Hurmatli fuqarolar! Rasmiy veb-saytimizda texnik ishlar olib borilayotganligi munosabati bilan qisqa uzilishlar yuzaga kelishi mumkin. Keltirilgan noqulayliklar uchun uzr so‘raymiz.
Кўриш қобилияти ожизлар учун
Матн ҳажми
Сайт ранги
Тасвирлар

Унутмайди номингизни она Ватан!

  • Qog'ozga chop etish

     Янги ўқув йили бошланишининг илк кунида Боғот туманидаги 37-сон мактаб биноси олдида давлатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш чоғида мардларча ҳалок бўлган катта сержант Азамат Умаров хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўрнатилган ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этганлар юрт ҳимояси йўлида ўз жонини қурбон қилган Ватаннинг содиқ ва мард фарзанди ҳақидаги илиқ хотираларни яна бир бор эсга олдилар. Қуйида Азамат Умаровнинг ҳаёт йўллари ҳақида ҳикоя қиламиз.

        Ким юртига содиқ турса  мендирман ўша!



     Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги “Тозабозор” маҳалласи қўшни Туркманистон   давлати билан чегара ҳудудда жойлашган.Маҳалла адоғи асрий қумликларга туташиб кетади. Бундан йигирма йиллар муқаддам қишлоқ аҳли ҳар тонг бир манзарага гувоҳ бўлишарди.Истараси иссиқ, чайир гавдали, билакларидан куч ёғилиб турган йигит елкасига бир қоп юкни ортмоқлаб қумда бетўхтов югурар, соатлаб жисмоний машқлар бажарарди.Ўз олдига аниқ мақсад қўйиб олдинга интилаётган,орзулари бир олам бу йигит Азамат Умаров эди.

Содда,камсуқум қишлоқ йигитининг болаликдан юрагига жо бўлган улуғ бир нияти,орзуси бор эди: у ҳам бўлса Ватан ҳимоячиси бўлиб, эл-юртга садоқат билан хизмат қилиш.Балки чегара ҳудудида яшагани боис унинг қалбида чегарачи бўлиш орзуси куртак ёзгандир. Бу йўлда у тош келса кемириб, сув келса симириб олға интилишга, керак бўлса шу юрт учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр эди. Эгнига ҳарбий либос кийиб, Ватанга содиқлик қасамёдини қабул қилганда ундан бахтли инсон йўқ эди гўё.

 Азамат ҳам барчамиз қатори ҳаётни жуда севарди, тенгқурлари каби унинг ҳам орзу-умидлари кўп эди. Афсус бешафқат ўлим уни орамиздан жуда эрта олиб кетди.Ўшанда у қалби орзуларга лиммо-лим 24 яшар навқирон йигит эди...

        Онаизорнинг ушалмаган орзулари
  

Мана Азамат туғилиб вояга етган хонадон. Қўшни уйлардан фарқ қилмайдиган  ораста, супуриб-сидирилган оддий ҳовли.Азамат хизмат қилган ҳарбий қисм вакиллари ҳамроҳлигида остонага қадам қўямиз.Бизни кўриб отаси Раҳимберган ака ва онаси Жумабика опа истиқболимизга чиқди.Ҳол-аҳвол сўрашгач,у ёқ бу ёқдан гаплашиб ўтириб суҳбат мавзуи Азаматга келиб тақалади.

-Ўнта бўлса,ўрни бошқа деганларидек, оилада фарзандларнинг ҳар бири ота – она учун азиз,-дейди Раҳимберган ака.- Очиғи тўртта ўғлим ичида Азаматга меҳрим жуда бўлакча бўлиб, ундан умидим катта эди.Ёшлигидан меҳнатда тобланиб, жуда иродали ,чайир бола бўлиб ўсди. Кўп йиллар хўжаликда трактор ҳайдадим. Азамат доим ёнимда менга дастёр,қўл-қанот эди.Техникага жуда қизиқарди, ҳатто трактордаги айрим носозликларни мендан олдин дарров илғаб олар, таъмирлаш ишларини ҳам ўзи бажарарди.Ҳарбий бўлиш унинг болаликдаги орзуси эди. Муддатли ҳарбий хизматга кетганидан бироз вақт ўтиб, қасамёд қабул қилгани ҳақида фахр билан ёзганди. Хизматни тугатиб қайтгач бир муддат фермер хўжалигида ишлади.Қўли меҳнатда бўлсада,кўнгли ўзи севган, бутун вужуди билан интилган касб – ҳарбийликда эди. Шартнома бўйича хизматни давом эттиришга рухсат сўраганида, оқ фотиҳа бердим.Ўзи орзу қилган соҳада хизматни бошлагач орадан 9 ой ўтиб ўша машъум ҳодиса содир бўлди. Кўнгил ярасини вақт даволайди дейдилар. Балки тўғридир. Аммо фарзанд доғини ювишга вақт ҳам ожизлик қилар экан. Менга фақат бир нарса таскин беради: ўғлим юртнинг, элнинг берган нон-тузини оқлади, қисқа умр кўрган бўлсада мазмунли ҳаёти билан ўзидан яхши ном қолдириб кетди...


