Хоразм вилояти ҳокими Ф.У.Эрмановнинг Наврўз айёми муносабати билан БАЙРАМ ТАБРИГИ
Азиз элдошлар!
Юртимизга барчамиз орзиқиб кутган яшариш ва янгиланиш айёми - Наврўзи олам кириб келмоқда. Ушбу қутлуғ сана, шарқона янги йил билан сиз азизларни - нуроний отахон ва онахонларни, мунис ва меҳрибон опа-сингилларимизни, шижоатли ёшларни, бутун вилоятимиз аҳлини чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Қадрли дўстлар!
Халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган Наврўзи олам минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва эзгу умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда.
2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида нишонланмоқда.
Маълумки, Наврўз арафасида ҳар бир ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, ҳашар уюштириш анъана тусини олган. Бу йил ҳам вилоятимизнинг ҳар бир маҳалласида бундай хайрли ишлар кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтказилди. Мамлакатимизда жорий йилнинг 1 март санасидан бошланган ”Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида вилоятимиз аҳолиси фаол иштирок этмоқда.
Ўзаро меҳр оқибат, саҳоват ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда. Байрам муносабати билан кекса авлод вакиллари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга беғараз ёрдам кўрсатиляпти.
Бунёдкор халқимиз томонидан барпо этилган янги бино ва иншоотларни қутлуғ байрамлар арафасида фойдаланишга топшириш ҳам яхши анъанага айланган. Бу йил Наврўз арафасида вилоятимизда ўнлаб ижтимоий ва инфратузилма объектлари, кўп қаватли турар жойлар фойдаланишга топширилди.
Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган Янги Ўзбекистон ғояси билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир. Наврўзи оламнинг мазмун-моҳиятида инсонни улуғлаш, унинг қадри, иззат-ҳурматини жойига қўйиш каби эзгу фазилатлар мужассам. Бу борадаги ишларимиз 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да мазмун ва сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда.
Наврўз ўзининг буюк қудрати билан она табиатни уйғотса, мамлакатимиздаги улкан ислоҳотлар эса жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккури, беқиёс салоҳиятини уйғотмоқда.Бугун юртимизда амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар ва ўзгаришлар ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни, юртимиз обод, халқимиз турмуши фаровон бўлишига қаратилган.
Муҳтарам дўстлар!
Барчамизга маълум, Наврўз — янги кун, янги фасл демакдир. Баҳорда кун ва тун узунлигининг тенглашуви – янги деҳқончилик мавсуми бошланишидан дарак беради.Бободеҳқонларимиз бу айёмда янги йилнинг қут-баракали келишини, тўкин-сочинлик бўлишини сўраб дуога қўл очган. Барчамизнинг тилагимиз битта: йилимиз қутлуғ келсин, дарёларимизда сув сероб, ҳосилимиз мўл, халқимизнинг ризқу-насибаси баракали бўлсин!
Азиз юртдошлар!
Тўй-тантаналар, байрамлар тинч ва осойишта юртга ярашади. Бугун дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, нотинчликлар давом этаётган бир вазиятда, юртимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, хотиржамлик қадрини янада теранроқ ҳис этмоқдамиз.Кекса-ю ёш барча тинч ва фаровон турмушимизга шукрона айтиб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч билан қарамоқда.Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Шарқона Янги йилимиз ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахт- саодат, файзу барака олиб келсин!
Уйғониш ва яшариш байрами - Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!Бош саҳифага қайтиш