Байналминалчи маҳалласидаги йўл қачон таъмирланади?
Урганч шаҳридаги Байналминалчи маҳалласи аҳли Баркамол авлод кўчасини асфальт қилиш учун 2019 йилда қум-шағал келтирилгани, бироқ орадан уч йил вақт ўтсада таъмирлаш ишлари пайсалга солиб келинаётгани ҳақида мурожаат қилди. Ҳолатни ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, ҳақиқатдан ҳам йўлни таъмирлаш учун маҳалла ҳудудига етарли миқдорда тош келтириб тўкилган. Айни пайтда ушбу шағал уюмлари пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракатига ҳалақит бермоқда.
Урганч йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Расулбек Матризаевнинг таъкидлашича, корхона томонидан мазкур йўлни таъмирлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб 2021 йилда 1600 метр қисми асфальт қилинган. Бироқ молиялаштириш ўз вақтида амалга оширилмагач қолган 800 метр қисми таъмирланмасдан қолиб кетган.
Урганч шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Юсуфжон Султоновнинг билдиришича, йўлнинг қолган қисмини таъмирлаш ишларини якунлаш учун маблағ ажратиш масаласига “очиқ бюджет” тизими орқали ечим топиш мумкин. Бунинг учун мазкур лойиҳа фуқаролар томонидан таклиф сифатида тизимга киритилиши ва етарлича овоз тўплаши талаб этилади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш