
инвестиция ўзлаштирилган.
– 2019 – 2020 йилларда вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасини ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати
9 триллион сўмлик лойиҳалар шакллантирилган, – дейди Хоразм вилояти инвестиция ва ташки савдо бошқармаси бошлиғи
Анвар Давлетов. – Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 556 миллион долларлик хорижий инвестиция
маблағлари ўзлаштирилиши ва 15 мингдан зиёд иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки,
вилоят кам қазилма бойликларига эга ҳудуд ҳисобланади. Аммо, бунга қарамасдан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни
жалб қилиш бўйича кўпгина имконият ва манбаларга эга. Мисол учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гўшт, сут
маҳсулотларини олиб қарайдиган бўлсак, бир йилда 900 минг тонна сут, 700 минг тонна сабзавот ва 300 минг тонна мева
маҳсулотлари етиштирилади. Аммо, ушбу маҳсулотларни қайта ишлаш даражаси икки фоиздан ошмайди. Бундан ташқари,
терини қайта ишлаш, чарм, атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар умуман йўқ.
“Хоразмга инвестиция киритинг” халқаро инвестицион форуми чет эллик инвесторларни жалб қилиш имконини беради.
Айни пайтда Урганч шаҳри марказий кўчалари форумни ифодаловчи баннерлар билан безатилган. Меҳмонларни юқори даражада
кутиб олиш учун барча шароит яратилган. Халқаро форум саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ижтимоий соҳа каби тўртта йўналишда бўлиб ўтади.
Анвар Давлетовнинг таъкидлашича, саноат йўналишида ташриф буюрадиган инвесторларга автомобилсозлик, муқобил энергия, қишлоқ
хўжалиги йўналишида пахта кластери ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар таклиф қилинади.
Айниқса, вилоятда қуёш панеллари, интенсив меваларни етиштириш, уларни қайта ишлаш борасида кенг кўламли шартномаларни
имзолашни режалаштирилмоқда.
Айни дамда, вилоят ҳокимлиги томонидан форумда иштирок этиш иштиёқини билдирган хорижий давлатлар, Туркманистон,
Саудия Арабистони ва Малайзия инвесторлари учун таклиф этилажак лойиҳалар Ўзбекистоннинг хорижий элчихоналари орқали етказилган.
Мухтасар айтганда ушбу халқаро форум мамлакатимизда инвестиция соҳасида янги имкониятлар эшигини очади.
Бош саҳифага қайтиш