Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашларининг депутатлари, қатор бошқармалар, ташкилотларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессия ишини халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раиси, вилоят ҳокими Ф.Эрманов бошқариб борди.
Сессияда вилоятимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича истиқболдаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги шаҳар ва туманларда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Ана шу ўрганишлар натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э.Баситхонова маъруза қилди.
Таъкидландики, вилоятда соғлиқни сақлаш тизимидаги фаолиятни такомиллаштириш, аҳолига шу кун талаби даражасида тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ишлар тизимли равишда олиб борилаяпти.
2018 йилда Республика ва маҳаллий бюджетдан "Обод қишлоқ" дастури доирасида соғлиқни сақлаш тизимига қарашли муассасаларга 6 млрд. сўмдан кўп маблағ ажратилди. 8 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Аҳолининг ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиши, касалликларнинг олдини олиш учун тарғибот-тушунтириш ишларини ва патронаж хизматининг жойлардаги фаолиятини тўғри ташкил этиш мақсадида муайян ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш долзарб вазифалардан бири эканлиги қайд этилди.
Жумладан, кейинги пайтда тез тиббий ёрдам тизимига замонавий автомашиналар етказиб берилди. Бугунги кунда вилоят бўйича тез тиббий ёрдам автомашиналарининг сони 115 тага етказилди. Дори-дармон учун бир чақириққа сарфланадиган маблағ миқдори 1800 сўмдан 5000 сўмгача ёки қарийб 2,7 маротабага оширилди.
Агар 2017 йилда вилоятга дори-дармон ва тиббий буюмлар учун давлат бюджетидан 14 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2018 йилда 28 млрд. 900 млн. сўм ажратилди. Бу 2017 йилга нисбатан 2,0 баробарга кўп демакдир. 2019 йилда эса 35 млрд. 200 млн. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилди.
Инвестиция дастури доирасида 2017 йилда 13 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 24 млрд. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган бўлса, 2018 йилда 18 та объектда 33 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ҳамда 2018 йил 18 декабрда қабул қилинган "Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, ҳудудларда амалий ишлар йўлга қўйилмоқда. Бироқ ўрганишлар натижасида туман тиббиёт бирлашмалари томонидан ҳамон маҳаллаларда аҳоли соғлигини тиклаш ишлари тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, аҳолининг тиббий билимларини ошириш изчил равишда ташкил этилмаётганлиги аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди.
Касалликларни профилактика қилиш, олдини олиш, патронаж хизмати ва фуқароларни уйма-уй юриб кўриб чиқиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, энг аввало, ўз соғлиги ва атрофидагилар соғли-гини муҳофаза қилишга масъулият руҳида тарбиялаш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, пенсионерларни даволаш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактик тадбирларни кенгайтириш, даволанишнинг замонавий услубларини қамраб олиш ва қўллаш йўли билан тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, сессияда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи К.Тангрибердиевнинг ҳисоботи тингланди.
Кун тартибига қўйилган масала юзасидан сўзга чиққан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссияси раиси Р.Юсупов, вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Курбанбаева, Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Исмоилов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Н.Бекчановлар аҳолига тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда тиббий хизмат сифатини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталдилар. Оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, сурункали касалликларга чалинган беморлар орасида патронаж хизматларини янада кучайтиришга эътибор қаратилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларга мурожаат қилган фуқароларга тезкорлик билан амалий ёрдам кўрсатиш ва тиббиёт муассасаларидаги хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича фуқароларга аниқ маълумотлар бериб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Муҳокама жараёнида чуқур таҳлилларга асосланган ҳолда камчиликлар, нуқсонлар кўрсатиб берилди.
Видеоселектор тарзида ўтган сессияда шаҳар ва туманлар студияларида қатнашган шаҳар ва туманлар ҳокимлари ахборотлари тингланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов сессия ишида қатнашди ва сўзга чиқди.
Сессияда Хоразм вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифат ва самарадорлигини ошириш, муассасалар моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар малакаси ва салоҳиятини ошириш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш чора-тадбирлар режаси депутатлар томонидан тасдиқланди.
Бош саҳифага қайтиш