- Ўғлимнинг тўйига деб ният қилиб сарполар йиғиб, тараддуд кўриб юргандим,-дея кўзларидан дув-дув ёш тўкилиб,  аста сўз бошлайди Жумабика опа.Танлаганинг бўлса айт, совчиликка бориб “бошини боғлаб” қўяйлик деб қийин-қистовга олардим. Онажон сал шошманг, ўзим айтаман, бир-иккита режалаган ишларим бор, деб пайсалга соларди.Болагинамнинг пешонасига куёв тўнларини кийиб гўшангага кириш бахти ёзилмаган экан.Балки ортидан бир зурриёд қолганида шу билан сал овуниб, лахча чўғ бўлиб ёнган юрагим салгина таскин топармиди? Отам, онам деб йиғлаш мерос, бу ҳамманинг бошида бор савдо, аммо ҳеч бир она болам деб йиғламасин  экан. Байрамларда ўғлим хизмат қилган ҳарбий қисм раҳбарияти, сафдош дўстлари, синфдошлари йўқлаб келишади. Уларни кўрганда Азаматжонни кўргандай бўламан, бағримга босиб дуо қиламан. Болагинамнинг дўстлари ҳам менга ўз фарзандимдай азиз бўлиб қолган.



     Жумабика опа ўғлининг мактаб давридаги, ҳарбий хизматда тушган фотосуратлари, кундалик дафтарлари, аъло ўқиши ва спортда эришган ютуқлари учун берилган Фахрий Ёрлиқларни авайлаб асрайди. Ҳар бир буюмда жигарбандининг нафасини сезади. Онахоннинг қўлидаги альбомдаги суратларга разм соламиз. Ҳарбий либосдаги келишган,кўркам, юз-кўзидан ҳаётга муҳаббат балқиб турган йигит сиймоси жасорат ва мардлик тимсоли бўлиб туюлаверади.




        Хотира уйғонса гўзалдир...

Катта сержант Азамат Умаров Боғот туманидаги 37-сон мактабда таҳсил олган.Бугун ушбу таълим масканида унинг хотирасига бағишлаб бурчак ташкил қилинган. Устозлар ўқувчиларга ушбу мактабнинг собиқ битирувчиси Азамат Умаровнинг Ватан осойишталиги йўлидаги жасорати ҳақида сўзлаб берадилар,худди унингдек юртни севишга, тинчлигимизни кўз қорачиғидек асрашга даъват этадилар.

Азамат ўқиган синф хонасига кирамиз. Хонада унинг устозлари, синфдошлари жам бўлишган.

-Азаматнинг биринчи синфга ўқишга келган кунлари ҳамон эсимда,-дейди мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Озода Болтаева.- Ҳарфларни   тез ўзлаштирар, билим олишга жуда чанқоқ эди. Яна бир хислати ҳамиша озода юрарди. Ҳуснихати ҳам чиройли эди. Мактабни битказиб кетгандан кейин ҳам байрамларда келиб  ҳамма ўқитувчиларини табриклаб кетарди.


- Раҳматли дўстимиз Азамат жуда бошқача йигит эди,-дея суҳбатга қўшилди синфдоши Хайрулла Хўжаниёзов.-Боя ўқитувчимиз уни доим озода кийиниб юрарди деб айтдилар.Ҳақиқатдан ҳам Азамат мактабга доим кўйлак шими дазмолланган, туфлиси артилган, сочлари калта қилиб таралган ҳолда келарди. Муҳими кийимларини дазмоллашни ойисига буюрмас, ўзи бажарарди.Жамоат ишларида жуда фаол, синфдошлардан ёрдамини аямасди. Уларнинг ҳовлиси мактабимиз рўпарасида жойлашган бўлиб, танаффус пайти ҳамма синфдошлар шу ерда чопардик.Отаси Раҳимберган ака жуда очиқкўнгил, бағрикенг одам бўлиб топганини олдимизга дастурхонга қўярди. Эртами кечми бу ҳовлига худди ўз уйимиздай бемалол кириб бориб ўртоқларимиз билан тамадди қилиб кетаверардик. Мактабни тугатгач ҳаммамиз мустақил ҳаёт йўлимизни танладик.Азамат болалик орзусидагидек ҳарбий бўлди.  Қисқа умр кечирган бўлсада, мактабимиз, қишлоғимиз обрўсини кўкларга кўтариб кетди. Ҳайит айёмларида синфдошлар йиғилишиб қабрини зиёрат қиламиз, ота-онасидан хабар олиб турамиз.

  - Мен Азамат билан бирга хизмат қилганман,-дейди ўша даврларни хотирлаб сафдош дўсти, майор Муҳаммад Бекчонов.- У ўта одамийлиги, камтарлиги, топширилган вазифага жуда масъулият билан ёндошиши, ҳар қандай вазиятда дўстларидан ўз ёрдамини аямаслиги билан жамоамизда жуда ҳурмат қозонган эди. Азамат муддатли ҳарбий хизматни радиотелеграфчилар бўлинмаси командири вазифасида ўтаган, соҳасининг сир-асрорларини жуда яхши биладиган тажрибали мутахассис эди.Спорт билан шуғулланиш  энг севимли машғулоти бўлиб, бўш вақтида уни фақат спорт майдончасидан топиш мумкин эди. Ҳарбий қисмлар ўртасидаги қўл жанги мусобақаларида қатнашиб жамоамизнинг ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишига йўл очиб берганди. 2002 йилда жанубий сарҳадларимизда бир гуруҳ жангариларга қарши курашда жонбозлик кўрсатиб, мардларча ҳалок бўлди. Севган қизининг суратини доим чўнтагида олиб юрар, уйга қайтгач полвонларни таклиф қилиб катта тўй қиламиз, кураш тушишга тайёрланиб юр дўстим, деб ширин энтикиб қўярди. Афсус унинг мусаффо орзулари армонга айланди. Азамат чин дўст, содиқ сафдош, юксак инсоний фазилатлар соҳиби эди.



         От ўрнини той босар...

Азамат муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач укалари Шодлик ва Отажон билан жисмоний машғулотлар ўтказиб, уларни ҳам Ватан ҳимоячиси бўлишга тайёрлай бошлади.Бизнинг оиламиз ҳарбийлар оиласи бўлади, дея бот –бот такрорларди. Азамат қисқа муддат ичида нафақат оилада, ўз туғишган укалари, балки қишлоқдаги кўплаб йигитлар қалбида ҳарбийликка иштиёқ уйғотиб, ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини сингдира билди.Азаматнинг бевақт ўлими ҳам укалари Шодлик ва Отажонни танлаган йўлидан, азму қароридан қайтара олмади.Гулдай  фарзандини қаро ер бағрига топширган муштипар она, жигарбанди доғидан юраги қон ота кейинги фарзандларини ҳам ҳарбий либос кийиб Ватан ҳимояси учун бел боғлашига изн беришди. Кўз қароғида асраган, жондан азиз фарзандидан ажралган ота-она учун бундай танловга рози бўлиш осон кечмагандир.Аслида Ватанни севиш, юртга садоқат, мардлик ва матонатнинг энг олий намунаси шу эмасми?  Бугун Шодлик ва  Отажон  ҳарбийлик касбини эгаллаб марҳум акаси бошлаган шарафли йўлдан дадил одимлаб боришмоқда.

- Азаматжондан олдин маҳалламиздан ҳарбийлик касбини тутган бирорта йигит йўқ эди,- дейди “Тозабозор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом Яхшимуродов.-Эндиликда қишлоғимизда ҳаёт йўлини ҳарбий соҳа билан боғлаётган ёшлар сафи кенгаймоқда.Маҳалламизнинг ўзидан 10 нафар йигит мамлакатимизнинг турли минтақаларида шартнома асосида хизмат бурчини ўтамоқда.Уларнинг барчаси Азаматжонга эргашиб,унинг ҳаёт йўлидан ибрат олиб шу касбни танлашган. Илоҳим уларга Азаматнинг мардлиги, матонати, обрў-эътиборини берсин-у, тақдирлари ўхшамасин.

      Хотира абадий. Ўтганлар ёди мангу.Юрт тинчлиги ва осойишталиги  йўлида ўз жонидан кечган, ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб халқимиз эрки ва озодлиги йўлида курашиб, душманга кўксини қалқон қилган мард ўғлонлар хотираси қалбимизда мангу барҳаёт! Уларнинг кўрсатган жасоратлари ёш авлод учун ибрат мактабидир. Буюк аждодимиз Жалолиддин Мангубердига ҳақли равишда муносиб ворис бўлган бундай мардлар номи абадиятга дахлдордир. Зеро шоир айтганидек:

Ватан учун шаҳид кетган жигарларим,

Ор-номусни баланд тутган жигарларим,

Абадият сари кетган жигарларим,

Унутмайди номингизни она Ватан!


Одилбек  Адамбаев,

Хоразм вилояти ҳокими матбуот котиби – 

ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси




Бош саҳифага қайтиш
Izoh qoldirish


ad

Raximov Jo'rabek Raximovich

Xorazm viloyati hokimi

Viloyatimizda aholiga tibbiy xizmat ko‘rsatish darajasi qanday?


A’lo - 503 (29%)
29
Yaxshi - 832 (48%)
48%
Qoniqarli - 295 (17%)
17%
Qoniqarsiz - 104 (6%)
6%
Jami ovozlar: 1,734 ta

Ovoz berish muddati tugagan!

Veb-sayt faoliyatini baholang?


A’lo - 1,674 (82%)
82
Yaxshi - 285 (14%)
14%
Qoniqarli - 82 (4%)
4%
Qoniqarsiz - 0 (0%)
0%
Jami ovozlar: 2,041 ta

Ovoz berish muddati tugagan!
«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 

Fotogalereya