ОДАМЛАРНИНГ ДАРОМАДИ КЎПАЯДИ
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда жорий йилдаги солиқ сиёсати ҳар йилгига нисбатан жуда кенг қамровда олиб борилмоқда. Буни нафақат ўзбекистонликлар балки, хорижий мамлакат иқтисодчилари ҳам таъкидлашмоқда. Муҳими, солиқ маъмуриятчилиги тубдан ўзгариб, соҳада шаффофлик таъминланаётир.
2019 йил 1 январданЎзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги фармонига кўра, қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга кирди. Мазкур янгиликлар билан Сиз-азиз муштарийларни яқиндан таништириш мақсадида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ҳурмат Абдукаримов билан суҳбатлашдик.
- Умумбелгиланган солиқ тўлови тўловчилари товар айланмасига қараб таснифланадиган бўлди,- шундайми?
-Ҳа, шундай. Хўжалик юритувчи субъектларни солиққа тортишнинг икки хил режими мавжуд. Яъни соддалаштирилган ва умумбелгиланган солиқ тартибидаги солиқларни тўлайдиганларга бўлинади. Эндиликда бу субъектлар ялпи тушумига кўра таснифланадиган бўлди. Янги тартибга асосан 2018 йил якуни бўйича йиллик товар айланмаси бир миллиард сўмдан ошмаган юридик шахс ва 100 миллиондан 1 миллиардгача товар айланмага эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар соддалаштирилган солиқ тартибида ягона солиқ тўловини тўлашда давом этади. Жорий йилдан бошлаб ягона солиқ тўловининг базавий ставкаси 4 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, солиқ солиш объектига эга бўлган барча ягона солиқ тўлови тўловчилари мол-мулк, ер ва сув ресурслардан фойдаланганлик учун солиқни тўлашга мажбурдирлар. Улар учун қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий асосда тўлаш имконияти сақлаб қолинади. Ўз-ўзидан равшанки, ўтган йилни бир миллиард сўмдан зиёд ялпи тушум билан якунлаган юридик шахслар умумбелгиланган тартибда солиқ тўловини тўлашга ўтади.
-Кимлар учун фойда солиғи камаяди?
-Юридик шахснинг фойда соли-ғида асосий ўзгаришлар солиқ ставкаларига ҳамда чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар таркибига тегишли бўлди. 2019 йилда фойда солиғи ставкаси кўпчилик юридик шахслар учун камайтирилди. Масалан:
-тижорат банклари учун - аввалги 22 фоиздан 20 фоизга;
-бошқа юридик шахслар учун (айримларидан ташқари) - илгариги 14 фоиздан 12 фоизга.
Шу билан бирга, цемент (клинкер) ва полиэтилен грануласи ишлаб чиқарувчи юридик шахслар учун солиқ ставкаси 20 фоизга оширилди. Илгари бу миқдор 14 фоиз эди. 2019 йилдан дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадларга солиқ ставкаси 10 дан 5 фоизга туширилди. Бунда жисмоний ва юридик шахслар учун тўлов манбаида солиқ солиш тартиби сақлаб қолинди. Норезидентлардан уларга тегишли дивиденд ва фоизлар бўйича ундириладиган солиқ ставкаси эса ўзгармади - 10 фоиз. Маҳсулот, ишлар ва хизматлар таннархини пасайтириш мақсадида 2019 йилдан бинолар ва иморатлар учун амортизация меъёрлари - 5 фоиздан 3 фоизга камайтирилди. Амортизация нормалари пасайтирилиши хўжалик юритувчи субъект харажатлари қисқаришига ва фойдаси ўсишига олиб келади.
-Юридик шахс ер солиғи ўзгардими?
-Жорий йилда юридик шахслар мол-мулки солиғи ставкаси ҳам 5 фоиздан 2 фоизга камайди. Ушбу солиқ тўловчиларнинг ер солиғи ставкаси эса 1,2 баравар оширилди. 2019 йилда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ўртача 1,2 баравар индексация қилинди.
-Ягона ижтимоий тўлов ставкалари белгиландими?
