Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р.Рахимовнинг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2024 йил якунлари бўйича ҲИСОБОТИ
Ўтган 2024 йил якуни билан вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 51,3 трлн сўмга етиб, бу борадаги ўсиш суръати 106,4 фоизни ташкил қилди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 29,1 трлн сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 30,2 трлн сўмга, бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 10,7 трлн сўмга, чакана савдо айланмаси 16,1 трлн сўмга ва жами хизматлар 28,3 трлн сўмга етди.
Иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича йиллик прогноз кўрсаткичи 102 фоизга бажарилди. Вилоятда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 252 тага етиб, ўтган йилда амалга оширилган лойиҳалар доирасида қиймати 643,3 млн долларгатенг бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Ҳудудий дастур доирасида умумий қиймати 4 трлн сўм бўлган 701 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 16 минг 721 та янги иш ўринлари яратилди. Маҳаллийлаштириш дастури асосида ўтган йили 69 та лойиҳа доирасида 1 трлн 640 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Натижада импорт ўрнини босиш самарадорлиги 128,7 млн АҚШ долларини ташкил этди.
Вилоятда 2024 йил якунлари билан экспорт ҳажми 420 млн долларга етиб, ўсиш суръати 123 фоизга етди. Экспорт фаолиятига 73 тадан ортиқ янги корхоналар жалб этилиб, экспорт географияси асосан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Хитой давлатларини ташкил қилди. Шовот тумани чегара ҳудудида “Ўзбекистон - Туркманистон” эркин савдо зонаси қуриб битказилди.
Якунига етган “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да вилоятда 7038 та кичик бизнес субьектлари янгидан ташкил этилиб, фаолият кўрсатмаётган 1702 та корхонанинг фаолияти қайта тикланди. Натижада, вилоятда кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 72,3 фоизга етди.
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси тўла таъминланмоқда. Натижада вилоятда ишсизлик даражаси 6,6 фоиздан 5,8 фоизга тушди. Уйчи, Сайҳунобод, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари асосида 43,1 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Натижада камбағаллик даражаси
14,1 фоиздан 11,9 фоизга пасайди.
Қурилиш соҳасига тўхталадиган бўлсак, 2024 йилда вилоятимизда Инвестиция дастури доирасида 159 та объектда жами 780 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Жумладан, барча дастурлар доирасида 30 та мактаб, 15 та мактабгача таълим ташкилоти, 13 та тиббиёт муассасаси, 69 та бошқа турдаги объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Вилоят бўйича 5 минг 500 та хонадонга мўлжалланган, жумладан “Янги Ўзбекистон” массивларида 2 мингта квартирали кўп қаватли уй-жойлар қуриб битказилди. “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” мезонлари асосида кенг кўламда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш 91,2 фоизга етказилди. Илгари фақат Урганч шаҳрида оқава сув хизмати мавжуд бўлган бўлса, ўтган йил бир нечта туманларда марказлашган канализация тизимлари барпо этилди.
Аҳолини кафолатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 1960 км электр тармоқлари ва 727 та трансформатор пунктларини янгиланди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 17,3 млн дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида биттадан намунавий “Экология кўча”лари, “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”ни барпо этилди.
Транспорт–коммуникация йўналишидаги йирик лойиҳалардан бири - Бухоро — Урганч — Хива темир йўлини электрлаштириш муваффақиятли якунланди. Эндиликда, вилоятга замонавий тезюрар поездлар қатновини йўлга қўйилиши манзилга етиб бориш вақтини қарийб икки баробарга яқин қисқартиради. Урганч шаҳрида жамоат транспорти хизматини яхшилаш мақсадида Хитой Халқ Республикасидан 50 дона янги автобуслар олиб келинди.
Йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ўтган йил давомида 563 км узунликдаги автомобиль йўлларига асфальт ётқизилди, 29 та кўприклар реконструкция қилинди, 227 км ички хўжалик йўллари шағаллаштирилди. Бу йил йўл қурилиши соҳасида яна бир йирик лойиҳа - Урганч шаҳридан Тупроққалъа туманигача бўлган йўлнинг 84 км қисмини бетон қопламаси билан реконструкция қилиш ишлари бошланади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўтган йил 56 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди, жумладан, 40 минг гектар майдонларда лазер текислаш ишлари бажарилди, 1 минг 710 км ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди. Барча дастурлар доирасида 1 минг 170 км узунликда ирригация ва мелиорация тармоқлари реконструкция қилинди ва тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди, 152 та сув иншоотлари янгидан қурилди ва таъмирланди.
Натижада 30 минг гектар ерларнинг сув таъминоти ва 52 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Ўтган йил вилоятимиз бўйича 314 минг тонна пахта, 477 минг тонна дон, 2 минг 520 тонна пилла, 1 миллион тоннадан ортиқ мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилиб, шартнома мажбуриятлари тўлиқ бажарилди.
Туризм соҳаси - вилоят иқтисодиётининг драйверларидан бири бўлиб, 2024 йилда “Хива – ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб белгилангани муносабати билан ўтказилган маданий-маърифий, тарғибот тадбирлари қадимий шаҳарга сайёҳлар оқимининг кескин ошишига имконият яратди. Ўтган йилда вилоятимизга 1,1 млн нафар хорижий, 4 млн нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. 2024 йилда вилоятда жами 692 ўринли 45 та янги меҳмонхона, хостел ва меҳмон уйлари, 4 та йўл бўйи туризм инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилди. Жумладан, зиёрат туризмининг муҳим объектлари ҳисобланган Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний, Жиловдор бобо ва Янгиариқ туманидаги шайх Мухтор Вали қадамжолари обод этилди. Урганч шаҳрида Шовот каналининг ҳар иккала соҳили ободонлаштирилиб, дам олувчилар учун қулай шароитлар яратилди.
Хива шаҳрида ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан бунёд этилган “Арда Хива” халқаро сайёҳлик мажмуаси воҳанинг туризм истиқболида янги саҳифа очади. Умумий майдони қарийб Ичонқалъа ҳудудига тенг келадиган, яъни 24,5 гектарни ташкил этган бу шаҳарчада тарих музейи, шарқ бозори, савдо дўконлари, 9та ресторан, 5 та кинотеатр ва концерт заллари, кўргазмалар павильони, заргарлик маркази, ҳунармандчилик уйлари, сув мототуризми ва қайиқларда сайр қилиш имконияти яратилган.
Шаҳарчада 1080 ўринли 5 та меҳмонхона ва 13 та меҳмон уйлари, бирйўла 2000 нафар кишига хизмат кўрсатувчи очиқ ва ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, 3000 ўринли амфитеатр, мусиқий фавворалар мавжуд.
Шунингдек, Урганчда Шовот канали соҳилида бунёд этилаётган “Лазги ва Авесто” музейи ҳам хорижлик ва маҳаллий сайёҳларнинг севимли масканига айланишига шубҳа йўқ.
IТ соҳасида экспортёр корхоналар томонидан 2024 йилда хизматлар экспорти 3 баробарга ортиб, 5,2 млн АҚШ долларини ва фрилансер дастурчилар хисобидан 5,9 млн АҚШ долларини, жами IT соҳасидаги кўрсаткич 11,1 млн АҚШ долларини ташкил этди. Ҳурматли Президентимиз 2023 йилнинг июнь ойида сайловолди дастури билан Хоразмга ташрифи чоғида истиқболда вилоятнинг “ташриф қоғози” IТ соҳаси бўлишини таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб ахборот технологиялари соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йил бошланган “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси минглаб ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва IТ соҳасида экспорт имкониятларини оширишга хизмат қилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ислоҳотлар жадал давом эттирилиб, йил давомида 9та давлат-хусусий шериклик, 97та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди, 11та давлат мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилинди, натижада вилоятда боғча ёшидаги болаларнинг қамров кўрсаткичи 83 фоизга етди.
Умумтаълим мактабларида 7 300 нафар ўқувчига мўлжалланган қўшимча ўқув бинолари қурилди. Вилоятда олий таълим муассасаларида қабул квоталари сони ошиб, янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди, мактаб битирувчиларнинг олий таълимга қамров кўрсаткичи 56 фоиздан ошди.
Тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятимизда 29та тиббиёт муассасасида 73млрд сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди, шунингдек, шифо масканлари учун 67турдаги 41млрд сўмлик тиббий жиҳозлар сотиб олинди. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази Хоразм филиали учун замонавий бино қурилди, “Хонқа” санаториясининг янги биноси дам олувчилар ихтиёрига берилди. Бир нечта янги клиникалар ишга туширилиб, хусусий секторда аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар сони 504тага етди.
Маънавий-маърифий соҳада амалга оширилган ишларга тўхталадиган бўлсак, 2024 йил вилоятимиз маданий ҳаётида ҳам нуфузли фестиваллар, халқаро тадбирларга бой бўлди. Жалолиддин Мангуберди тарихини ўрганиш юзасидан Мўғулистон давлатига илмий-маърифий экспедиция уюштирилди, буюк бобомизнинг ҳарбий салоҳияти ва дунё тарихида тутган ўрни ҳақида “Жалолиддин Мангуберди жасорати ёшларга ибрат” мавзусида халқаро симпозиум ўтказилди. Бундан ташқари “Лазги” халқаро фестивали, Этноспорт мусобақаси, “Қовун сайли” каби йирик оммавий-маданий тадбирлар юқори савияда ташкил этилди. Хива шаҳрида вилоят қўғирчоқ театрининг, Урганчда вилоят филармониясининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Умуман, вилоятда иқтисодиёт, ижтимоий соҳаларда юқори натижаларга эришдик ва биз бу билан тўхтаб қолмасдан, ютуқларимизни янада мустаҳкамлаш, ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирларини кўряпмиз.“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб эълон қилинган 2025 йилда иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, экологик барқарорликни сақлаш борасидаги эзгу ташаббусларга янада кенг йўл берилади. Ўтган йил бошланган хайрли бошламаларнинг узвий давоми сифатида йил дастурида бу йўналишда амалга ошириладиган барча чора-тадбирлар ўз ифодасини топди.
Бош саҳифага қайтиш