Шовот туманида Ал-Хоразмий номли халқаро физика ва математика мактаб-интернатининг тантанали очилиш тадбири бўлиб ўтди

Давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг 12-13 март кунлари Хоразмга ташрифи чоғида Шовот туманидаги 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати негизида Ал-Хоразмий номидаги халқаро физика ва математика мактабини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. 2020 йилнинг 19 мартида эса Республика Вазирлар Маҳкамасининг “Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика-математика мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.


Қарорда мактабни замонавий таълим даргоҳига айлантириш, унда таҳсил оладиган ўқувчиларни мустақил фикрли, ташаббускор, креатив ва халқаро майдонда ўзини дадил намоён эта оладиган илмли ёшлар сифатида тарбиялаш мақсади қўйилган.





Бугун халқаро мактаб-интернатининг очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда меҳнат фахрийлари, устоз мураббийлар, ушбу мактабнинг собиқ битирувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Вилоят ҳокими Ф.Эрманов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Шерматов, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири, ушбу мактабнинг собиқ битирувчиси Р.Давлетов янги илм маскани очилиши билан барчани самимий муборакбод этдилар.




Майдони 32 минг квадрат метр бўлган замонавий кампусдан 7 та блокдан иборат бинолар, хусусан, ўқув биноси, маъмурият, ошхона, меҳмонхона, спорт заллари ҳамда дам олиш масканлари жой олган. Ўқув масканида олдида буюк мутафаккир, алгоритм асосчиси Ал-Хоразмийнинг муаззам ҳайкали қад ростлади.


Янги муассасада давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини таъминланади.Бунинг учун мактабга маҳаллий ва хорижлик юқори малакали ўқитувчилар жалб қилинади.






Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Бош саҳифага қайтиш