-Ҳа. Бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, шунингдек, устав фондидаги улушининг 50 фоизидан ортиғини давлат улуши ташкил этувчи корхоналар 25 фоиз миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўлайди. Бошқа солиқ тўловчилар учун эса ушбу ставка 12 фоиз этиб белгиланди. Шу-нингдек, 2019 йил 1 январдан бошлаб давлат мақсадли жамғармаларига 3,2 фоиз ставкадаги мажбурий ажратмалар бекор қилинди.
-Жисмоний шахсларнинг солиқдан бўлган қарзини уларнинг пластик карточкаларидан мажбурий ундириш тартиби мавжуд эди. Бу борада янгилик борми?
-Жорий йилдан бошлаб бунга йўл қўйилмайди.
Солиқларни ҳисоблашдаги энг кам меъёрлар бу йилда ҳам сақланиб қолдими?
-Чакана савдо корхоналарида ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори ЯТТдан кам бўлмаслиги қоидаси амал қилмайди. Ягона солиқ тўловининг энг каммиқдори ер солиғининг 3 каррасидан кам бўлмаслиги ҳақидаги тартиб ҳам ўз кучини йўқотди. Жорий йилдан бошлаб улгуржи савдо корхоналари 5 фоиз бўнак тўлови тўламайди. Илгари юридик шахсларнинг юк машиналари учун ЯТТдан кам бўлмаган миқдорда солиқ тўлаши тўғрисидаги нормага риоя қилинган бўлса, энди бу ҳам бекор бўлди.
-Солиқ қарздорлиги учун ҳисобланадиган пеня миқдори оширилдими?
-Солиқ кодексининг 120-моддасига ўзгартириш киритилиб, солиқ қарздорлиги учун ҳисобланадиган пеня миқдори 0,033 фоиздан 0,045 фоизга оширилди. Агар пеняни ҳисоблаш солиқ текширувлари натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилса, 0,06 фоиз қилиб белгиланди. Тегишли қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгаришга асосан, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ўрнига ҳамда мобиль алоқа хизматига акциз солиғи жорий этилди. Республика йўл фондининг тугатилиши муносабати билан Солиқ кодексидаги Республика йўл жамғармасига йиғимлар номи автотранспорт йиғимлари деб ўзгартирилди.
-Солиқларнинг камайиши ва суғурта бадалларининг бекор қилиниши ҳисобига ойлик маошлари янада ошади, тўғрими?
-Аввало, шуни таъкидлаш керакки, меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг солиқ юкини кескин камайтириш мақсадида 2019 йилдан амал қилаётган 4 поғонали солиқ шкаласи ўрнига ягона 12 фоизли ставка қабул қилинди. Шунингдек, солиқ солишдан тўлиқ озод қилинган жисмоний шахслар рўйхати қисқартирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва маъмурий органлар ходимларининг даромадини солиққа тортиш белгилаб қўйилди. 2019 йилдан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадаллари ҳам бекор қилинди. Бу ишловчилар қўлида кўпроқ маблағ қолишига имкон яратади.
-Солиқ назоратининг янги шакли ҳисобланган - мавзули экспресс-ўрганиш қандай мақсадда амалга оширилади?
-Мавзули экспресс-ўрганиш камерал назорат натижалари бўйича жойига чиққан ҳолда солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун амалга оширилади. Солиқ кодексининг 68-моддасига киритилаётган ўзгаришларга асосан, давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ва у билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари заруратга қараб, лекин йилига кўпи билан бир марта солиқ тўловчида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказишни амалга оширишга ҳақли. Тафовутлар аниқланган тақдирда кейинчалик солиқ солинадиган базага тузатишлар киритилади. Шунингдек, Солиқ кодексининг 71-моддаси ("Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи")га ҳам ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда модда "Хронометраж кўздан кечириш" деб номланади. Яъни солиқ хизмати ходимлари томонидан нафақат нақд пул тушумлари ҳажмлари, балки ишлаб чиқариш ҳажмлари ва товар (иш, хизматлар) реализация қилиш ҳажмлари ҳам мониторинг қилинади. Бунда хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати етти календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.
Хуллас, янги солиқ ислоҳоти солиқларни соддалаштириш, солиқ юкини тенг тақсимлаш, бизнесни хуфиёна иқтисодиётдан очиқ ишлашга чиқариш, инвестиция жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.
Вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаситомонидан тайёрланди.
Бош саҳифага қайтиш