Хоразм вилояти ҳокими Ф.У.Эрмановнинг байрам табриги
Хоразм вилояти ҳокими Ф. У. Эрмановнинг
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан
байрам табриги
Ассалому алайкум, муҳтарам юртдошлар!
Азиз нуроний отахон ва онахонлар!
Аввало барчангизни ва албатта Ватан озодлиги, юртимиз тинчлиги учун Иккинчи Жаҳон урушида иштирок этган, урушдан кейинги меҳнат фронтида фидойилик кўрсатган табаррук нуронийларимизни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги билан вилоятимиз фаоллари ҳамда кенг жамоатчилиги номидан самимий қутлайман.
Юртимизда Иккинчи жаҳон уруши талофатларидан жабр кўрмаган, қирғинбарот жангларда яқинларидан айрилмаган биронта хонадон, оилани топиш қийин. Шу пайтгача Ўзбекистондан урушга 1,5 миллион киши сафарбар қилинган, деб ҳисобланарди, бироқ кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббусига асосан олиб борилган тадқиқотлар натижасида ўша пайтда 6,5 миллион аҳоли яшаган юртимиздан 2 миллиондан ортиқ киши жангларда иштирок этгани аниқланди.
Уруш йилларида Хоразмдан 67 минг 300 нафар мард йигитлар елкама-елка туриб жанг қилган бўлса, шулардан 28 минг нафардан ортиғи юртимизга эсон-омон қайтиб келишган. Ҳозирда вилоятда 17 нафар уруш қатнашчиси ва 870 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари эл-юрт ардоғида истиқомат қилишмоқда. Бир асрлик тарихнинг жонли гувоҳи бўлган бу табаррук нуронийлар давлатимизнинг доимий эътибори ва эъзозида.
Барча жойларда бўлганидек, вилоятимизда ҳам муҳтарам Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги Фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори асосида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда уруш қатнашчилари хонадонларида бўлиб, уларга муҳтарам Президентимизнинг табригини ўқиб эшиттириб, 12 миллион сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширдик.
9 май — Хотира ва қадрлаш куни олдидан уруш қатнашчилари билан бир қаторда фронт орти меҳнат фахрийлари, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган 17 нафар ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилалари ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари топширилди.
Байрам арафасида меҳнат фахрийлари билан аҳоли кенг қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида аждодларимизнинг матонати, жасорати, мардлиги хусусида маънавий-маърифий тадбирлар ва ватанпарварлик мавзусида учрашувлар ташкил этилди. Вилоят марказида уруш давридаги ҳарбий техникалар паради ўтказилиб, ўша давр руҳини акс эттирувчи куй- қўшиқлар, композициялар яратилди.
Ушбу сана олдидан барча шаҳар ва туманларда «Хотира» майдонлари, қатор муқаддас қадамжолар, аждодларимиз ҳоки ётган зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда уларнинг атрофлари тартибга келтирилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Муборак Рамазон ойида бундай хайрли ва савоб ишларга бутун халқимиз бош қўшдилар.
Ота-боболаримизнинг сўнмас жасоратини авлодларга етказиш, тарихий хотирани сақлаш мақсадида кенг жамоатчилик кўмагида мактабларда тарихий-этнографик музей ва бурчаклар ташкил қилишни мақсад қилиб қўйдик.
Айни дамларда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар вилоятимизнинг барча жойларида алоҳида кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.
Азиз нуроний отахонлар ва онахонларимизга сафимизда эсон-омон, бардам бўлиб, барчамизга маънавий мадад бериб, ибрат бўлаётгани учун узоқ умр тилаб, ҳурмат бажо келтириш барчамизга катта мамнуният бағишлайди.
Сизлар каби пиру бадавлат инсонларнинг борлиги учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Чунки Сиз мамлакатимизнинг яқин тарихида инсонлар хотирасида ўчмас из қолдирган Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимизнинг оғир кунларига яраган, мамлакатимизни бугунгидай чароғон дамларга етказишга жонини тиккан табаррук инсонларсиз.
Бугунги қутлуғ айёмда ота-боболаримизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб, Ватан ҳимояси йўлида ўзини аямасдан, фидокорона хизмат қилаётган мард ва жасур аскарларимизга, офицер ва Ватанимиз посбонларига самимий миннатдорчилик изҳор этаман!
Уруш қатнашчиларини, муҳтарам фахрийларимизни, ҳамюртларимизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор муборакбод этаман. Барчангизга тинчлик-омонлик, бахт-саодат ҳамиша ҳамроҳ бўлсин!
Фарход Эрманов,
Хоразм вилояти ҳокими
Бош саҳифага қайтиш