Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги МАЪРУЗАСИ
Ассалому алайкум, қадрли байрам иштирокчилари, азиз меҳмонлар!
Аввало, сизларни ва сизларнинг тимсолингизда бутун вилоятимиз аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллик шодиёнаси билан чин қалбимдан табриклайман! Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Қадрли дўстлар!
Мустақиллик халқимизнинг асрий орзусини рўёбга чиқариб ўз ҳаёти ва келажагини эркин барпо этиш, озод ва обод Ватан пойдеворини яратиш имконини берди. Истиқлолнинг ўтган 32 йили давомида мамлакатимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтди. Айниқса, сўнгги етти йил мобайнида ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида янгиланиш ва туб ўзгаришларга замин ҳозирлади.
Бу йил мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий ва сиёсий воқеалар - Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича умумхалқ Референдуми ҳамда муддатидан олдин Президент сайлови ўтказилди. Халқимиз ўзининг эртанги куни борасидаги қатъий фикрини айтди. Хоразмликлар бу жараёнларда оғзибирчилик билан юксак сиёсий фаоллик кўрсатиб, келажагимиз учун якдиллик билан овоз бердилар. Бу тадбирлар мустақиллигимизнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий асосларини янада мустаҳкамлади.
Мустақиллик йилларида вилоятимизда ҳам барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди, асрларга татигулик бунёдкорликлар, яратувчилик ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда вилоятнинг энг чекка маҳаллаларида ҳам қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда бажарилган қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 2,5 триллион сўмга етди. Йил якунигача давлат Инвестиция Дастури доирасида 96 та объектда 318 млрд. сўмлик, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 302та маҳаллада 108 млрд. сўмлик, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш дастури доирасида 228 та маҳаллада 128 млрд. сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида 4246 та хонадонга мўлжалланган 144 та кўп қаватли уй-жойлар қурилади. Шунингдек, бу йил 432 км узунликда ичимлик суви тармоқлари ҳамда 26 та сув иншоотларида қурилиш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши натижасида вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етади.
Вилоят бўйича 1минг 820км. тупроқ йўлларга қум-шағал қопламаси ётқизилади. Шаҳар ва туманларда турмуш шароити оғир бўлган 6 минг 792та хонадон таъмирланиб, бунинг натижасида 31минг нафар аҳолининг яшаш шароити янада яхшиланади.
Қадрли дўстлар!
Ўтган йил Мустақиллик байрами арафасида ҳурматли Президентимиз иштирокида Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилган эди. Айни кунда шаҳарчада қурилиш бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Ҳудуди 130 гектар майдонни эгаллаган ушбу шаҳарчада дунё тан олган буюк аллома, алгоритм асосчиси Ал-Хоразмийнинг муҳташам ҳайкали ўрнатилади. Асосийси бу ерда Ал-Хоразмий номли янги университет, ахборот технологиялари маркази, мактаб ва боғчалар, тиббиёт муассасалари, инновация ва маданият марказлари, кўп қаватли турар-жойлар барпо этилади.
Шу билан бир қаторда, вилоятимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган “Бухоро- Мискин- Урганч –Хива” темир йўлини электрлаштириш, “Шовот-Гурлан- Манғит” темир йўли қурилиши каби йирик лойиҳалар ҳам жадал давом этмоқда.
Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганидек, 2025 йилда Тошкент- Хива йўналишида “Жалолиддин Мангуберди”тезюрар поезди қатновининг йўлга қўйилиши халқимиз учун қулайлик яратиш баробарида, туризм ривожи учун ҳам янги имкониятларни очиб беради. Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Хива шаҳрининг 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилиниши вилоятимизда сайёҳлик соҳасини янги босқичга кўтаради.
Истиқлол байрами шодиёналари ўтаётган ушбу Авесто боғ-мажмуаси ҳам яқинда мукаммал таъмирланиб, бутунлай янгича қиёфа касб этди. Шу ўринда қурилишда иштирок этган барча бунёдкорларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Қадрли элдошлар!
Вилоят иқтисодиётини жадал ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда умумий қиймати салкам 13 триллион сўм бўлган 1211 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилган. Бу лойиҳалар натижасида 26 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этиш, 103 миллион долларлик товар ва хизматларни экспорт қилиш мўлжалланган. Яқинда тадбиркорлар билан ўтказилган “Очиқ мулоқот”да бу йўналишда янги режаларимизни белгилаб олдик.
