Таъзия
Хоразм вилояти ҳокимлиги ва жамоатчилиги йирик давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Собирович Қосимовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Р.С.Қосимов кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида мамлакатимиз илм-фани, таълим-тарбия соҳасини замон талаблари асосида ривожлантириш, юксак малакали кадрлар тайёрлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, диний-маънавий қадриятларни тиклаш ишига муносиб ҳисса қўшди. Ўзининг улкан раҳбарлик салоҳияти, бой билим ва тажрибаси, маънавий фазилатлари, Ватанимизга беқиёс муҳаббати ва садоқати билан ҳақли равишда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган улуғ инсон эди.
Р.С.Қосимовнинг Хоразм вилоятида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларни жадаллаштириш, йирик маънавий- маърифий тадбирларни юқори даражада ташкил этиш, ҳудуднинг илмий салоҳиятини юксалтириш борасидаги самарали хизматларини вилоятимиз аҳли жуда яхши билади ва юксак қадрлайди.
Халқимизнинг ардоқли фарзанди, таниқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва камтарин инсон Рустам Собирович Қосимовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги
Бош саҳифага қайтиш