ИСТИҚЛОЛ ВА БУЮК КЕЛАЖАКНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ
Ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади. Жамиятнинг нафақат сиёсий, балки иқтисодий тизимида ҳам тубдан ўзгаришлар юз бераётган ислоҳотлар даврида Конституциянинг аҳамияти янада ошади. Фақат давр талабларига жавоб берадиган Асосий Қонунгина йирик ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг самарадорлиги учун зарур бўлган ривожланиш ва барқарорлик уйғунлигини таъминлаб бера олади.
Конституция давлатимиз ва жамиятимизнинг нафақат бугунги қиёфаси, ҳаёт тарзи, балки келажагини, эзгу мақсадларимизнинг ҳуқуқий замин ва пойдеворини белгилаб берувчи ҳужжатдир. Унда белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш, юртимизда тинч, эркин ва обод ҳаёт барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида муттасил иш олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жамиятда, ҳар қайси оила ва фуқаро ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар содир бўлаётган бўлса, буларнинг барчаси Конституциямизда белгилаб қўйилган талаб ва қоидаларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодаси, десак янгилишмаймиз.
Жумладан, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари сенатор ва депутатларнинг халқ билан мунтазам мулоқот олиб бориши замирида ҳам миллий қомусимиз асослари мужассамдир. Конституциямизнинг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Шунингдек, фуқароларнинг бу конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш механизми Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни, бошқа тегишли қонунлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган.
Маълумки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш тамойилига таяниб, бугун ушбу эзгу ва олийжаноб мақсадлар асосида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усуллари тизимли равишда ташкил этилганини ҳар бир туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган Президент Халқ қабулхоналарида ҳамда вертуал қабулхоналар мисолида кўришимиз мумкин. Шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотларида фуқароларнинг мурожаатини қабул қилиш механизми яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси ва бўлимларида фаолият кўрсатаётган “Ишонч телефон”лари ҳамда электрон хизматлар орқали фуқаролар, барча тоифадаги солиқ тўловчилар ва тадбиркорлик субъектларидан бўлаётган мурожаатлар, хат ва аризалар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганиб, таҳлил этиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Президент виртуал қабулхонасидан 8 та, Бош прокуратуранинг “Ишонч телефон”и орқали 5 та, Департаментнинг “Ишонч телефон”лари орқали 2та келиб тушган мурожаатлар муддатида қонуний ҳал қилинмоқда. Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари “Ишонч телефон”лари орқали фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, белгиланган тартибда ижроси таъминланмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида 269 нафардан ортиқ фуқаролардан 300 га яқин мурожаатлар тингланди. Уларнинг 84 таси Департамент органлари томонидан кўриб чиқилиши таъминланди. 151 та мурожаатлар тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилди, 15 таси кўриб чиқиши тугатилди ва 9 таси аноним деб топилди.
Бугунги кунда мамлакатимиз бош қомуси ўзбек халқининг озодлик ва мустақиллик йўлидаги интилиши, халқимизнинг имконияти ва салоҳиятини ишга солиш, жамиятнинг барқарор ривожлантириш, иқтисодий ва сиёсий муносабатларни демократлаштиришнинг асосларининг таъминлаб келмоқда.
Инсон омили унинг мафаатларини ҳимоялаш чинкам демократик, адолатли давлатга хос хусусиятдир. Асосий қонунимизнинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги шаъни, қадр-қиммати ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.
Таъкидлаш жоиз, жамиятимиз ҳаётида сиёсий, ҳуқуқий маданият тушунчасининг аҳамияти кун сайин ортиб бормоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги шаклланиб, янги сиёсий меъёрлар ҳамда қонунларнинг қабул қилиниши учун қулай имкон яратилмоқда. Зеро, жамият сиёсий маданиятининг юксак кўрсаткичи – кишиларнинг давлат олиб бораётган ички ҳамда ташқи сиёсатни, унинг асосий йўналишлари, мазмуни ва амалга ошириш усул ҳамда услубларини тўлиқ тушуниши ва тушунтира билишидадир. Демак, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан фуқаролар сиёсий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқлиги ўз исботини топмоқда.
Умумий қоидага кўра, мамлакатимиз фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Айниқса, ёшларга яратилган кўплаб имкониятлар қатори нафақат юртимизда, балки чет мамлакатларда ҳам ўқиш ва ишлаш имкони берилган. Масалан, Конституциянинг 22-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаролари республикамиз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳуқуқий ҳимоя қилиниши ҳамда уларга ҳомийлик кўрсатилиши тўла кафолатлаб қўйилган.
Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар", деб мустаҳкамлаб қўйилган. 16-моддасида эса "Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас"лиги қайд этилади. Яъни бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ҳамда қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги қатъий мустаҳкамланган. Яна бир жиҳат: ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги эзгу мақсадларимизнинг рўёбга чиқишида дастуриламал бўлаётган Конституциямизда бой миллий ҳуқуқий меросимиз ва илғор хорижий Конституциявий тажриба ҳамда замонавий халқаро ҳуқуқнинг умум-эътироф этилган принциплари, нормалари тўла акс этган. Биргина мисол, унда маҳалла институтига Конституциявий мақом берилишининг ўзиёқ миллий ҳуқуқий меросимиз тўла акс этганидан далолат.
Бош Қомусимизнинг 40-моддасида: ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга ёки 41-моддасида: ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Бу каби мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам, халқ таълими тизимида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги даражасини оширишга олиб келди, бунинг учун пухта замин яратди. Бу масалалар давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб, мунтазам равишда ривожланиб, тараққий этиб бормоқда. Тиббиёт тизими қисқа фурсат ичида миллий моделнинг умумэътироф этилган халқаро андозаларига мос ҳолда шаклланди. Янгидан-янги замонавий шифо масканлари ва уларнинг бугунги кун талабига монанд ҳолда жиҳозланиши, инсонлар саломатлигини яхшилаш ва касалликларни ўрганиш, тадқиқ қилиш, даволаш билан боғлиқ жараёнларга илм-фан ютуқларини кенг жалб этиш каби масалалар биргина Қомусимизнинг олтин қоидаларида ўз ифодасини топди. Шубҳасизки, миллий ўзликни англаш, миллат генофондини асраб-авайлаш, сифатли ва кафолатли тиббий хизмат турларидан эркин фойдаланиш ҳуқуқи халқимизнинг эзгу мақсадлари йўлида хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – миллий истиқлол мафкураси ғоялари сингдирилган миллий манфаатларимиз, истиқлолимиз ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.
Ғайратжон СУЛТАНОВ
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси
Бош саҳифага қайтиш