Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма олган хоразмлик спортчиларнинг ота-оналари ва мураббийлари тақдирланди
Вилоят ҳокимлигида Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинларида қатнашадиган бир гуруҳ спортчиларнинг ота-оналари ва мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Фарход Эрманов ўта кучли рақобат остида ўтган мусобақаларда ўзларининг маҳорат ва тажрибаларини намоён этиб олимпиада йўлланмасини қўлга киритган спортчиларга, уларнинг мураббийлари ҳамда ота-оналарига миннатдорчилик билдирди. Спортчиларнинг Япония мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтаришига ишонч билдирди.
Токио Олимпиадаси ўйинларига йўлланма олган дзюдочилар Гулноза Матниёзова, Фарангиз Ҳажиева, боксчи Дилшодбек Рўзметов, велоспортчи Муроджон Холмуродов, эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев, парадзюдочилар Севинч Салаева, Учқун Қуранбаев, Нафиса Шарипбаева, пауэрлифтинг бўйича Рўза Қўзиеванинг ота-оналари ва мураббийларига вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.
Тадбирда ота-оналар ва мураббийлар кўрсатилган эътибор учун миннатдорчилик билдириб, вилоятимиз спортчилари Токио Олимпиадасида Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилиш, халқимизнинг, Президентимизнинг ишончини оқлаш учун бор куч ва маҳоратларини ишга солишларини таъкидладилар.
Маълумот учун, Токио Олимпиадаси 23 июлдан 8 августгача бўлиб ўтади, унда Ўзбекистондан жами 62 нафар спортчи иштирок этади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш