БИР ДАЛАДАН ИККИ-УЧ ҲОСИЛ
Юртимиз саховатли, осмони мусаффо, замини серқуёш, тупроғи унумдор: фидойи тер тўккандан саховатини аямайди. Ҳар йили мўл-кўл пахта, ғалла ва бошқа тур экинлар ҳосили етиштирилаётганлиги бунинг далилидир.
Бу борада ҳар бир оила учун ажратиб берилган томорқа ерларидан унумли, омилкорлик билан фойдаланиш дастурхонлар тўкинлиги, савдо пештахталарининг ноз-неъматлар билан тўлдирилиши, маҳсулотларнинг бозор нархи арзонлаштирилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, юртимизнинг ҳар бир хонадони томорқасида мўл-кўл ноз-неъматлар етиштириб, уларнинг эҳтиёждан ортиб қолган қисмини бозорга таклиф этиш азалий анъана.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 26 апрелда қабул қилган "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада замин соҳиблари учун дастуриламал бўлмоқда. Шу асосда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига ерлардан мақсадли фойдаланилиши, экинларнинг уруғлари, мевали дарахтлар кўчатларининг юқори агротехник муддатларда экилиши, чорва ва паррандалар бош сонлари кўпайтирилиши жараёнларини мониторинг қилиб бориш, "Томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамиятларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотишда ишлаб чиқарувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш вазифалари юклатилган.
Бу эса томорқачиларни мавжуд имкониятлар, яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга ундамоқда.
Ана шундай фидойилар орасида Хонқа тумани Сарапоён қишлоғи томор-қачилари ҳам бор. Улар томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, ҳар йили икки-уч ҳосил етиштириб, уларнинг оиласи эҳтиёжидан ортиб қолган қисмини бозорга таклиф этиб, озиқ-овқат таъминоти барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Tуманлар ҳокимликлари хотин-қизлар қўмиталари, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, касаба уюшмалари ташкилотлари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, агросаноат мажмуи мутахассислари иштирок этган семинар-йиғилишда ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Тадбирни вилоят ҳокими Ф.Эрманов бошқариб борди.
Кун тартибидаги масалалар - жорий йилда томорқа ерларига экинлар уруғликлари, мевали дарахтларнинг вилоятимиз тупроқ, иқлим шароитларига мос, турли хил касалликларга, шунингдек, ҳосилини узоқ муддат сақлаш, олис масофаларга ташишга чидамли навлари кўчатларини юқори агротехник муддатларда экилишига эришиш, сабзавот экинлари кўчатларини иссиқхоналар имкониятларидан фойдаланган ҳолда барвақт етилтириш, шахсий паррандачилик хўжаликларини ҳар томонлама ривожлантириш ҳақида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ.Игамбергенов маъруза қилди.
Семинар-йиғилишда тегишли ҳокимликлар, ташкилотлар, муассасалар раҳбарларининг баҳорги дала ишларини ўз муддатида ва сифатли ўтказилишини, шунингдек, алоқадор корхоналар, муассасалар мутасаддиларининг томорқа ер эгаларига уруғликлар, кўчатлар, ўғит, ёнилғи-
мойлаш материаллари узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора- тадбирлар ҳақидаги ахборотлари тингланди.
Ана шу масалаларнинг тезкор равишда ҳал этилишини, баҳорги экиш ишларини агротехника қоидаларига қатъий мувофиқ равишда сифатли, ўтказилишини таъминлаш бўйича вилоят ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.
Ҳамма жойда шахсий ва қўшимча томорқа ерларига эртаги экинларни ўз муддатида сифатли экиш, интенсив боғлар яратишни жадал суръатларда олиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Бош саҳифага қайтиш