Hurmatli fuqarolar! Rasmiy veb-saytimizda texnik ishlar olib borilayotganligi munosabati bilan qisqa uzilishlar yuzaga kelishi mumkin. Keltirilgan noqulayliklar uchun uzr so‘raymiz.
Кўриш қобилияти ожизлар учун
Матн ҳажми
Сайт ранги
Тасвирлар

Хоразм вилояти ҳокими Ф.У.Эрмановнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

  • Qog'ozga chop etish

Хоразм вилояти ҳокими Ф.У.Эрмановнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30   йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи.

Ассалому алайкум, қадрли  дўстлар!

Авваламбор сизларни, сизлар орқали бутун вилоятимиз  аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамимиз – давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллик шодиёнаси билан чин қалбимдан табриклайман!

Мустақиллик халқимизнинг асрий орзусини рўёбга чиқариб ўз ҳаёти ва келажагини эркин барпо этиш, озод ва обод Ватан пойдеворини яратиш  имконини берди. Бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни,   миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

 Мустақилликнинг ўтган 30 йили давомида  мамлакатимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли  йўлни босиб ўтди.Айниқса, сўнгги  беш йил мобайнида ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган ислоҳотлар ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида янгиланиш ва туб ўзгаришларга замин ҳозирлади.

Қадрли дўстлар!

Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”  деган шиор асосида нишонланмоқда.

Истиқлолнинг ўтган йиллари давомида эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, вилоятимизда ҳар бир жабҳада асрларга татигулик бунёдкорликлар, яратувчилик ишлари рўёбга чиқарилганининг гувоҳи бўласиз.  

Айни кунда вилоят маркази Урганч шаҳридан тортиб энг чекка қишлоқларгача қурилиш ва бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда. Байрам арафасида 50 дан ортиқ лойиҳалар бўйича янги ишлаб чиқариш объектлари, маданий-маиший иншоотлар фойдаланишга топширилди. 

Вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган  Бухоро- Мискин- Урганч темир йўлини электрлаштириш,  Шовот-Гурлан- Жумуртов-Қипчоқ темир йўли қурилиши каби йирик лойиҳалар жадал давом эттирилмоқда.

Урганч шаҳрининг қоқ марказида барпо этилаётган Жалолиддин Мангуберди мажмуаси вилоятимизнинг ўзига хос рамзига, хорижлик сайёҳлар ташриф буюрадиган, байрам тантаналари ўтказиладиган масканга айланади.

Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан амалиётга тадбиқ этилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида сўнгги   4  йилда вилоятимизда 75 та қишлоқ ва 14 та маҳаллада қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, халқимизнинг турмуш шароитлари яхшиланди. 

Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида  2021 йилда вилоятимизда Уй-жой дастури доирасида жами   2 минг  220 та хонадонли янги уй-жойлар барпо этиляпти. 

Вилоят иқтисодиётини жадал ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда умумий қиймати 1 миллиард 320 миллион доллар бўлган 812 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Бу лойиҳалар натижасида 23 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этиш, 65 миллион долларлик товар ва хизматлар экспорт қилиш мўлжалланган. Яқинда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда бу йўналишда янги режаларимизни белгилаб олдик.

2020 йил бошида бутун инсониятга таҳдид солиб, жаҳон иқтисодиётини издан чиқариш хавфини туғдирган коронавирус пандемияси вилоятимиздаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятига  ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида   вилоятда саноат корхоналари фаолияти барқарорлиги таъминланиб, иш ўринлари йўқолишига йўл қўйилмади. 

Миришкор деҳқон ва фермерларимиз бу йилги мураккаб шароитда фидокорона меҳнат қилиб, ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштирдилар. Имкониятдан фойдаланиб, ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган деҳқон ва фермерларимизга, барча дала меҳнаткашларига самимий миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз.

 Қадрли байрам қатнашчилари!

         Бугунги қутлуғ айёмда Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар камолоти йўлида қилаётган ишларимизни эсга олишимиз табиий, албатта. 

Узлуксиз таълимнинг муҳим босқичи бўлган мактабгача таълим тизимидаги янгиликларни ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз. 2017 йилда вилоятда  3-7 ёшдаги болаларнинг  21,6   фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 63,5 фоизни ташкил этди. Жорий йил охиригача эса 74 фоизга етади.

  Хива шаҳрида Президент мактаби, Огаҳий номли ижод мактаби, Шовот туманида Ал-Хоразмий номидаги халқаро физика ва математика мактаб-интернатининг ташкил этилиши юксак интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Вилоятда олий таълим муассасаларида қабул квоталари сони ошиб, янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Урганч шаҳрида  Малайзиянинг Binary менежмент ва тадбиркорлик университети филиали ўз фаолиятини бошлади.

Кейинги беш йилда соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотлар  амалга оширилиб, тиббиёт муассасалари моддий базаси яхшиланди. Жумладан,  Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали алоҳида илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилиши, нефрология ва буйрак трансплантацияси марказининг филиалини ташкил қилиниши, туман тиббиёт бирлашмаларида  18 та ихтисослашган бўлимлар очилиши, кейинги беш йилда 100 ортиқ “Тез ёрдам” машиналарининг  харид қилиниши  аҳолига кўрсатилаётган тиббий  хизмат сифатини яхшилаш имконини берди. 

Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

Қадрли дўстлар!

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 октябрь санасида  мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади.

Шу билан бирга бу йил кузда вилоятимиз яна бир нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилади. Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан  Хива шаҳрида “Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказилади. Айни кунларда ушбу муҳим тадбирларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Байрам арафасида турли соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг катта бир гуруҳи давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. 

Жумладан, вилоятимиздан 50 нафарга яқин элдошларимиз ана шундай юксак мукофотларга сазовор бўлди. Уларнинг барчасини қизғин табриклаб, ижтимоий фаолиятлари ва шахсий ҳаётларида янги-янги муваффақиятлар тилайман. Байрам арафасида Президентимиз Фармонига асосан ўзининг бетакрор ва ёрқин ижоди билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган марҳум шоир ва  санъаткорлар - Омон Матжон, Ортиқ Отажонов,  Раҳматжон Қурбоновнинг давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиши  уларнинг кўп йиллик заҳматли меҳнатларининг яна бир муносиб эътирофи бўлди.

Айни кунларда Токиода бўлиб ўтаётган паралимпиада ўйинларида элдошимиз, боғотлик Учқун Қуронбоевнинг парадзюдо бўйича олтин медални қўлга киритгани мустақилликнинг 30 йиллик  байрамига муносиб туҳфа бўлди. Шовотлик Рўза Қўзиева паралимпиаданинг ётган ҳолда тош кўтариш мусобақасида кумуш медални, боғотлик яна бир спортчи қизимиз Нафиса Шерипбоева парадзюдо бўйича бронза медални қўлга киритиб юртимиз довруғини дунёга таратдилар. Фурсатдан фойдаланиб ғолиб спортчиларимизга, унинг ота-оналари, мураббийларига самимий миннатдорчилик билдираман.

Қадрди дўстлар!

Вилоятимизда юз бераётган ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик  жараёнлари суръати  элдошларимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Ислоҳотлар самарасини ўз тақдирида, кундалик ҳаётида кўраётган ҳар бир юртдошимиз қалбида бугунидан рози бўлиш, эртанги кунга мустаҳкам ишонч туйғуси мужассам. Халқ манфаати, одамларни ҳаётдан рози қилиш – доимо фаолиятимизнинг      асосий мезони бўлиб қолаверади.

Сўзимнинг якунида, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, юртимиз равнағи йўлидаги эзгу ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Юртимиз  тинч ва фаровон, меҳнаткаш ва  бағрикенг халқимиз доимо соғ-омон,  Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!




Бош саҳифага қайтиш
Izoh qoldirish


ad

Raximov Jo'rabek Raximovich

Xorazm viloyati hokimi

Viloyatimizda aholiga tibbiy xizmat ko‘rsatish darajasi qanday?


A’lo - 503 (29%)
29
Yaxshi - 832 (48%)
48%
Qoniqarli - 295 (17%)
17%
Qoniqarsiz - 104 (6%)
6%
Jami ovozlar: 1,734 ta

Ovoz berish muddati tugagan!

Veb-sayt faoliyatini baholang?


A’lo - 1,674 (82%)
82
Yaxshi - 285 (14%)
14%
Qoniqarli - 82 (4%)
4%
Qoniqarsiz - 0 (0%)
0%
Jami ovozlar: 2,041 ta

Ovoz berish muddati tugagan!
«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 

Fotogalereya