Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрмановнинг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2021 якунлари ва 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжуманидаги М А Ъ Р У З А С И
Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрмановнинг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2021 якунлари ва 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжуманидаги
М А Ъ Р У З А С И
Ассалому алайкум, ҳурматли матбуот анжумани қатнашчилари!
Бугунги учрашувимизда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2021 йил якунлари ва жорий йилдаги устувор вазифалар, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга ошириладиган ишлар, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларининг фаолияти,камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишларга тўхталиб, бу юзадан сизларни қизиқтирган саволларга жавоб берамиз.
Аввало, шу ўринда ўтган 2021 йилда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини акс эттирувчи қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Ўтган йил якуни билан вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 26,9 трлн. сўмга етиб, бу борадаги режа 109,2 фоизга бажарилди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 13,6 трлн.сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулот ишлаб чиқариш 20,5 трлн.сўмга, бажарилган қурилиш ишлари
4,3 трлн. сўмга, чакана савдо айланмаси ҳажми
10,7 трлн.сўмга, жами хизматлар 8,4 трлн.сўмга етди.
Вилоят маҳаллий бюджет даромадлари бўйича йиллик белгиланган 1 трлн. 282 млрд.сўмлик режа амалда 1 трлн. 589 млрд.сўмга ёки 124 фоизга бажарилди.
Бюджет харажатларининг 67 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадларига йўналтирилди.
Вилоятдаги хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 189 тага етиб, ўтган йилда амалга оширилган лойиҳалар доирасида 282,2 млн долларга тенг бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ва йиллик прогноз кўрсаткичи 112,2 фоизга бажарилди.
Ҳудудий дастур доирасида умумий қиймати 4,9 трлн.сўм бўлган 1 минг 328 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 12 минг 990 та янги иш ўринлари яратилди.
Маҳаллийлаштириш дастури асосида ўтган йил 81 та лойиҳа амалга оширилиб, 648 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Натижада импорт ўрнини босиш самарадорлиги
28 млн долларни ташкил этди.
Вилоятда 2021 йил якунлари билан экспорт ҳажми
234,3 млн. долларни ташкил қилиб, 2020 йилга нисбатан 135 фоиз ўсишга эришилди.Экспорт фаолиятига 85 тадан ортиқ янги корхоналар жалб этилиб, экспорт географияси
40 дан ортиқ давлатларни ташкил қилди.
Ўтган 2021 йилда вилоятда 5 мингга яқин кичик бизнес субьектлари янгидан ташкил этилиб, фаолият кўрсатмаётган 1 минг 104 та корхонанинг фаолияти қайта тикланди. Натижада вилоятда кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 73,9 фоизга етди.
2021 йил Инвестиция дастури доирасида 184 та объектда яъни, 34 та мактаб, 8 та мактабгача таълим, 7 та тиббиёт муассасалари, 4 та жисмоний тарбия ва спорт, 1 та маданият, 34 та ичимлик ва оқова сув объектлари, 24 та ирригация ва мелиорация, 17 та автомобиль ва ички йўллар ҳамда 55 та бошқа объектларини янгидан қуриш реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Вилоятимизда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ иштирокида қишлоқ жойларида 840 хонадонли 28 та кўп қаватли, арзон уй-жойлар қурилиши якунланди. Янги тартиб бўйича 1 минг 380 та хонадонли 59 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, бир қисми фойдаланишга топширилди, қолган қисми жорий йил 1-чорагида фойдаланишга топширилади.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида барча манбалар ҳисобидан 356,9 млрд. сўмлик (103,3 %) қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди.
2021 йилда вилоятда ирригация ва мелиорация тармоқларида олиб борилган таъмирлаш ва тиклаш ишлари натижасида 36,4 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Шунингдек, 312 та фермер хўжаликларининг 8 минг 367 гектар ер майдонига сув тежовчи технологиялар ўрнатилди.
Ўтган йил вилоятда туризм йўналишида 519 та ўринли 12 та янги меҳмонхона, 104 та ўринга мўлжалланган 10 та меҳмон уйлари, 2 минг 400 та ўринга мўлжалланган 11 та замонавий ресторан, 4 та йўл бўйи туризм инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилди.Зиёрат туризми объектлари сони 10 тага етказилди.
Маҳаллий ва хорижий сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Урганч шаҳридаги Паҳлавон Махмуд кўчасида гастрономик кўча, Янгиариқ туманида кулолчилик маркази барпо этилди. Хива шаҳридаги 4,5 км узунликдаги Аллея қурилиши давом эттирилмоқда.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури асосида вилоятни рақамли трансформация қилиш, хусусан намунавий ҳудудлар ҳисобланган Хонқа ва Шовот туманларини рақамлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Урганч компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежининг бир қисмида АйТи-Парк Хоразм вилояти филиалини ташкил этиш ишлари ниҳоясига етказилди.
Вилоятда ишсизлар сони 78 минг 900 нафарни, ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил қилади. 2021 йилда 75 минг нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди.
Вилоятда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” дастурида белгиланган вазифалар ижроси бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
2021 йил давомида 20 минг ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасалари ташкил қилиниб, қамров кўрсаткичи 74,4 фоизга етказилди.
Халқ таълими тизимида мактабларни моддий-техник базасини яхшилаш учун жами 186 млрд сўм маблағлар ҳисобига 53 та мактабда қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди.
2021 йилда математика фани бўйича 5 та, кимё-биология бўйича 4 та, информатика ва ахборот технологиялари йўналишида 5 та, хорижий тиллар соҳасида 14 та, жами 28 та ихтисослашган мактаблар ташкил қилинди.
Шовот туманида Ал-Хоразмий номидаги физика-математика фанига ихтисослаштирилган Халқаро мактаб интернати ўз фаолиятини иш бошлади.Вилоятда мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига қамров даражаси 20 фоиздан 30 фоизга етди.
2021 йилда 2 минг 555 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилди.Тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида 5 та “оилавий шифокор” пункти ва 1 та оилавий поликлиника ишга туширилди.
Вилоят аҳолисининг катта қисмини қийнайдиган буйрак касалликларини даволаш учун вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлими негизида Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази филиалини ташкил этилди. Республика кардиология маркази Хоразм филиали базасида Оролбўйи кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий маркази ташкил қилинди.
Умуман, вилоятда иқтисодиётида, ижтимоий соҳаларда юқори натижаларга эришдик ва биз бу билан тўхтаб қолмасдан, ютуқларимизни янада мустаҳкамлаш, ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирларини кўряпмиз.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Муҳтарам Президентимиз хоразмлик сайловчилар билан сайловолди учрашувида вилоятимизда ҳар бир шаҳар ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги режаларни белгилаб бердилар. Шунга асосан, Хоразм вилоятини келгуси
5 йилликда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурни 2022 йилда ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгиланган асосий йўналишларга қисқача тўхталиб ўтсам.
Биринчи йўналиш бу - вилоятда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида 2022 йилда 336 минг нафар аҳолини бандлигини таъминлаш чораларини кўрамиз.
Бунинг учун, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринларини яратиш учун масъул бўлган “ҳоким ёрдамчи”лари билан биргаликда “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида ҳудудларда камбағаллик даражаси камайтирилади.
Шунингдек, шароити оғир 32 та маҳаллаларда 36 та кооперациялар ташкил этилиб, уларга жами
64 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилади.
2022 йилда вилоятда 4 минг 639 гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида, узоқ муддатли ижарага берилади ва 37 минг нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланади, аввало, “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқароларнинг деҳқончилик билан шуғулланишларига имконият яратилади.
Шунингдек, Янгиариқ туманида экин экилмайдиган ерларда тадбиркорлар томонидан қудуқлар қазилиб, ихчам иссиқхоналар қурилади ва улар аҳолига кооперация асосида берилади. Натижада, 2 минг нафар аҳоли банд бўлади.
Маҳаллаларда етишмайдиган хизмат турларини ташкил қилиш мақсадида 2022 йилда 1 минг 343 та енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шаҳобчалари (контейнерлар), 171 та кўчма савдо объектлари, 1 минг 409 та бўш турган биноларда янги савдо ва сервис объектлари ташкил этилади.
Иккинчи йўналиш – келгуси беш йилда вилоятда 5 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали, 70 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратилади.
Жумладан, Қўшкўпир, Шовот, Урганч туманларида ип-калава ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар ишга туширилиши натижасида 784 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 5,3 млн.долларлик қисми экспортга йўналтирилади.
Урганч шаҳрида қиймати 59,4 млн.долларга тенг “Базальт тола ишлаб чиқариш" лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 825 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланади.
2022 йилда жами 837 млн.доллар миқдорида тўғридан-тўғри ҳорижий инвестициялар ва хорижий кредитларни жалб қилиш ва ўзлаштирилишини қатъий назоратга олиш ва ушбу лойиҳаларни ўз муддатларида амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўрамиз.
Яқинда Марказий Осиё минтақаси энерготизимида юз берган авария ҳолати муқобил энергия таъминоти тизимларини яратиш заруратини кун тартибига қўйди. 2022 йилда Туркия билан ҳамкорликда Янгиариқ туманида давлат-ҳусусий шерикчилиги асосида қуввати 174,0 МВт. га тенг бўлган “Иссиқлик электр станцияси қуриш” лойиҳаси амалга оширилади.
Шунингдек, Тупроққалъа туманидаги Саримой массиви ҳудудида Давлат-хусусий шерикчилиги асосида қуввати 100,0 МВт. га тенг бўлган “Қуёш фотоэлектрик станцияси қуриш” лойиҳаси амалга оширилади.Натижада, Тупроққалъа туманининг янги ишга тушадиган объектлари учун муқобил энергия манбаи яратилади.
2022 йилда 44 та янги кичик саноат зоналари ташкил этилиб, уларнинг сони 63 тага етказилади.
Учинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш.
Бу борада, аввало, сув таъминоти ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича лойиҳаларни давом эттирамиз.
2022 йилда “Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш ишлари бошланади. Ушбу лойиҳага 5 йилда жами 130 миллион доллар йўналтирилиши ҳисоб-китоб қилинган. Бунинг ҳисобига, 250 минг гектар ер майдонларининг сув таъминоти ва мелиоратив ҳолати яхшиланади.
Шунингдек Туямўйин гидроузелининг Султон Санжар дамбасини мустаҳкамлаш ҳисобига, Хоразм вилояти учун йилига 370 миллион куб метр қўшимча сув захираси яратиш бўйича йирик лойиҳадаги қурилиш ишлари бошланади.
2022 йилда 23 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилинади, 30,5 минг гектар майдонларда лазер текислаш ишлари амалга оширилади.
Шу билан биргаликда 2022 йилда янги ўзлаштирилган ерлар ва самарасиз боғ-токзорлар ўрнида 2,5 минг гектар интенсив боғ ва 1875 гектар узумзор барпо этилади. Жумладан, Олтиариқ тажрибаси асосида Боғотда 1,2 минг гектар майдонда узумчилик кластерлари ташкил этилади.
Шунингдек, 1 та йирик агрологистика маркази ишга туширилади ва замонавий иссиқхоналар қурилиши давом қилдирилади.
Тўртинчи йўналиш – аҳоли ва тадбиркорлик учун қулай инфратузилма яратиш.
2022 йилда ҳам “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари давом эттирилади. Мазкур дастурлар асосида бажариладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун барча манбалар ҳисобидан 367 миллиард сўм маблағ ажратилади.
2022 йил Инвестиция дастурига асосан жами 89 та объектда 663 млрд.сўмлик реконструкция, қурилиш ва таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш чораларини кўрамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан Хонқа тумандаги
“Ёш куч”, Янгиариқ тумандаги “Дўстлик”, Тупроққалъа тумандаги “Обод” маҳаллаларида 488 хонадонга мўлжалланган 22 та кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
Шунингдек, 2022 йилда аҳолига 925 та уй-жойлар сотиб олиш ва 500 та якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун 53,6 млрд. сўм субсидиялар ажратилади.
Бешинчи йўналиш – экология ва аҳоли саломатлиги.
2022 йилда тиббий хизматларни маҳалла даражасигача етказиш белгиланган. Маҳалларга бириктирилган “тиббиёт бригадалари” ва оилавий поликлиникаларни планшет, тонометр ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш учун маҳаллий бюджетдан 2,4 млрд. сўм ажратилади. Онкологик касалликларни эрта аниқлаш учун 45 ёшдан ошган 180 минг нафар аёлларни ҳар йили скрининг текширувидан ўтказиш учун 612 млн. сўм, 180 минг нафар болалар ва ҳомиладор аёлларни витаминлар билан бепул таъминлашга 4,7 млрд. сўм маблағ йўналтирилади.
Вилоятда 100 нафар туғма юрак нуқсони бор юқори технологик операцияга муҳтож болаларни бепул даволаш учун 5 млрд. сўм маблағ ажратилади. 2022 йилда вилоят бўйича 10 та маҳаллада оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда Урганч ва Хива шаҳарларида 2 та оилавий поликлиника ташкил қилишга жами 8,5 млрд. сўм маблағ сарфланади. Шунингдек, 2 та туманлараро перинатал марказларини ташкил этиш ишларига 13,3 млрд. сўм ажратилади.
Бундан ташқари Ҳазорасп, Гурлан ва Хива туманларида урология, травматология, Янгиариқ, Шовот, Қўшкўпирда кардиология, неврология, эндокринология, Хонқа, Боғот, Янгибозор ва Урганч туманларида болалар учун гематология, неврология ва буйрак касалликлари бўлимлари ташкил қилинади.
Гурлан ва Ҳазорасп туманларида туманлараро ўткир қон-томир касалликлари марказлари ва гемодиализ хизматини ташкил этиш тадбирларига жами 3,3 млрд. сўм сарфланади.
2022 йилда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида шаҳар ва туманлар марказларида жамоат парклари барпо қилинади, Хазорасп, Янгиариқ, Тупроққалъа ва Хива туманларида яшил майдонлар 1200 гектарга кенгайтирилади.
Олтинчи йўналиш – таълим сифатини ошириш.
Ҳурматли Президентимиз, шу йил 28 январь куни халқ таълими соҳасини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу йўналишда олдимизга жуда катта вазифаларни қўйдилар. Ҳар бир вилоятда, шаҳар ва туманда ҳоким бошчилигида ҳудудий кенгашлар тузилиб, ихтисослашган мактаблар ташкил қилиш, педагог кадрлар салоҳиятини ошириш, дарсликлар ва ўқув юкламалари, мактабларнинг моддий базасини яхшилаш бўйича бажариладиган чора-тадбирларнинг “Йўл харитаси” тайёрланмоқда.
Яна бир янгилик, жорий йил 1 апрелдан ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида умумтаълим мактабларининг 1-4 синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилади.
2022 йилда вилоятда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси 76,8 фоизга етказилади. Бунда, Давлат инвестиция дастури доирасида 1 та мактабгача таълим муассасасини янгидан қурилади, 8 та мактабгача таълим муассасини реконструкция қилинади, 15 та давлат-хусусий шерикчилик асосида ҳамда 60 та оилавий боғчаларни ташкил этилади.
Шунингдек, вилоятда 2022 йилда 2 та янги мактаб қурилади, 14 та мактаб реконструкция қилинади, 22 та мактаб мукаммал таъмирланади, 136 та мактаб компьютер техникалари билан таъминланади. Ҳар бир шаҳар ва туманда янгидан ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади.
Олий таълим таълим билан қамров даражаси 32 фоизга етказилиб, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали негизида мустақил олийгоҳ ташкил қилинади.
Бундан ташқари, Урганч давлат университети талабаларини турар-жой билан таъминлаш мақсадида, қўшимча 400 ўринли янги ётоқхона қурилади.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун 100 та мақсад” белгилаб олинган. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид 398 та банддан иборат Давлат дастури қабул қилинди. Биз вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиққан “Йўл харита”мизни йил Дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб янада такомиллаштириб, зарур қўшимчаларни киритамиз ва депутатлар, фаоллар, кенг жамоатчилик билан маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб 10 февралгача Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритамиз.
Қадрли дўстлар!
Бу ерда кўпчилик оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этаётгани туфайли уларнинг фаолиятига дахлдор яна бир янгилик ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Айни кунда “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва миллий журналистикани ривожлантириш тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилган. Лойиҳада оммавий ахборот воситаларига фойда солиғи ва ходимларига даромад солиғи бўйича 50 фоиз имтиёз бериш, четдан келтириладиган телерадиоускуналар, қоғоз ва бошқа маҳсулотларни божхона божидан озод қилиш, босма нашрлар ходимлари иш ҳақи харажатларининг камида 50 фоизини муассиснинг бюджетдан ташқари ишлаб топган маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш каби бир қатор енгилликлар, имтиёзлар кўзда тутилган. Сизлар ҳам ушбу Фармон лойиҳаси бўйича ўзларингизнинг таклифларингизни беринглар.Албатта, яқин кунларда бу муҳим ҳужжат қабул қилиниб оммавий ахборот воситалари учун катта имкониятлар яратилади.
Фурсатдан фойдаланиб, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни кенг ёритиб боришда ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, журналистларга, блогерларга чуқур миннатдорчилик билдираман.Келгуси фаолиятларингизда катта ютуқлар, ижодий баркамоллик тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Бош саҳифага қайтиш