Маҳалламиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик, эҳтиёжманд оилаларга меҳр-саховат ва мурувват кўрсатайлик!
Хоразм вилоятидаги маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг вилоят аҳолисига мурожаати
Азиз хоразмликлар!
Юртимизга гўзаллик фасли бўлмиш баҳор илиқ нафаси ила табиатни уйғотиб, ўзининг ёқимли тафти билан кириб келди. Қалби гўзалликка, эзгуликка ошно инсон борки, байрамлар фаслида теварак-атрофини обод қилишга шошади.
Озодалик, поклик, саранжомлик бор жойда барака бўлади. Бунда халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашарнинг ўрни муҳим. Ҳашарда халқимизнинг бирлиги, аҳиллиги янада яққол намоён бўлади.
Қолаверса, баҳор ва табиат уйғонишининг тимсоли, шарқона янги йилнинг бошланиши бўлган Наврўзи оламнинг руҳи ва фалсафасида ҳам яхшилик ва бағрикенглик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш каби олижаноб ғоялар мужассам бўлиб, улар ҳашарнинг мақсад ва мазмунига тўла ҳамоҳангдир.
Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг жорий йил
4 мартдаги “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам ушбу байрам арафасида туман ва шаҳарлар, маҳалла ва кўчаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Бугунги кунда вилоятимиздаги 531 та маҳаллада 8118 та кўча, 565 та қабристон ва 61 та зиёратгоҳ мавжуд бўлиб, уларнинг ободлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, обод маҳалланинг файзи, таровати ўзгача бўлади, қабристонлар ободлиги эса ўтганларнинг руҳи шод бўлиши, демакдир. Қолаверса, 389 мингдан зиёд хонадонда “Обод хонадон” мезонларини жорий этилиши уларнинг янада кўркам бўлишига, поклик ва саранжом-саришталикга замин яратади.
Хабарингиз бор, жорий йил 11 мартдан бошлаб юртимизда муборак Рамазон ойи бошланди. Ушбу улуғ ойнинг мазмун-моҳиятида инсон қадрини улуғлаш, яхшилик ва меҳру-саховат, бир-бировга ўзаро ҳурмат фазилатлари мужассам. Бу борада вилоятимизда истиқомат қилаётган 72 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар, 10200 га яқин боқувчисини йўқотган оилалар, 262 нафар ёлғиз кексалар ҳамда 56 минг нафарга яқин ногиронлиги бор шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш, хонадонларида ҳашарлар ташкил этиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Қолаверса, ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳамда Наврўз умумхалқ байрамига муносиб тайёргарлик кўриш ва Муборак Рамазон ойида хайрия, эҳсон ва мурувват тадбирларини тизимли ўтказиш зарурлигини инобатга олиб, барчангизни “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида эртадан бошлаб барча маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, меҳр-саховат кўрсатиш бўйича “Долзарб 10 кунлик” тадбирларини ҳамда
16-18 март кунлари вилоятимизда умумхалқ ҳашарини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Доно халқимизда “Ҳашар - элга ярашар”, “Ҳашар қилдим уй қурдим, унда кўп ҳикмат кўрдим”, “Яхшидан боғ қолади” деган мақоллар бор. Шундай экан, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий анъана ва қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда инсонлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу ҳашар тадбирларида ҳар бир ёшу қарини фаол иштирок этишга ҳамда ташаббус кўрсатишга чорлаймиз.
Қолаверса, ҳашар давомида ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ҳамда “Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам” деган шиорни эзгу ҳаракатга айлантириш ташаббусини илгари сурамиз.
Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар, жамоатчилик вакиллари!
Эндиги вазифамиз кўча ва хиёбонларни, қабристон ва зиёратгоҳларни обод қилишда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳашарларда аҳолининг фаоллигини оширишдан иборатдир. Бунинг учун ҳар биримиз шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз, томорқамиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.
Миллий қадриятимиз сифатида ҳашарнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ҳар бир хонадонга етказишда, унинг ёшлар тарбиясидаги ўрнини тушунтиришда ҳамда амалий ҳаракатга айлантиришда маҳаллаларда шакллантирилган маънавият тарғиботчилари жонбозлик кўрсатиши лозим.
Муҳтарам нуронийлар!
Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.
Вилоятимиздаги 207 минг нафардан ортиқ нуронийлардан маҳаллаларда ҳашарларни ўтказишда, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан хонадонлари ва томорқаларини обод қилишда, кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.
Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса,
207 мингдан зиёд янги дарахт пайдо бўлади. Ёки ҳар бири “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида ўз ёнига 10 нафар ёшни жалб қилса, бу рақам 10 баробарга ошади.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!
Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг улушингиз катта. Бу савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузари ва кўчасига
20 тупдан кўчат экса, вилоятимиз бўйлаб ўртача 7 миллион
780 минг дарахт бунёд бўлади.
Ёки бўлмаса, томорқанинг даромад манбаига айлантириш бўйича ҳар бир оилага кўмаклашсак, ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланишни йўлга қўйсак, вилоятимизда фаровон оилалар сони янада ошишига хизмат қилади.
Фермерларимиз “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.
Вилоятимизнинг қадрли зиёлилари, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва спортчилари!
Жонажон Ватанимиз ва вилоятимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.
Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига вилоятимиз ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.
Шундай экан, вилоятимизда ўтказиладиган “Долзарб ўн кунлик” тадбирларида, умумхалқ ҳашарида, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!
Мўътабар оналар, азиз опа-сингиллар!
Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзалдир! “Обод хонадон” мезонларини жорий этиш ҳар бир уйнинг ободлигига, хонадон маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.Шундай экан, ҳашар кунлари қўшни аёллар келишган ҳолда уйлар атрофини тозалаш ва ободонлаштириш ишларини ташкил қилайлик! Хонадонларимизни саранжом-саришта қилайлик! Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, боқувчисини йўқотган оилаларнинг хонадонларида ҳашарлар уюштирайлик!
Шунингдек, хонадонимизни обод қилишни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик! Токи, зурриёдларимиз ота-боболаримиз сингари миллий қадриятларимизнинг тарғиботчиси, эзгу амаллар давомчиси, ободлик ташаббускори ва жарчиси бўлсин!
Бу ишларда 531 та маҳалладаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг ҳам муносиб ўрни бор. Галдаги вазифамиз – ушбу хайрли тадбирларни ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлган ҳурматли опа-сингилларимиз ва дилбар қизларимиз орасида кенг ёйишдан иборат.
Азиз хоразмлик ёшлар!
Сизларнинг юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.
Она заминимизга, маҳаллангизга меҳр беринг! Ўз хонадонингиз, кўчангиз ва маҳаллангизда, қабристон ва зиёратгоҳларда ҳашарларни ташкил этишда ва ўтказишда, ўз ниҳолингизни экишда ташаббус кўрсатинг!
Асло унутманг, сизнинг ҳиссангиз – бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун вилоятимиз аҳолисининг фаровонлиги учун хизмат қилади.
Бош саҳифага қайтиш