Тўйлар ҳақида ўйлар
Тўйларимизни миллий қадриятларимиз асосида, дабдабабозликдан холи, камчиқим қилиб ўтказиш тўғрисида гўп гапирилади. Пандемия даврида қатнашчилар сони чекланиб анча ихчамлашиб қолган тўй-тантаналар бугун яна катта давраларга кўчди.
Бугун вилоятимизда деярлик ҳар бир қишлоқда 800-1000 кишига мўлжалланган тўйхоналар бор. Кейинги йилларда ушбу хизмат тури энг даромадли бизнесга айланди. Сабаби илгари бундай тўйхоналарда асосан никоҳ тўйлари ўтказилган бўлса, кейинчалик тўйдан олдин келиннинг 15-20 нафар дугоналари билан хонадонда ўтказиладиган “Қизлар базми” тадбирлари, бешик ва хатна тўйлари ҳам ушбу муҳташам кошоналарга кўчиб, қарийб минг кишилик дастурхонлар ёзила бошлади.Тўйга таклиф қилинадиган меҳмонлар сони гўёки тўй соҳибининг обрў-эътиборини белгиловчи мезонга айланди.Қўшни маҳаллаларнинг таниш-нотаниш аҳлини тўйга чорлаш одат тусига кирди.”Элдан чиқмаслик” таомилига риоя этишга мажбур бўлган оддий оилалар учун бу урф-одатлар жуда қимматга тушяпти.Битта тўй қилиш учун йиллаб “қора қозон”ни сувга ташлаб қўйишга тўғри келади.
Яна бир муаммо тўйда хизмат қилувчи хонандалар билан боғлиқ. Хоразмликлар санъат аҳлига ўзгача ҳурмат эҳтиром билан қарайди, рўзғоридан орттириб тўплаган маблағини сарф қилиб оиласидаги энг қувончли кунларга, тўй-у тантанасига таклиф қилади.Бироқ қўшиқчиларнинг бу ҳурмат иззатни суитеъмол қилиб,хизматларига нарх белгилашда жуда қуюшқондан чиқиб кетаётгани ҳам бор гап.Тўйларда хонандалар томонидан кўрсатиладиган маданий хизмат билан боғлиқ сарф-харажатлардан мана-ман деган тўй эгасининг ҳам “бели чиқиб” кетади.Фонограмма орқали ижро этиладиган қўшиқлари билан 2-3 соат “хизмат” қилгани учун 1000-1500 долларни чўнтакка жойлаб кетадиган хонандалар фаолияти маҳаллий матбуотда, катта-кичик давраларда кўп бор муҳокама қилинган бўлсада, ҳали ҳам тўй харажатлари рўйхатида асосий ўринни эгалловчи бу “залворли юк” тўй соҳибининг гарданини босиб турибди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки мамлакатимизда хонандалар аҳолига маданий хизмат кўрсатишдан топадиган даромадлари бўйича солиқдан озод этилган.Давлатимиз томонидан шунчалик имтиёз берилаётган экан санъаткорларимиз ҳам хизмат нархини белгилашда сал элга қайишсалар ёмон бўлмасди.
Ахборот технологиялари ривожланиши билан дабдабали тўйлар тасвирлари туширилган дискларни кўпайтириб тарқатиш, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш каби одатлар пайдо бўлди.Унда тасвирланган бойлик ва ҳашаматни кўз-кўзловчи удумлар ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўсатмоқда.
-Яқинда номдор бир санъаткорнинг оиласидаги тўй шодиёнасидан ёзиб олиб сотувга чиқарилган диск қўлимга тушиб қолди,- дейди Урганч шаҳридаги 37-сон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳабибулла Ситметов. - Тўй даврасидаги дабдаба ва ҳашамат кишини лол қолдиради.Аслида тўй тантаналари кенг томошабинлар оммаси учун эмас, оила даврасида томоша қилиш учун тасвирга олинади.Ўзини, бойлигини кўз-кўз қилиш учун оилавий тадбирларни кенг омма эътиборига ҳавола этиш ўзбекона қадриятлармизга унчалик ҳам мос келмайди. Санъаткорларимиз тўйларини ихчам, маданиятли қилиб ўтказиб бошқаларга намуна бўлсалар жуда ажойиб иш бўларди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш