Хоразм вилояти ҳокими Ф. Эрмановнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан вилоят аҳлига БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, ҳурматли ватандошлар!
Муҳтарам вилоятимиз аҳли!
Дунё харитасида Ўзбекистон деган мустақил, суверен давлатнинг пайдо бўлганини мангу кафолатлаган муҳим тарихий хужжат-Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганинг 28 йиллик байрами билан барчангизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Шоирлар қалами билан айтганда, бахтимиз, толеимиз Қомуси, саодат ва иқболимиз калити, дунёда инсон сифатида яшашимиз, тенглар ичида тенглигимиздан нишон берувчи АДОЛАТ КИТОБИнинг қутлуғ санаси бутун мамлакатимизда кенг нишонланаётган ушбу тантанали дақиқаларда Сизларга ўзимнинг самимий ҳурмат ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан мамнунман.
Барчамиз учун муқаддас саналган Конституциямиз шу юрт, шу замонда яшовчи ҳар бир инсонга ўзгача фахр- ифтихор, юксак ғурур ва шукроналик бахш этишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Халқимизнинг асрий орзулари, эзгу муддаоларини акс эттирувчи, миллатимиз ақл- заковатининг маҳсули бўлган Асосий Қонунимизнинг қабул қилиниши- жонажон Ўзбекистонимиз келажагини, тараққиёт йўлидан дадил билан одимлаётган мамлакатимиз ҳаёт тарзи ва мазмунини, бир сўз билан айтганда, юртимиз қиёфасини белгилаб берди! Шу боисдан ҳам Бош Қонунимиз вақт ўтгани сайин янада юксак қадр топиб, турмушимизга чуқур сингиб бормоқда. Айниқса, кейинги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан одамларни рози қилиш, давлат ҳокимияти ва идораларининг халққа хизмат қилиши, барчага бирдек муносиб турмуш шароитларини яратиш каби тамойилларнинг ҳаётимизга шиддат билан татбиқ этилаётгани Конституциямизда кафолатланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларининг Янги Ўзбекистон шароитида чинакам олий қадриятга айлангани тантанасидир.
Шу билан бирга бугун улкан шукроналик ва миннатдорлик билан алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилда дунёдаги жуда кўп давлатлар бошидан кечираётган глобал пандемия шароитида Ўзбекистонда Конституциямизда кафолатланган инсон ҳаёти давлат химоясида экани, фуқаролар бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги сингари олижаноб ғоялар янада ёрқин намоён бўлди.
Шу маънода бизнинг Конституциямиз ўзининг чинакам инсонпарварлик руҳи билан суғорилганини бугун бутун оламга намойиш этмоқда десак, асло муболаға бўлмайди!
Азиз элдошлар!
Бугун мустақил юртимизда, унинг қадимий ва ҳамиша навқирон гўшаси бўлган Хоразм заминида олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ижобий ўзгариш ва янгиланишлар, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари бош Қомусимиз белгилаб берган имкониятлар асосида амалга оширилмоқда.
Бу эса Контитуциямизда белгиланган ҳуқуқ нормаларини ҳаётга татбиқ этишда очиқлик, ошкоралик, эркинлик тамойилларига амал қилиш, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қурилишида муҳим аҳамият касб этаётганининг амалий тасдиғидир.
2020 йил ҳалқимиз учун ҳақиқатда қаттиқ синовлар йили бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, карантин сабабли одамларимиз ойлаб уйда қолган мураккаб шароитда ҳам жасоратли қурувчиларимиз, қаҳрамон деҳқон ва фермерларимиз ўз ишларини бир нафас тўхтатишмади. Халқимизнинг фаровон турмуши ва дастурхонларимиз тўкинлиги учун жонбозлик, фидойилик кўрсатиб меҳнат қилдилар. Бу эса халқимизнинг матонати, шижоати ва ватанпарварлиги тимсоли бўлиб, бутун инсоният учун оғир кечган 2020 йил тарихига муҳрланади, албатта!
Меҳнаткаш, матонатли, ўз юртини севган ва унинг равнағи учун фидойилик кўрсатаётган барча элдошларимизга, давлат органлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва барча фуқароларимизга ўзимнинг самимий раҳматимни изҳор этар эканман, жамиятимизда Қонун устуворлигини таъминлашини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинишини нафақат вазифам, балки муқаддас бурчим эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Ишончим комилки, дунёда ягона, бетакрор Ўзбекистонимизни, озод ва обод Ватанимизни энг ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқишдек олижаноб мақсадлар йўлида азалдан орияти баланд, лафзи ҳалол ва заҳматкаш Хоразм аҳли муҳтарам Президентимизга, қўшқанот бўлиб, кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшадилар.
Ҳеч шубҳасиз, буюк халқимиз, 1миллион 850 мингдан ошиқ вилоятимиз аҳли билан Истиқлолимизнинг, Истиқболимизнинг бундан ҳам ёрқин манзилларига омон-эсон етиб бораверамиз, йиллар, асрлар ўтса-да, Конституциямиз янги-янги авлодларимизга улкан ҳаёт Қомуси, бахт-саодат ва орзу интилишлар гарови, буюк юксалишларнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаверади!
Азиз элдошлар! Сизларни ушбу қутлуғ байрам билан яна бир бор чин юракдан табриклаб, барчангизга сиҳат- саломатлик, оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга қут барака ва узоқ умр тилайман! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, юртбошимиз омон бўлсинлар!
Ер юзида Янги Ўзбекистон номи баралла янграшининг рад этиб бўлмас кафолати, дунёда мавжудлигимизнинг олий эътирофи, йўлларимизни машъала каби ёритиб турувчи Йўлчи юлдузимиз - Бош Қомусимизнинг таваллуд куни, навқирон 28 ёши барчамизга муборак бўлсин!
Бош саҳифага қайтиш