Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимовнинг “Авесто” мажмуасида ўтказиладиган Наврўз байрамидаги Т А Б Р И К С Ў З И
Ассалому алайкум, азиз элдошлар!
Юртимизга барчамиз орзиқиб кутган яшариш ва янгиланиш айёми - Наврўзи олам кириб келмоқда. Ушбу қутлуғ сана, шарқона янги йил билан сиз азизларни - нуроний отахон ва онахонларни, мунис ва меҳрибон опа-сингилларимизни, шижоатли ёшларни, бутун вилоятимиз аҳлини чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Қадрли дўстлар!
Халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган Наврўзи олам минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва эзгу умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда.
2023 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида нишонланмоқда.
Маълумки, Наврўз арафасида ҳар бир ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, ҳашар уюштириш анъана тусини олган. Бу йил ҳам 18 март куни умумхалқ ҳашари вилоятимизнинг ҳар бир маҳалласида кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтказилди.
Хабарингиз бор, кўклам келиши билан ”Яшил йиллик” умуммиллий лоийҳаси доирасида кўчат экиш тадбирлари бошланиб кетди. Бу йил баҳор мавсумида вилоятимиз бўйича 9 млн тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади. Атроф-муҳит тозалигини, экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этувчи бу тадбирда вилоятимиз аҳолиси фаол иштирок этмоқда.
Ўзаро меҳр оқибат, саҳоват ва мурувват кўрсатиш, табаррук нуронийларни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда. Байрам муносабати билан кекса авлод вакиллари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга беғараз ёрдам кўрсатилмоқда, шаҳар ва туманларда “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ўтказилмоқда.
Бунёдкор халқимиз томонидан барпо этилган янги бино ва иншоотларни қутлуғ байрамлар арафасида фойдаланишга топшириш ҳам яхши анъанага айланган. Бу йил Наврўз арафасида вилоятимизда ўнлаб ижтимоий ва инфратузилма объектлари, кўп қаватли турар жойлар фойдаланишга топширилди. Шу билан бир қаторда ўнлаб янги объектлар қурилишига тамал тоши қўйилди.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган Янги Ўзбекистон ғояси билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир. Наврўзи оламнинг мазмун-моҳиятида инсонни улуғлаш, унинг қадри, иззат-ҳурматини жойига қўйиш каби эзгу фазилатлар мужассам.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида юртимизда аҳолининг барча қатламлари, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар-жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилган. Айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларга чинакам ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борадаги ишларимиз “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да мазмун ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.
Наврўз ўзининг буюк қудрати билан она табиатни уйғотса, мамлакатимиздаги улкан ислоҳотлар эса жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккури, беқиёс салоҳиятини уйғотмоқда. Бугун юртимизда амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар ва ўзгаришлар ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни, юртимиз обод, халқимиз турмуши фаровон бўлишига қаратилган.
Муҳтарам дўстлар!
Барчамизга маълум, Наврўз — янги кун, янги фасл демакдир. Баҳорда кун ва тун узунлигининг тенглашуви – янги деҳқончилик мавсуми бошланишидан дарак беради.Бободеҳқонларимиз бу айёмда янги йилнинг қут-баракали келишини, тўкин-сочинлик бўлишини сўраб дуога қўл очган. Барчамизнинг тилагимиз битта: йилимиз қутлуғ келсин, дарёларимизда сув сероб, ҳосилимиз мўл, халқимизнинг ризқу-насибаси баракали бўлсин!
Азиз юртдошлар!
Тўй-тантаналар, байрамлар тинч ва осойишта юртга ярашади. Бугун дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, нотинчликлар давом этаётган бир вазиятда, юртимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, хотиржамлик қадрини янада теранроқ ҳис этмоқдамиз.Кекса-ю ёш барча тинч ва фаровон турмушимизга шукрона айтиб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч билан қарамоқда.Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Шарқона Янги йилимиз ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахт- саодат, файзу барака олиб келсин!
Уйғониш ва яшариш байрами билан барчангизни яна бир бор чин дилдан табриклайман!
Наврўз айёми барчамизга муборак бўлсин!
Бош саҳифага қайтиш