“UzAuto Motors” АЖнинг Хоразм филиалида пресслаш мажмуаси ишга туширилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2018 йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига асосан, “UzAuto Motors” АЖнинг Хоразм филиалида “Дамас” ва “Лабо” автомобиллари учун штампланган деталларни ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди.
Бугун филиалда пресслаш мажмуасининг ишга туширилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.Тадбирга кенг жамоатчилик вакиллари, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан меҳнат фахрийлари таклиф этилди. Вилоят ҳокими Ф.Эрманов, ”Ўзавтосаноат” компанияси бошқаруви раиси Ш.Умурзаков янги мажмуа иш бошлаши муносабати билан йиғилганларни муборакбод этди. Рамзий тугма босилиб, мажмуадаги дастгоҳлар ишга туширилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 48 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб , шу жумладан жиҳоз ва ускуналар 34,4 миллион АҚШ доллари, қурилиш монтаж ишлари 13,1 миллион АҚШ доллари ва бошқа харажатлар 0,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
Янги қурилган пресслаш мажмуаси жами 10 минг 368 квадрат метр майдонга жойлашган бўлиб пресслаш, пайвандлаш ва техник хизмат кўрсатиш цехларини ўз ичига олади. Жиҳоз ва ускуналар асосан Германия, Австрия, Туркия, Жанубий Корея ва Хитойда ишлаб чиқарилган. Пресслаш цехида 250 тоннадан 1200 тоннагача бўлган жами 30 дона штамплаш дастгоҳлари, пайвандлаш цехида портатив, юқори қувватли, карбонат ангидрид газида пайвандлайдиган жами 167 та пайвандлаш қурилмаси ўрнатилди.
Лойиҳани амалга ошириш ҳисобига “Дамас” ва “Лабо” автомобилларининг импорт бўлиб келаётган 266 хил турдаги штампланган бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, натижада ҳар йили қўшимча 40 миллион АҚШ долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бюджетга қўшимча 12 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тушумлари келиб тушишига, 210 та янги иш ўринлари яратилишига эришилади.
Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида 140 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларидан 30 нафари ишга қабул қилинди. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиқганда яна “Темир дафтар”,”Ёшлар дафтари”га кирган 70 нафар ишсиз фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш