«Нарх-наво барқарорлиги сақланади» - Хоразм вилояти халқ депутатлари кенгаши сессияси ўтказилди
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Маълумки, 2020 йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида озиқ-овқат маҳсулотларининг заҳирасини яратиш, ойма-ой бозорга чиқариш ҳамда маҳсулотлар нархларининг асоссиз равишда ошиб кетишини олдини олиш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга бағишланган йиғилишда ушбу йўналишдаги ишларни самарали ташкиллаштириш юзасидан бир қатор топшириқлар берилди.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида,
аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат, шундан гўшт, картошка, гуруч, ун, шакар, тухум ва ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят давлат солиқ бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиқлари раҳбарлигида вилоят ишчи гуруҳлари ташкил этилди.
Сессияда вилоят ҳокими Фарход Эрмановнинг ҳисоботи эшитилди.
Вилоят кенгаши депутатлари, туман, шаҳар ҳокимлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар қатнашган сессияда кейинги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, зарур миқдорда озиқ-овқат захирасини яратиш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича муайян ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Вилоятимизнинг 1 млн. 872 минг аҳолиси учун 2020 йил ноябрдан 2021 йил майгача бўлган даврга қадар аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳисоб-китоб қилинди.
(Хусусан, тиббиёт меъёрларига асосан 6 ойлик талаб - мол ва қўй гўшти 26,2 минг тонна, парранда гўшти 13,9 минг тонна, балиқ 6,6 минг тонна, картошка 49,2 минг тонна, гуруч 9,2 минг тонна, ун 73,1 минг тонна, шакар 10,3 минг тонна, тухум 194,7 млн. дона, ўсимлик ёғи 8,5 минг тонна, пиёз 6,3 минг тонна, сабзи 18,3 минг тонна сабзи)
Вилоятда аҳолининг гўшт, парранда гўшти ва тухум маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида чорвачилик ва паррандачилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, жорий йилда чорвачилик билан шуғулланувчи
96 нафар тадбиркорларга 185 млрд. сўмлик ва паррандичлик йўналишидаги 24 нафар тадбиркорларга 45 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилди.
Шу билан биргаликда, Самарқанд вилоятидан 25-30 кунда етиладиган бройлер жўжалари келтириш бўйича тизимли ишлар ташкиллаштирилган.
Балиқ маҳсулоти 731 та балиқчилик хўжаликлари ва 3 та “Хоразм балиқ кластер” МЧЖ (Янгиариқ тумани), “Хива қора кўл” фермер хўжалиги (Хива тумани) ҳамда “Уммон балиқ” фермер хўжаликлари (Қўшкўпир тумани) негизида кластерлар томонидан аҳолига арзон нархларда етказиб берилади.
Картошка ва пиёз маҳсулотларига ички талабни инобатга олган ҳолда, 20 минг тонна картошка ҳамда 10 минг тонна пиёз маҳсулоти Россия давлатидан ҳамда Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан сотиб олинади.
Бугунги кунда Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан 860 тонна картошка ва 1500 тонна пиёз келтирилган.
Гуруч маҳсулотига ички талаб 9,2 минг тонна бўлиб, фермер хўжаликлар томонидан асосий ва такрорий майдонларда етиштирилган гуручни шартнома асосида давлат захирасига харид қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ун ва ун маҳсулотларига бўлган талаб 73,1 минг тоннани ташкил қилиб, шундан 7,2 минг тонна ун Қозоғистон Республикаси ва Россия давлатидан импорт қилинади, қолган 65,9 минг тонна вилоятда етиштирилган ғалла ҳисобидан қопланади.
Шакар маҳсулотига бўлган талаб 10,3 минг тоннани ташкил қилиб, бугунги кунда Урганч шаҳрида “Агроэкспорт пойтахт” корхонаси омборхонасида 3,0 минг тонна шакар маҳсулоти захираси мавжуд.
Шу билан биргаликда, “Хоразм шакар” корхонаси томонидан Бразилия давлатидан 30,0 минг тонна бирламчи хом-ашё жорий йилнинг ноябрь ойида келтирилади. Ушбу корхонада маҳсулот қайта ишлаш учун бўлган давргача етарли захирамиз мавжуд.
Ўсимлик ёғи маҳсулотига бўлган талаб 8,5 минг тоннани ташкил этиб, шундан 2,5 минг тоннаси Россия давлатидан импорт қилинади.
Сабзи маҳсулотига бўлган талаб 18,3 минг тоннани ташкил қилиб, ўзимизда етишитирилган маҳсулот билан билан қопланади.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббусларига асосан аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси тузилди.
Мазкур жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:
биринчидан - маҳаллий бюджет даромадлари прогнозининг ошириб бажарилган қисмидан ажратмалар;
иккинчидан - вилоят ҳокимининг қарорларига асосан, ҳокимлик муассислигида ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ажратмалари;
учинчидан - тижорат банкларининг кредитлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг маблағлари (кредитлар, грантлар, техник кўмаклар ва бошқалар);
тўртинчидан - юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик ҳайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектлари қуйидаги механизмлар орқали қўллаб-қувватланади:
- бозорларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларга бўлган талабни тўлиқ қондириш мақсадида маҳсулотларни талаб этиладиган миқдорларда етказиб бериш учун тадбиркорлик субъектларига фоизсиз ссудалар ажратилади;
- айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навосини аҳолига мақбул даражада сақлаб туриш мақсадида ушбу маҳсулотларни етказиб бериш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ажратилади.
Вилоятда етишмайдиган маҳсулотларни харид қилишга жами 131,9 млрд.сўм талаб этилади. Шундан жами 6,2 млрд.сўм маҳаллий бюджетдан, шу жумладан 1,5 млрд.сўм ҳокимлик жамғармаси ҳисобидан, 38,5 млрд.сўм кредит ва 87,2 млрд.сўм тадбиркорларнинг ўз маблағи ҳисобидан қопланади.
Ушбу маблағларининг мақсадли ва аниқ сарфланиши қатъий назоратга олинади.
Вилоят прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси соҳага алоқадор ташкилот ва корхоналар билан биргаликда Жамғарма маблағлари ҳисобидан фоизсиз ссудалар ва субсидиялар олган тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз мажбуриятларининг белгиланган муддат ва ҳажмларда бажарилиши устидан тизимли назорат юритади.
Бугунги кунда коронавирус пандемияси талабларини инобатга олган ҳолда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш бўйича қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида шаҳар ва туманларнинг ҳар бир маҳалласида озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишга мўлжалланган кичик савдо дўконлари ташкил этилади.
Бунинг натижасида аҳоли томонидан транспорт ва бошқа турдаги ҳаражатлар қисқаради, карантин талаблари бўйича фуқароларнинг кўп миқдорда бир жойга тўпланишининг олди олинади, бу эса ўз навбатида инфекциянинг кенг тарқалишини чеклашга имконият яратади.
Деҳқон бозорларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, шунингдек, аҳолининг нарх-наво бўйича фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилиб бориш мақсадида “Кол-центр” (“Call-centre”- 223-00-41) ташкил этилади.
“Кол-центр” (“Call-centre”)га келиб тушаётган мурожаатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси мутасаддилар билан биргаликда доимий равишда ўрганиб борилади.
Бугунги кунда аҳолини амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, уларнинг муаммоларини ечими бўйича ҳисоботлар бериш мақсадида шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари томонидан ўз ҳудудида яратилган тизим, бозордаги шарт-шароитлар ҳамда нарх-наво бўйича телевидение ва ижтимоий тармоқларда доимий чиқишлар ташкил этилади.
Аҳолимизнинг 2020 йил ноябрь - 2021 йилнинг апрель ойлари учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида, барча ҳисоб-китоблар олиб борилди, уларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди, бозорларда нарх-навонинг асоссиз ўсишини олдини олиш бўйича зарурий чора-тадбирларни белгилаб олинди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш масалалари юзасидан вилоят сектор раҳбарларининг ахборотлари тингланди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
Таҳлиллар асосида ўтган сессия ишида вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш борасидаги ҳар бир муаммо, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш борасида вазифалар белгилаб олинди.
Сессия якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Сессия ишида Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Саиджонов Дилшод Мадрахимович иштирок этди.
Бош саҳифага қайтиш