Расмий муносабат
Вилоятимиздаги шаҳар ва туман ҳокимликларининг расмий веб-сайтларидаги камчиликлар бўйича ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган таҳлилий-танқидий лавҳа вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ўрганиб чиқилди.
Мазкур ахборотда вилоят ҳокимлиги ва Урганч шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтлари талаб даражасида юритилаётгани, аммо бошқа шаҳар ва туман ҳокимликларининг веб-сайтларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган маълумотлар жойлаштирилмаганлиги ёки белгиланган муддатларда янгилаб борилмаганлиги қайд қилинган.
Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйичадавлат инспекцияси ҳудудий бўлинмаси масъул раҳбарлари билан ҳамкорликда ZOOM платформаси орқали йиғилиш ўтказилиб, шаҳар ва туман ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарларига қисқа муддатда камчиликларни бартараф этиш, расмий веб-сайтларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 июндаги 373-қарори талаблари асосида юритиш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан веб-сайтларга қўйилган талаблар ва жойлаштирилиши лозим бўлган ахборотлар тўғрисида тушунтириш берилиб, услубий ёрдам кўрсатилди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш