Click to listen highlighted text!

“ЛАЗГИ” ҚАЛБЛАРГА ҚУВОНЧ, ШОДЛИК, ЗАВҚ БАҒИШЛАЙДИ

    

    Жорий йилнинг 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади.
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 сентябрда қабул қилган “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “Мамлакатимизнинг бой рақс санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган “Хоразм лазги рақси” ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан нафақат Ўзбекистонда балки чет давлатларда ҳам машҳурдир. ЮНЕСКО томонидан “Хоразм лазги рақси” инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганлиги ҳам унинг бетакрор санъат эканлигидан далолат беради”, дея алоҳида қайд этилади.

    Мазкур қарорда “Хоразм лазги рақси” санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, рақс санъати орқали халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш белгиланган.
     Айни кунларда жорий йилнинг 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида ўтказиладиган “Лазги” халқаро рақс фестивалига  ҳар томонлама қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. 
 
    Мазкур фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкил этилган вилоят  ишчи-гуруҳи таркиби тасдиқланиб, тадбирга тараддуд ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Хива шаҳрида ушбу нуфузли тадбирга пухта тайёргарлик жараёнлари қизғин  давом этаяпти. 
     
Мазкур фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкил этилган вилоят  ишчи-гуруҳи аъзоси сифатида  ҳозиргина Хива шаҳрида бўлиб, фестивалга тайёргарлик ишлари юксак даражада олиб борилаётганлигининг яққол гувоҳи бўлдим.  
     Фестивалнинг мусиқали театрлашган тадбирлари ўтказиладиган кенг саҳнада раққоса қизлар, йигитлар ранг-баранг мусиқа садолари остида фестивалга масъулият билан тайёргарлик кўришаяпти. 
 
    Ушбу тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гавҳар Матёқубова шогирдларига, ёш раққоса ва раққосларга ўзининг кўп йиллик фаолиятидан келиб чиққан тарзда маслаҳатлар, тавсиялар бермоқда. Ҳар бир рақс иқтидорли ёш раққосалар томонидан маҳорат билан ижро этилмоқда. Тайёргарлик жараёнида истеъдодли раққоса Дилноза Ортиқованинг ҳам фаол иштирок этаётганлигини ва ҳамкасблари билан ҳар бир рақсни маҳорат билан ижро қилаётганлигини кўриб, дилимиз янада яйради. Қадимий Хива осмони узра дилрабо куй-қўшиқлар, лапарлар, яллалар баравж пардаларда янграмоқда. 
    
Тайёргарлик давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг, вилоят ҳокимлиги ҳамда қатор бошқарма ва ташкилотларнинг масъул ходимлари ушбу тадбирни юксак даражада ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида белгиланган вазифаларни масъулият билан бажариш чора-тадбирларини кўришаяпти.
 
   Халқаро фестивалга юртимизнинг тажрибали режиссёрлари, бастакорлар, санъаткорлар, таниқли раққосалар, ижодкорлар, малакали мутахассислар кенг жалб этилган. 
 
   Ҳар куни фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юксак бадиий савияда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилишлари ўтказилиб, унда барча йўналишлар бўйича белгиланган тадбирлар режа асосида олиб борилаётганлиги қайд этилмоқда. 
     Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Саидов мусиқали фестивалнинг дастуридан дилларга янада завқ, кўтаринкилик бағишловчи қўшиқлар ва унга ҳамоҳанг рақслар ўрин олганлигини алоҳида қайд этади. 
     - Тадбирлар доирасида “Ичан-қалъа” мажмуаси ҳудудида рақс санъатига оид кўргазмалар, миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналаридан иборат ранг-баранг кўргазмалар ташкил этилади. Шунингдек, китоблар савдоси, ярмаркаси ҳам ўтказилади. – дейди  Ботиржон Саидов. 
      Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят  ишчи гуруҳи йиғилишида қатнашар эканман, мусиқали дастурлар бўлиб ўтадиган саҳнада тайёргарлик ишлари авжида эканлигининг  гувоҳи бўлдим.
      Ўзбекистон бадиий академияси бадиий ижодкорлар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раҳбари, таниқли рассом Машарип Мадаминов мазкур фестивалга бағишлаб жуда кўплаган мусаввирлар, ёш рассомлар қадимий ва навқирон Хива, унинг тарихий обидалари, гўзал табиатимиз, айниқса, рақс санъатининг жилолари ифода қилиниб турган тасвирий санъат асарларини тайёрлаганликларини мамнунлик билан таъкидлади. 
       Шунингдек, тадбир доирасида “Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳам  ўтказилиб, унда қатор хорижий мамлакатлардан рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонлар иштирок этадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дилбаржон Бекчанова билан биргаликда бугун  қадимий ва навқирон Хива шаҳрида бўлар эканмиз, 25-30 апрель кунлари ўтказиладиган фестиваль тадбирларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ва бу жараёнда журналистика жанрларидан янада самарали фойдаланиб, лавҳалар, репортажлар, таниқли санъаткорлар билан суҳбат-интервьюлар тайёрлашни режалаштирдик. 



       Хива шаҳрининг “Ичан-қалъа” мажмуасидан юриб борар эканмиз, ушбу қадимий, муқаддас шаҳарда истиқомат қилаётган элдошларимизнинг қувончи янада чексиз, кайфиятлари баланд эканлигининг гувоҳи бўлдик. Жумладан, таниқли ҳунарманд Матёқуб Матёқубов фестивалга бағишланган адрас, атлас матолардан чиройли қўғирчоқларни тайёрлаётганлигини кўрсатар экан, мен ҳам фурсатдан фойдаланиб, шу заҳоти, ҳозиргина қўли гул уста томонидан ниҳоясига етказилган қўғирчоқларни суратга олишга улгурдим.

(Суратда ҳунарманд М.Матёқубов).                                                    (Суратда ҳунарманд М.Матёқубов).

    Ҳа, Навбаҳорнинг ушбу фусункор, гўзал дамларида Хоразм вилояти яна бир нуфузли, қалбларга бир олам қувонч, шодлик бағишлайдиган санъат, ижод, нафосат, маҳорат байрамига юксак кўтаринкилик билан тайёргарлик кўрмоқда. 

    Биз эса ушбу фестивалда иштирок этиш тараддудини кўраётган барча иштирокчиларга, меҳмонларга қўлимизни кўксимизга қўйиб, “Хуш келибсиз, Хоразмга!”, деймиз. 


    Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА.
    Хива шаҳри, “Ичан-қалъа” мажмуаси, 22 апрель

Добавить комментарий

Оставить комментарий