ЕРГА БАРАКА УРУҒИ ТУШДИ
Халқимиз орзиқиб кутилган қадимий, азалий байрамимиз - Наврўз айёмини тантанали равишда нишонлади. Анъанага мувофиқ қувончли айём, заминимизнинг уйғониш, чор-атрофнинг яшил либосга бурканиш палласи экиш-яратиш, ерга барака уруғи қадаш тадбирларига уланиб кетди.
Шу муносабат билан Шовот тумани Бешмерган қишлоғида семинар-йиғилиш ўтказилди.
Тадбир қатнашчилари - вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туманлар ҳокимлари, вилоят ва туманлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, солиқ тизими бошлиқлари, вилоят ва туманлар корхона-ташкилотларининг раҳбарлари, агросаноат мажмуи мутахассислари, меҳнат фахрийлари ва фермер хўжаликлари етакчилари дастлаб шу тумандаги Юсуф Хамадоний зиёратгоҳига ташриф буюриб, ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилдилар. Хайрли иш кексаларнинг дуои фотиҳасини олиш, эзгу тадбирга оқ йўл тилашлари асносида бошлаб юборилди.
Тадбир иштирокчилари айни қишлоқдаги Шуҳрат Ўдабоев бошлиқ "Уста Матсафо" фермер хўжалиги даласига тўпландилар. 2019 йил ҳосили учун чигит экиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишга бағишланган семинар-йиғилишни вилоят ҳокими Ф.Эрманов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Таъкидландики, бу йилги баҳор мавсумининг ҳар йилгидан эрта келаётганлиги, тупроқнинг 10 см. қатламидаги ҳароратнинг кутилган даражага етганлиги чигит ва бошқа экинлар уруғларини экиш учун мақбул муддатдир.
Жорий йилги экиш мавсумига пухта тараддуд кўрилди, ерларнинг шўри сифатли ювилди. Техника ва механизмлар, уруғлик чигит, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари долзарб палла тадбирлари учун шай этиб қўйилди.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда барака уруғи қадаш ишларини ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларини назарда тутган, далаларга ғўзани навлари бўйича жойлаштирган, ерларни тайёрлаш ва уруғ экиш тадбирларини бир-бири билан узвий боғлиқ равишда ташкил этган ҳолда ўтказиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Дала-деҳқончилик ишлари эзгу ниятлар билан бошланар экан, жорий йилда кўзланган марраларга эришиш, барча экинлар бўйича баракали хирмонлар уйиш учун ўтган йиллардаги фаолият сарҳисоб қилиниши, ҳосил учун курашнинг турли босқичларида йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тегишли хулосалар чиқариб олиниши даркор, дейилди тадбирда.
Ўтган йиллардаги фаолиятга танқидий назар ташланадиган бўлинса, пахтачилик соҳасида хирмонлар баракасини ошириш юзасидан ҳали анчагина имконият-резервлар мавжудлиги аён бўлади. Ўтган йили айрим туманларда долзарб паллада чигит экишнинг белгиланган агротехник муддатлардан кечиктириб юборилганлиги, ерлар мавсум тадбирларини ўтказишга сифатсиз тайёрланганлиги, тупроққа ишлов бериш билан ерларга уруғ қадаш ўртасида узилишга йўл қўйилганлиги, ҳайдаш олдидан экин майдонларига фосфорли ўғитларнинг етарли равишда берилмаганлиги ва йўл қўйилган бошқа қатор камчиликлар натижасида уруғлик текис униб чиқмади. Далаларда кўчатлар сони агротехника қоидаларида кўзда тутилганидан кам бўлди. Оқибатда қатор фермер хўжаликлари давлатга пахта хом ашёси сотиш шартнома режасини уддалай олмадилар.
Йўл қўйилган ана шу камчиликлардан тўғри хулосалар чиқарилиши, тўлиқ ва соғлом кўчатлар ундириб олиш учун дала ишлари кечаю кундуз узлуксиз ташкил этилиши, бу йил ҳар гектар майдонда камида 100 минг тупдан кўчат бўлиши таъминланиши лозим.
Жорий йилда уруғлик хом ашёси етиштириш ва ҳосили машиналарда териш учун ажратилган майдонларга чигитни якка қаторлаб, қолган майдонларга қўш қаторлаб экиш режалаштирилмоқда.
Ерларни тайёрлаш, экиш ишларини мақбул муддатларда (10-12 иш кунида) уюшқоқлик билан ўтказишга қарата мавсумнинг режа-графиклари белгилаб олинди. Шу мақсадда экиш техника-механизмларининг 250 та отрядга бириктирилган ҳолда кеча-ю кундуз узлуксиз ишлатилиши таъминланади.
Ҳар бир ҳудуд ва отрядда тажрибали деҳқонлар ва мутахассислардан таркиб топган назорат ва "Сифат" гуруҳлари иш олиб бориб, дала меҳнатчиларига амалий ёрдам кўрсатадилар.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ў.Қурбонов, "Урганч нефтбаза" МЧЖ директори С.Маткаримов, "Агробанк" АТБ вилоят бошқармаси бошлиғи З.Абдримов ва бошқалар сўзга чиқиб, агрегатларга техник, меҳнатчиларга маиший хизмат кўрсатиш бевосита дала бошида ташкил этилиши, экиш ишларини мақбул агротехник муддатларда ўтказиш юзасидан барча чора-тадбирлар кўрилажагини таъкидладилар.
Экиш мавсумининг дастлабки куни "Уста Матсафо" фермер хўжалигида беш гектар майдонга барака уруғи қадалди.
Вилоятимизнинг барча туманларида фермер хўжаликлари раҳбарлари, тажрибакор деҳқонлар, мутахассислар иштирокида ана шундай семинар-йиғилишлар ўтказилиб, экиш ишлари бошлаб юборилди.
Бош саҳифага қайтиш