Жорий йилда вилоятимизда экспортбоб ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи қатор йирик корхоналар ишга туширилди. Шовот туманида “UzTEX GROUP”, Урганч шаҳрида “Аму гулшани” МЧЖлари томонидан тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиб, 1800 та янги иш ўрни яратилди. Тупроққалъа туманида “UzAuto Motors” Хоразм филиалида автомобиль ишлаб чиқариш қуввати 70 минг тадан 100 минг тага оширилди.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 31 март куни Хоразм вилоятига ташрифи чоғида янги ерлар ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт ҳажмини ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш юзасидан ҳам қатор вазифаларни белгилаб берди. Вилоятда мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тупроққалъа туманида 50 минг гектар янги ерларни ўзлаштиришга киришилди.
Миришкор деҳқон ва фермерларимиз бу йилги мураккаб шароитда фидокорона меҳнат қилиб, ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштирдилар. Деҳқончиликда илғор технологияларнинг кенг жорий этилаётгани, экин майдонларининг аҳолига узоқ муддатга ижарага берилиши натижасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажми ошиб, бозорларимиз тўкин-сочинлигини таъминланмоқда.
Қадрли байрам қатнашчилари!
Бугунги қутлуғ айёмда келажагимиз эгалари бўлган ёшлар камолоти йўлида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш ўринли, албатта. Узлуксиз таълимнинг муҳим босқичи бўлган мактабгача таълим тизимидаги янгиликларни ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз. 2017 йилда вилоятда 3-7 ёшдаги болаларнинг 22фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 79 фоизга етди.
Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида янги типдаги ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилиши юксак интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Яқинда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталадиган, буюк саркардага муносиб ворисларни тарбиялайдиган ҳарбий академик лицей илк ўқувчиларини ўз бағрига олади. Кейинги 5 йилда вилоятда олий таълим муассасалари сони 3 тадан 9 тага, талабалар сони 11 минг нафардан 44 минг нафарга етди, қабул квоталари сони ошиб, янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ҳурматли Президентимиз хоразмлик сайловчилар билан учрашувида таъкидлаганидек, эндиликда Паҳлавон Маҳмуд номидаги кураш академияси ҳамда Комилжон Отаниёзов номидаги Урганч маданият ва санъат институти ташкил этилади.
Таълим билан бир қаторда ижтимоий соҳанинг яна бир муҳим йўналиши - соғлиқни сақлаш тизимида ҳам ислоҳотлар жараёни изчил давом этмоқда. Натижада тиббиёт муассасаларининг моддий базаси мустаҳкамланиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди. Кейинги бир йилда аҳолига бирламчи тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида вилоятда 100 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил қилинди. Гурлан, Ҳазорасп туманларида туманлараро қўшма жарроҳлик ва юрак қон-томир касалликлари марказлари, Янгибозор, Боғот туманларида туманлараро перинатал марказлари иш бошлади, замонавий тез ёрдам машиналари келтирилди. Шунингдек, 50 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди.
Барчамизга маълум, мамлакатни спортчалик тез дунёга танитадиган соҳа йўқ. Жорий йилда вилоятимизнинг 350 нафар спортчи ёшлари жаҳон, Осиё ва турли халқаро спорт мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб, 49 та олтин, 24 та кумуш, 59 та бронза медалларини қўлга киритдилар. Улар эришган юксак ғалабалар Мустақиллик байрамига муносиб совға бўлди.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Хабарингиз бор, Мустақиллигимиз-нинг 32 йиллиги байрами муносабати билан турли соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ элдошларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан мукофотланди. Бугунги тантанада мукофотланганлар юртдошларимизни қизғин табриклаб, ижтимоий фаолиятлари ва шахсий ҳаётларида улкан муваффақиятлар тилайман!
Азиз дўстлар!
Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган барча ташкилий, маданий-маърифий тадбирлар “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилмоқда. Вилоятимизда юз бераётган ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик жараёнлари суръати элдошларимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда.
Ислоҳотлар самарасини ўз тақдирида, кундалик ҳаётида кўраётган ҳар бир юртдошимиз қалбида бугунидан рози бўлиш, эртанги кунга мустаҳкам ишонч туйғуси мужассам. Халқ манфаати, одамларни ҳаётдан рози қилиш – доимо фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолаверади.
Сўзимнинг якунида, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, юртимиз равнағи йўлидаги эзгу ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Доимо меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз доимо соғ-омон, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!Бош саҳифага қайтиш