Click to listen highlighted text!
Хоразм вилояти ҳокимлиги

Хоразм воҳасидан буюк аждодларимиз ворислари етишиб чиқади


Янги Ўзбекистонимизни юксак тараққиёт босқичига кўтаришдек эзгу ниятимизга янгича ва мустақил фикрлайдиган, ўз Ватанини жонидан ортиқ севадиган, унинг ёруғ келажаги учун садоқат билан хизмат қиладиган, фидойи ёшларни тарбиялаш орқали эришамиз.



Шавкат Мирзиёев


Давлатимиз раҳбари ушбу сўзларни жорий йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида очилган Президент мактаби билан танишиш чоғида фахрий меҳмонлар китобига дастхатида ёзиб қолдирган эди.


Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига, бутун жамиятнинг устувор вазифасига айланди. Мамлакатимизда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилгани Ватан, миллат номини улуғлашга бел боғлаган ёшларнинг орзуларига қанот бўлди.


Президентимиз мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтариш учун, аввало, янги авлод кадрларини тайёрлаш зарурлигини таъкидлайди. Шу мақсадда юртимизнинг ҳар бир ҳудудида мутлақо замонавий шаклдаги таълим муассасалари – Президент мактабларини ташкил этишга киришилди.


2019 йил 20 фeвраль куни давлатимиз раҳбарининг “Прeзидeнт мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, қисқа муддатда Тошкент шаҳрида дастлабки Президент мактаби фойдаланишга топширилди, Нукус ва Наманган шаҳарларида шундай мактаблар қурилиши жадал давом этмоқда.


2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида Президент мактаблари ташкил этиш режалаштирилган.


Мазкур ўқув масканлари янги авлод кадрларини етиштиришда муҳим пойдевор бўлиши шубҳасиз. Чунки, Президент мактаблари иқтидорли болаларни аниқлаш, уларга илғор технологияларни қўллаган ҳолда сабоқ бериш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизимга айланади. Бу ёш авлоднинг истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол этиб шакллантиришга хизмат қилади.


Президент мактаблари ихтисослаштирилган таълим муассасаси шаклида ташкил этилиб, ўқувчилар 4-синф битирувчилари орасидан мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра қабул қилинади. Мактабнинг йиллик қабул квотаси 24 ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Таълим жараёни хориждаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади. Табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар билан бирга ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ўзликни англатиш учун ўзбек тили ва адабиёти, тарих ва бошқа фанларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилади.



Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрида фаолият бошлаган Прeзидeнт мактаби билан танишиш чоғида ушбу мактабга қабул қилинган ўқувчиларни Ўзбекистоннинг “олтин фонди”да қиёслаган эди. Шу битлан бирга Президент мактаблари жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги тақдирини ўз қўлига олишга, глобаллашув даврида кескин беллашув ва рақобатларда ғолиб бўлишга қодир шахсларни – янги Хоразмийлар, Фарғонийлар, Берунийлар, Улуғбекларни тарбиялаб етиштиришини таъкидлаган эди.


Ана шу хайрли ташаббуснинг яна бир ижобати сифатида куни кеча Хоразм вилоятида ҳам Президент мактаби очилди. Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда депутатлар, сенаторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.


Тадбирда сўзга чиққанлар Хоразм воҳаси дунё илм-фанининг энг қадимий бешикларидан бири бўлиб, бу заминдан етишиб чиққан Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд аз-Замаҳшарий каби улуғ мутафаккирлар ўзларининг беқиёс кашфиётларини билан инсоният тамаддунига салмоқли ҳисса қўшганини, бу илмий хазинадан бугунги кунда ҳам сайёрамиз халқлари фойдаланиб келаётганини таъкидлади.


Бугун катта ишонч билан айтиш мумкинки, она диёримизда буюк аждодларимизга муносиб ворислар тарбиялашга мустаҳкам пойдевор қўйилди. Президент мактаблари мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига зарур шароит яратади.


Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 сентябрдаги фармони билан Ўзбкекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаради. Ушбу фармон билан Президент мактаблари, халқимизнинг ардоқли адиблари номидаги ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар мазкур агентлик бўйсунувига ўтказилди.


Хоразм вилоятида қисқа фурсатда қурилиб, фойдаланишга топширилган Президент мактаби янги авлод кадрларини тарбиялашда муҳим асос бўлади. Мазкур ўқув маскани тузилиши жиҳатидан анъанавий мактаблардан фарқли равишда ихчам ва билим олиш учун қулай. Мактаб 168 ўринли бўлиб, 2 қаватли ўқув биноси, ошхона, 3 қаватли ётоқхона, хорижлик ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона мавжуд. Ҳар бир синф хонада интерактив доска ва таблолар, Science хоналарида алоҳида лаборатория хоналари мавжуд.


Спорт зали, сузиш ҳавзаси қурилишига ҳам инновацион ёндашилган. Айниқса, ўзида замонавий қулайликларни мужассам этган ётоқхона ўқувчиларга оила муҳитидагидек яшаш ва дарс қилиш имконини беради. Мусиқа хонасида ўғил-қизлар миллий ва хорижий чолғу асбобларидан фойдаланган ҳолда дарсларни мазмунли ўтказишади.


Жорий йилда мазкур мактабнинг 5-10 синфларига ҳужжат топширган 6 минг 400 нафардан зиёд ўқувчидан 144 нафари қабул қилинди. Келаси ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили 5-синфга 24 нафар ўқувчи қабул қилинади.


– Мазкур мактабга ўқувчилар жуда кўп талабгорлар орасидан икки босқичда ўтказилган имтиҳонлар натижаларига кўра саралаб олинди, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бобохўжаев. – Кириш имтиҳонлари адолатли ва шаффоф бўлиши учун қаттиқ назорат остида, жуда талабчанлик билан ўтказилди. Имтиҳонларни Кембриж университетининг малакали ўқитувчи-экспертлари олди. Бу ерда ўқувчиларга шунчаки билим берилмайди. Бу мактабда таҳсил олган ёшлар келгусида ҳақиқий ватанпарвар, эл-юртимизга чин дилдан хизмат қилувчи етук кадрлар этиб тарбияланади.


Мактаб кутубхонаси Кембриж, Оксфорд университетлари нашриётлари ҳамда Коллинз нашриётининг “STEAM” дастури бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалари, ўзбек ва жаҳон бадиий адабиёти намуналари билан таъминланган. Дарсликларнинг электрон шакллари ҳам мавжуд, бу ўқувчиларга улардан янада самарали фойдаланиш имконини яратади.


– Хоразмда Президент мактаби очилгани илмга чанқоқ вилоят ёшлари учун жуда катта совға бўлди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев. – Мен мактабга қабул қилинган ўғил-қизларнинг кўзига қараб туриб шуни англадимки, халқимиз, юртимиз, давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаш учун билим олиб ўзини кўрсатадиган катта куч майдонга келди. Бу ёшларнинг ҳар бири билан оила аъзолари, маҳалладошлари, қолаверса, бутун Хоразм эли фахрланса арзийди. Чунки, бу мактабга энг билимли ўқувчилар саралаб олинган.


– Шовот туманининг энг чекка ҳудудларидан “Оқ кўл” маҳалласида яшаймиз. Бугун мен ва оила аъзоларим учун жуда қувончли кун. Қизим Мавлуда Худоёрова ўз билими билан Президент мактабига ўқишга кириб, ҳаммамизни севинтирди, – дейди Хосият Тожиева. – Ушбу мактабда яратилган шарт-шароитлар билан танишар эканман, кўзларим қувончдан ёшланди. Президентимизнинг чекка ҳудудлардаги билимли ёшларнинг энг замонавий шароитларда билим олиши, етук кадрлар бўлиб улғайиши учун кўрсатаётган чексиз эътибор ва ғамхўрлигидан бошимиз осмонга етди. Адолат ва халқпарварлик ҳукм сураётган юртимизга файзу барака ёғилаверсин.


Президент мактабида дарслар Кембриж университети экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари асосида олиб борилади. Мактабга 11 нафар хорижий юқори малакали мутахассис ҳамда 20 нафар маҳаллий ўқитувчи жалб қилинган. Улар ҳам халқаро таълим талаблари асосида махсус имтиҳонлар орқали танлаб олинган.


–Жанубий Африка Республикасидан келдим, – дейди математика фани ўқитувчиси Танговито Какама Хаё. – Буюк алломалар Ал-Хоразмий ва Ал-Беруний юртига келиб уларнинг авлодларига дарс бераётганимдан мамнунман. Ўзбекистонлик ёшлар илмга чанқоқ, интеллектуал салоҳияти жуда юқори. Ўйлайманки, бу мактабдан келгусида ўз кашфиётлари билан аждодлари сингари бутун дунёни лол қолдирадиган олимлар етишиб чиқади ва бунда менинг ҳам ҳиссам бўлишидан хурсандман.

Аҳмаджон ШОКИРОВ ЎзА

Мухокама 1

Георгий
Георгий от 20 декабря 2019 18:11
Мана Ал-Хоразмий ва Ал-Берунийлар юрти Президентимизга катта рахмат булар учун.
Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив