“E-QAROR” ЭЛЕКТРОН ТИЗИМИ ҚАНДАЙ ҚУЛАЙЛИКЛАРГА ЭГА?
Мамлакатимизда қонунийлик ва қонун устуворлиги таъминлаш, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида қонунчиликнинг ошкоралиги, халқчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелда “Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўгрисида”ги 218-сонли қарори билан ҳокимлар қарорларини қабул қилиш жараёнини бутунлай электрон шаклда амалга оширилишини назарда тутувчи “E-qaror” электрон тизимини ишга тушириш белгиланди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда “E-qaror” электрон тизимини йўлга қўйиш бўйича штаб ташкил қилиниб, тизимни барча шаҳар ва туманларда жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бугун вилоят Маънавият ва маърифат маркази мажлислар залида UZINFOCOM Ягона интегратор МЧЖ масъул ходимлари томонидан тегишли ташкилот ходимлари учун семинар ташкил қилиниб, “E-qaror” электрон тизимидан фойдаланиш ва тизимнинг афзалликлари амалда кўрсатиб берилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг электрон тизим орқали амалга оширилиши, меҳнат унумдорлигини ҳамда фуқароларнинг жамоатчилик назоратидаги ўрни ва ролини оширишга хизмат қилади. Яъни қарорларни келишиш, уларни рўйхатга олиш, рақамлаш барчаси электрон тарзда амалга оширилади. Шунингдек, ҳокимларнинг “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилинадиган қарорлари автоматик равишда мазкур ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида ва Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ахборот тизими – «LexUZ»да эълон қилиб борилади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш