ВИДЕОКЛИПЛАРНИ КИМЛАР ТАЙЁРЛАМОҚДА?
Бугунги кунда айрим хусусий телеканаллар эфирида, ижтимоий тармоқларда кишининг дилини ранжитадиган, миллий маънавиятимизга, қадриятларимизга ёт, мазмунан саёз видеоклиплар кўзга ташланиб қолади.
Масалан, ёш хонандалардан бири ижро этаётган “Jentra” номли қўшиқ матнида шундай сўзларни эшитиш мумкин : “Jentra” нинг порларидек гўзларинг чарақ-чарақ, ҳалам гўззингда ўқ йўқ, отчоқсан мани поқ-поқ. Боно, ўтасан, тўқ-тўқ, боно ўтасан тўқ-тўқ, кимни назара олдинг, усулларинга гап йўқ...” дея, «хонанда» ушбу сўзларни “қўшиқ”нинг бошдан охиpигача такрорлайди. Бу видеоклипда 3 нафар қизнинг миллий одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган қилиқларидан томошабинлар анча ранжишмоқда...
Ёки яна бир ёш хонанда қиз , бошқани топа қўй армака, алдаб, ўйнаб юрмака, дея, ушбу сўзларни беш-олти марта такрорлайди. Мана шундай, киши дилини хижил қиладиган яна кўплаб «қўшиқлар» телеэкранлар орқали эфирга берилаяпти, ижтимоий тармоқларга жойлаштириляпти.
Санъат бўстонига кириб келаётган ёшлар ҳар бир қўшиқни ижро қилишдан олдин, шеърнинг матнига, яъни маъно-мазмунига эътибор қаратиши муҳим. Гоҳида айрим ёш хонандаларнинг ўзлари «шеър» ёзиб, куй басталаб, ижро этадиган бўлиб қолишган.
Кейинги пайтда айрим видеоклипларда уч-тўрт нафар “қизиқчи йигитлар” ҳадеб, тасвирга тушиб, меъёридан ортиқча беўхшов қилиқлари, “ҳазиллари”, “сўзлари” билан кишини ғашига тегиб, зада қилиб юборишмоқда. Бу ҳақда элдошларимиз ҳам ўзларининг эътирозларини тез-тез билдиришяпти.
Маълумки, Комилжон Отаниёзов, Қувондик Искандаров, Ботир Зокиров, Рўзмат Жуманиёзов, Отажон Худойшукуров, Олмахон Хаитова, Ортиқ Отажонов ва бошқа кўплаб ҳофизлар, санъаткорлар ижодига бағишланган мусиқали фильмларни ҳамон бугун ҳам ҳаммамиз севиб томоша қиламиз. Уларнинг ижро қилган қўшиқларини мароқ билан тинглаймиз.
Бугунги кунда ҳам санъаткорларимиз ҳақида видеоклипларни тайёрлаётганлар ўз ишларига масъулият билан муносабатда бўлишлари керак. Чунки клипмейкерлар томонидан тайёрланадиган видеоклиплар ойнаи жаҳон, интернет орқали ҳар бир хонадонга, оилага кириб боради. Оила даврасида эса ёшу-кекса ўша тайёрланган мусиқали видеоклипларни мароқ билан кўриб, қўшиқларни ҳузур қилиб эшитсинлар. Видеоклипларни тайёрлаётган ижодкорларнинг ижодий ишларига раҳматлар айтсинлар.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш