РАСМИЙ БАЁНОТ
Ижтимоий тармоқлардаги Хоразм вилоятида қурилиш объектлари бўйича тендерда вилоят ҳокими ўринбосарининг укаси раҳбарлик қилаётган қурилиш ташкилоти ғолиб бўлганлиги ҳақидаги танқидий мақолалар юзасидан
Хоразм вилояти прокуратураси томонидан 11.02.2021 йилда вилоят прокуратураси томонидан “Xorazm invest xolding” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “а, в” банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов давомида, “Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш” бўйича 20 млрд. сўмлик давлат буюртмаси юзасидан ўтказилган тендерда Хоразм вилояти ҳокимининг капитал қурилиш коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Қурбанов раислик қилганлиги ва тендер натижаси бўйича унинг укаси У.Қурбановга тегишли бўлган “Бунёдкор” МЧЖ ғолиб бўлганлиги ҳолати тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилган.
Аниқланишича, вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг бюртмаси асосида Қурилиш вазирлигининг “Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг Маркази” томонидан ўтказилган, бошланғич нархи
20.380,6 млн. сўм бўлган “Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш” объекти бўйича “Бунёдкор” МЧЖ, “Урганч қурилиш бетон” МЧЖ ва “Ирдимзон қурилиш” хусусий корхонаси томонидан оферталар тақдим қилинган ва 23.06.2020 йилдаги тендер ғолибини аниқлаш натижаларига кўра, “Бунёдкор” МЧЖ 20.180,6 млн. сўм таклиф қилган ҳолда 100 балл тўплаб, тендер ғолиби бўлган.
Шунингдек, ушбу тендер жараёнида комиссия раиси Б.Қурбанов хизмат сафарида бўлганлиги сабабли иштирок қилмаганлиги ҳамда “Бунёдкор” МЧЖ номидан жамият вакили Б.Саидов ишончнома асосида қатнашганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, тендер ҳужжатлари Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилиб, тендер қонуний ўтказилганлиги, тендер хужжатларини баҳолаш тўғри амалга оширилганлиги, шу сабабли тендер савдосини ноқонуний ўтказилган деб ҳисоблаш мумкин эмаслиги ҳақида хулоса тақдим қилинган.
Қайд қилинганларга кўра, “Бунёдкор” МЧЖнинг “Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш” бўйича ўтказилган тендер савдолари ғолиби бўлганлиги ҳолатида бирон-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли, жиноят ишининг вилоят ҳокими ўринбосари Б.Қурбонов ва “Бунёдкор” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан бўлган бир қисми Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган.
Шунингдек, тендер натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳамда “Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг Маркази”га тақдимномалар киритилган.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш