Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси иш бошлади
Урганч шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежи ҳудудида Хоразм вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамкорлигида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўз ишини бошлади.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва кичик бизнесни ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу ярмаркада вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 150 та ҳамда Республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги 130 та ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзларининг маҳсулот намуналари билан иштирок этмоқдалар.
Иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқараётган ёки ишлаб чиқариш
режалаштирилаётган, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулот турлари билан қатнашмоқда. Барча туманлар ўзларида мавжуд бўлган, бироқ ҳали талаб даражасида фойдаланилмаётган иқтисодий, молиявий, меҳнат ресурсларини ва истиқболли лойиҳаларни таклиф этмоқда.
Ярмаркада вилоятда ишлаб чиқарилаётган сув тозалаш ускуналари, маиший газ баллонлар, енгил автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, қуёш батареялари, қуёш коллекторлари, ҳар хил турдаги LED лампалар, спорт инвентарлари, қурилиш ва фармацевтика маҳсулотлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ярмарка доирасида вилоятда ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган янги турдаги саноат маҳсулотларининг тақдимотлари ўтказилди.
Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ф.Эрманов сўзга чиқди.
Ярмарка ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.
Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасига марҳамат!
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш