Click to listen highlighted text!

САНОАТ ЯРМАРКАСИ ВА КООПЕРАЦИЯ БИРЖАСИ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

Бугун, Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида Хоразм вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамкорлигида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўз ишини бошлади.
Ҳар йили тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва кичик бизнесни ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси мунтазам равишда ўтказиб келинади.
Саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг асосий мақсади – саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кооперация алоқаларини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай
шарт-шароитлар яратиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва кичик тадбиркорлик субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш.
Ярмарканинг муҳим вазифаларидан бири аҳоли ва ишлаб чиқарувчиларни саноат соҳасидаги янгиликлардан хабардор қилиб бориш орқали четдан импорт қилинаётган маҳсулотлар, бутловчи қисмларнинг маҳаллий корхоналаримиз томонидан ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш, экспортни ошириш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳисобланади.
Саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг фаолияти йилдан-йилга ривожланиб, тадбиркорлик субъектлари ва хўжалик ташкилотлари ўртасида хамкорликни ривожлантиришнинг муҳим воситасига айланиб бормоқда.
Ярмаркада 150 дан ортиқ хоразмлик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва қўшни вилоятлар тадбиркорлари ўзларининг маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Вилоятдаги мавжуд бўш турган бино, давлат мулк обектлари ва ер участкалари тақдимоти ҳам тадбиркорлар эътиборига ҳавола қилинди.
2019 йилда мамлакатимизда кооперация алоқаларини ривожлантириш ҳамда саноат ярмаркаларини ўтказиш тартибларини такомиллаштириш борасида бир қанча муҳим ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 йил 1 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга асосан www.cooperation.uz домени остида электрон кооперация Портали ташкил этилди. Мазкур Порталда тадбиркорлар ўз маҳсулотларини реклама қилган ҳолда, бизнес-хамкорлар топиш ва электрон тарзда тўғридан-тўғри савдо шартномалари тузиш, бошқа тадбиркорлик субъектлари билан кооперацион алоқалар ўрнатиш имкониятига эга бўлдилар. Бугунги кунга қадар электрон кооперация Портали орқали вилоятимиз тадбиркорлари иштирокида умумий қиймати 184,5 млрд. сўмлик шартномалар имзоланган.
Электрон кооперация Портали тадбиркорлар учун бир қанча қулайликларни яратди. Хусусан,
•  Ўз маҳсулотини сотишда ёки ўзига керакли хом-ашё ва товарларни сотиб олишда бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳамда бюджет ташкилотлари билан электрон тарзда тўғридан-тўғри шартномалар имзолаш;
•  Узоқ масофада жойлашган ҳаридор ёки сотувчилар билан исталган жойда интернет орқали шартномалар имзолаш;
•  Ўз маҳсулотини бутун мамлакат бўйлаб реклама қилиш;
•  Ўз ишлаб чиқаришини кенгайтириш учун бошқа тадбиркорлар билан кооперация алоқаларини ўрнатиш;
•  Ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган хом-ашё етказиб берувчиларни қидириб топиш ва бошқалар.
Шунингдек, 2019 йил 30 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 833-сонли қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Республикамизнинг барча вилоятларида ҳар 3 ойда ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаларини ўтказиб бориш тартиби жорий этилди. Мазкур чора-тадбирлар, авваламбор тадбиркорларга қулайликлар яратган ҳолда, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини кўзлаб амалга оширилмоқда.
Мазкур саноат ярмаркасида вилоятимизда олдиндан ривожланган соҳалар ҳисобланган енгил саноат, қурилиш материаллари саноати, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари билан бир қаторда янгидан ўзлаштирилган маҳсулотлар, хусусан, сув тозалаш ускуналари, маиший газ баллонлар, енгил автомобиллар учун эҳтиёт қисмлари, қуёш батареялари, қуёш коллекторлари, қуёш батареяларида ишлайдиган кўча ташқи ёриткичлари, ҳар хил турдаги LED лампалар, спорт инветарлари, янги тур қурилиш маҳсулотлари ва бошқалар намойиш этилди.

Ушбу ярмаркадан самарали фойдаланиб, бугунги кунда четдан импорт қилинаётган маҳсулотлар, бутловчи буюмларни маҳаллий корхоналаримиз томонидан ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устувор вазифалардан биридир.
Тадбирда қатнашган тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ва ҳарид қилинаётган хом ашё тўғрисида, вилоятдаги талаб ва таклиф динамикаси тўғрисида маълумотларга эга бўладилар.
Ушбу кўргазма ўз-ўзидан бозорга янги кирадиган, ўзимизда маҳаллий хом-ашёдан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни қўллаб-қувватлаш учун буюртмалар портфелини шакллантиришга ва маҳсулотларни реклама қилишга амалий ёрдам бўлади.
         Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кўргазма мамлакатимизда импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва кичик бизнес субъектлари ўртасида саноат кооперациясини жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини янада кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Кўргазмада вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари К.Игамбергенов, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж.Мамажанов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Ярмарка ўз ишини эртага ҳам давом эттиради. 
Саноат ярмаркаси ва кооперация биржасига МАРҲАМАТ.

Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив