Аҳоли саломатлиги-бош мақсад
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Хонқа туманидаги Ал-Хоразмий оилавий шифокорлик пунктида намунали тиббий кўрик ҳамда бирламчи тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга қаратилган семинар ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида шу йил 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектр йиғилишида давлатимиз раҳбари соҳадаги вазифаларни бешта йўналишда кўрсатиб ўтган эди.
Улардан биринчиси, бирламчи тибибёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган таянч пунктига айлантиришдир. Бугунги кунда Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ушбу вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Видеоселектордан кейин ўтган 20 кун давомида вилоятнинг Хива, Шовот, Қўшкўпир, Янгиариқ туманларида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил қилиниб, уларга 2000 дан зиёд аҳоли жалб қилинди. Аҳамиятли жиҳати, тиббий кўриклар давомида сурункали оғир хасталиги ва ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг хонадонларига ташриф буюриб, тиббий кўриклар хонадоннинг ўзида ўтказилмоқда.
Куни кеча Хонқа туман тиббиёт бирлашмаси Ал Хоразмий оилавий шифокорлик пунктида ташкил қилинган чуқурлаштирилган тиббий кўрикка вилоят ихтисослаштирилган марказлар мутасадди ва шифокорлари билан бир қаторда барча шаҳар-туман тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, шаҳар-туман кўп тармоқли марказий поликлиникалар бош шифокорлари жалб қилинди. Тиббий кўриклардан сўнг Ал Хоразмий оилавий шифокорлик пункти мисолида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кўриладиган чора-тадбирлар, олдда турган долзарб вазифалар таҳлил қилинди.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, Ал Хоразмий оилавий шифокорлик пункти томонидан Томодургадик қишлоғидаги “Наврўз” ва “Олчин” маҳаллалари ҳамда Амударё қишлоғи “Таянч” ва “Мош тўғай” маҳаллаларида яшовчи 11160 нафар фуқароларга бирламчи тиббий хизмат амалга ошириб келинмоқда.
Оилавий шифокорлик пункти биносида 2019 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 662 млн сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Ташкил қилинган антропометрия ва тиббий хатлов жараёнида, жумладан “Таянч” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг 2749 нафари хатловдан ўтказилиб, 1542 нафари 1-таянч гуруҳ, 859 нафари 2-паст хавф гуруҳ, 290 нафари 3-ўрта хавф гуруҳ ва 58 нафари 4-юқори хавф гуруҳга мансублиги аниқланган. “Мош тўғай” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг эса 2815 нафари хатловдан ўтказилиб, 1705 нафари 1-таянч гуруҳ, 574 нафари 2-паст хавф гуруҳ, 446 нафари 3-ўрта хавф гуруҳ ва 52 нафари 4-юқори хавф гуруҳга мансублиги аниқланган.
Йилнинг ўтган даврида ушбу маҳалалардаги 3 ва 4-гуруҳга мансуб 900 га яқин фуқаролар саломатлиги туман ва вилоят мутахассислари томонидан яна бир бор кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштириш чоралари кўрилган. Хусусан, 10 га яқин фуқароларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилган, амбулатор ва стационар даво муолажалари қўлланилган.
Тиббий кўрикка жалб қилинган юртдошларимиз ушбу эътибор ва ғамхўрликдан миннатдор эканликларини, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида саломатликлари тобор мустаҳкамланаётганликларини таъкидлаб ўтдилар.
14 яшар Бону Очилованинг онаси ўз туйғуларини кўзда ёш билан ўртоқлашди.
-Тўртинчи қизим туғма юрак нуқсони билан туғилди. Шифокорлар жарроҳлик амлиёти ўтказишни тавсия қилишганди. Аммо, шу пайтга қадар иқтисодий имкониятимиз чекланганлиги туфайли ортга суриб келаётгандик. Яқинда туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари бизни республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тибиёт маркази вилоят филиалига олиб борди. Қизимни бепул операция қиладиган бўлишди,-дейди аёл.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, тиббий кўрик давомида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали ва бошқа бир қатор вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарлари ҳудудда амалга оширилган чора-тадбирлар хусусида кўргазмали ахборот бердилар.
Тиббий кўрик жараёнлари билан танишган Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадилардан тегишли жавоблар олдилар ва вилоятда бирламчи тиббий хизмат сифатини ошириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо бердилар.
Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Салаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Иноят Ҳажиев бирламчи тибий хизмат сифатини янада яхшилаш юзасидан тиббиёт ходимлари олдида турган долзарб вазифалар юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар бердилар. Вилоятнинг барча бирламчи тиббиёт муассасаларида ихтисослаштирилган марказлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бунда хонадонбай, маҳаллабай асосда ишларни ташкил қилишнинг аҳамияти катта бўлаётганлиги эътироф қилинди.
Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати
Бош саҳифага қайтиш