Вилоят ҳокими Фарход Эрманов Хитойнинг “XCMG” корпорацияси бош менежери Хансон Лиуни қабул қилди
Бугун вилоят ҳокими Фарход Эрманов Хитойнинг “XCMG” корпорацияси бош менежери Хансон Лиуни қабул қилди. Маълумки, мазкур корпорация экскаваторлар ишлаб чиқариш бўйича Хитойда биринчи, дунёда учинчи ўринда туради.
2014 йилда Урганч шаҳрида “UzXCMG” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси фаолият бошлаган бўлиб, ҳозирги кунда бу ерда 13 турдаги экскаваторлар, 10 турдаги қурилиш ва автомобиль йўлларини таъмирловчи техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Илгари мамлакатимизда қурилиш ва сув хўжалиги тизимлари учун ўта зарур бўлган бундай техника воситалари Хитойдан валюта эвазига келтирилар, эҳтиёт қисмлар таъминоти ва сервис хизмати кўрсатишда муайян қийинчиликлар мавжуд эди. Қўшма корхонанинг ишга туширилиши бундай муаммоларга ечим топиш баробарида, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида самарали амалга ошириш имконини берди.
Қўшма корхонада шу кунгача 50 дан ортиқ турдаги махсус техника, жумладан, занжирли ва ғилдиракли экскаваторлар, бульдозерлар,
асфальт зичловчи катоклар, юк ортгичлар, автогрейдер, йўл фрезаси ишлаб чиқарилди. Барча техникалар халқаро стандартларга жавоб беради.
Қўшма корхона фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ўтган йил Хитойнинг “XCMG” корпорацияси томонидан қиймати 5,5 миллион долларлик йиғув линияси ва ускуналар олиб келинди. Натижада корхонада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси ошиб, техника воситаларининг таннархи пасайишига, рақобатбардошлигини таъминлаш, қўшимча иш ўринлари яратиш, импортни камайтириш орқали валюта ресурсларини тежашга имкон берди.
Мулоқот чоғида вилоят ҳокими Фарход Эрманов Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу корхона маҳсулотларига нафақат ички бозорда,балки қўшни мамлакатларда ҳам талаб катта эканлигини таъкидлаб, ишлаб чиқариш ҳажмини ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича таклифларини билдирди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш