Уруш қатнашчиларига эҳтиром кўрсатилмоқда
Хоразм вилоятида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш фахрийларига йўллаган табрикномаси, пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилмоқда.
Вилоят ҳокими Ф.Эрманов вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Янгибозор тумани ҳокимлиги, ўқувчи ёшлар вакиллари ҳамда ҳарбий оркестр ҳамроҳлигида Қаландардўрман қишлоғида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдулла Аҳмедов хонадонида бўлиб, отахонга давлатимиз раҳбарининг табрикномаси, 12 миллион сўм пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди.
Абдулла бобо бу йил 96 баҳорни қарши олди. Урушдан қайтгач 1966 йилгача қишлоқ хўжалиги соҳасида, кейин Янгибозор қурилиш монтаж бошқармасида механик вазифасида ишлади. Нафақага чиққач невара-чеваралари, яқинлари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
– Қайнотамни отам ўрнида кўраман, – дейди Абдулла бобонинг келини Қурвоной Қаландарова. – Тақдир экан 25 ёшимда икки нафар фарзандим билан бева қолдим. Шундан сўнг отам умрини мен ва икки нафар фарзандимга бағишлаб, рўзғор юкининг ёлғиз бошимга тушишига, болаларнинг кўнгли ўксишига йўл қўймади. Йиллар мобайнида отам фақат биз учун яшади. Энди эса мен отам учун яшаяпман. Бу табаррук ёшда у кишининг хизматини қилиб, дуосини олиш бахти насиб этганига шукрона айтаман. Худога шукр, 73 ёшга кирдим, невара чеваралар йиғилса бир уйга сиғмайди. Отамизга кўрсатилаётган ҳурмат эътибор учун оиламиз номидан миннатдорчилик билдираман!
Вилоят ҳокими Ф.Эрманов Гурлан туманидаги “Нуробод” маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бобожон бобо Мадаминов хонадонида бўлиб, отахонга Президентимизнинг табрикномаси, 12 миллион сўм пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширди.
Узоқ йиллар банк тизимида ишлаган Бобожон бобо бугун яқинлари, эл-юрт ардоғида, давлатимиз эътиборида. 103 ёшни қаршилаган Бобожон бобо дуога қўл очиб уруш фахрийларига кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга миннатдорчилик билдирди, юртимизга тинчлик, халқимиз дастурхони тўкинлигини тилади.
– Президентимиз, давлатимиз томонидан биз, кексаларга, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз, – дейди Бобожон бобо Мадаминов. – Умрим давомида кўп яхши - ёмон кунларни, қувончу ташвишларни кўрдим. Уруш йилларининг азоби, очарчилик даҳшатини биз кўрдик, авлодларимиз тақдирида минбаъд бундай қора кунлар такрорланмасин. Шукрлар бўлсинки, бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз осуда. Вилоятимизда бўлаётган ўзгаришлар, ҳар жабҳадаги янгиланишларни кўриб кўнглим тоғдек кўтарилади. Атрофимда парвона бўлаётган фарзандларим, невара- чевараларим юзи кўзидаги қувончни, бахтиёрликни кўриб, хурсанд бўламан.
Бугун Хоразм вилоятида салкам бир асрлик тарихнинг жонли гувоҳи бўлган 17 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси давлатимиз ардоғи, халқимизнинг эъзозида ҳаёт кечирмоқда. Байрам муносабати билан уларнинг ҳар бирининг хонадонида бўлиб, ҳурмат эҳтиром кўрсатилмоқда.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш