Click to listen highlighted text!

Жаранглайди сўнгги қўнғироқ!

Жаранглайди  сўнгги қўнғироқ!

25 май умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун ҳаяжонли ва унутилмас кун саналади. Чунки шу санада мамлакатимизнинг барча таълим масканларида тантанали равишда “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ўтказилади. 

Бу йил вилоятимизда 25 минг 176 нафар ўқувчи ёшлар мактаб таълимини битказиб, етуклик шаҳодатномасини оладилар. Уларнинг аксарияти олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ниятидалар. 2019 йилда вилоятимизда мактаб битирувчиларининг 12 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич  20 фоиздан ошди. Бу йил мактаб битирувчиларининг камида 30 фоизини олий таълимда таҳсилни давом эттиришлари учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Яна бир қувонарли жиҳати, мактаб битирувчиларидан 291 нафари хорижий тилларни билиш даражаси бўйича халқаро сертификатни қўлга киритиб, олий таълим даргоҳларига ўқишга киришда имтиёзга эга бўлдилар.


Жорий ўқув йили якунланиши муносабати  билан Урганч шаҳридаги 16-сон умумтаълим мактабида ҳам тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Фарход Эрманов қатнашиб, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Жорий ўқув йилида вилоятимизда  халқ таълими соҳасида  эришилган  ютуқларга тўхталиб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган йигит-қизларга келгуси ўқиш ва ишларида омад тилади.



Шу ўринда таъкидлаш жоиз, мазкур мактабнинг 1968 йилда қурилган биноси ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан  330 ўринли қўшимча бино қуриш ва эски ўқув биносини мукаммал таъмирлаш  учун 5 миллиард 300 миллион  сўм маблағ ажаратилди. Қисқа муддатда қурилиш ишлари якунланиб, ўқувчиларнинг  пухта билим олишлари учун барча шароитлар яратилди.Тадбирда сўзга чиққанлар бундай эътибор ва ғамхўрлик  учун самимий миннатдорчилик билдирдилар.


Ўтган  ўқув йилида мактабни тамомлаган  117 нафар битирувчилардан  34 нафари,  яъни қарийб 30 фоизи олий ўқув юртларга ўқишга қабул қилинган эди. Мактаб педагогика жамоаси бу йил 124 нафар битирувчиларнинг  50 фоизи олий ўқув юртлари талабаси бўлишига ишонч билдиришяпти. 


Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда куй-қўшиқлардан иборат байрам дастури намойиш қилинди.Ўқув йилида юқори натижаларга эришган ўқувчилар ҳамда устоз-мураббийлар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Мактаб узра жаранглаган сўнгги қўнғироқ садолари ўғил-қизларни янги мақсадлар ва юксак орзулар сари дадил қадам ташлашга ундади!

Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Добавить комментарий

Оставить комментарий