Hurmatli fuqarolar! Rasmiy veb-saytimizda texnik ishlar olib borilayotganligi munosabati bilan qisqa uzilishlar yuzaga kelishi mumkin. Keltirilgan noqulayliklar uchun uzr so‘raymiz.
Кўриш қобилияти ожизлар учун
Матн ҳажми
Сайт ранги
Тасвирлар

30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан Хоразм вилояти ҳокимининг вилоят ёшларига байрам табриги

  • Qog'ozga chop etish


Ассалому алайкум ҳурматли ёшлар! Азиз Фарзандларим!


Муҳтарам Президентимизнинг жонажон Ватанимизнинг чинакам раҳнамоси сифатидаги беқиёс ғамхўрлиги, эътибори туфайли мамлакатимизда Ёшларга оид давлат сиёсатининг янги босқичи бошланиб, давлатимиз раҳбари алоҳида эътироф этган “Ўзбекистон ёшлари ҳаётидаги туб бурилишлар йили”да   нишонланаётган – “Ёшлар куни” байрами билан Сиз азизларни, Сизнинг тимсолингизда вилоятимизнинг барча ёшларини   чин дилдан муборакбод этаман! 

Маълумки, бундан уч йил мақаддам - 2017 йилнинг 30 июнь куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ушбу сананинг Ўзбекистон Республикасида “Ёшлар куни” байрами сифатида Мустақиллигимиз солномасидан муносиб ўрин эгаллагани нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлган эди!

Орада ўтган даврда амалга оширилган жами  бунёдкорликлар, барча соҳалардаги туб ислоҳотлар, кундалик турмушимиздаги шиддатли ўзгаришлар, эзгу янгиланишлар, аввало, ёшларимиз келажаги учун, уларнинг озод ва обод ватанда, ҳеч кимдан кам бўлмай, бахтли ҳаёт кечириши, илм олиши, ҳунар эгаллаши, ўзидаги бор қобилият ва истеъдодни ёрқин намоён этиб, юртимиз довруғини, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсини янада оширишга ҳисса қўшадиган етук, баркамол авлод бўлиб вояга етиши, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиши учун қилинаётган сайъи - ҳаракатлар эканини барчангиз яхши биласиз.

Шу улуғ мақсад йўлида вилоятимизда ҳам ёшларимиз учун шу вақтга қадар кузатилмаган имтиёз ва имкониятлар, эътироф ва қўллаб-қувватлаш муҳити янада барқарорлашиб бормоқда.

Ўтган йили вилоятимизда бирданига иккита нуфузли таълим масканлари – Хива шаҳрида Президент мактаби ва Огаҳий Ижод мактабининг очилиши азалдан илм-маърифат ва зиё маскани бўлган Хоразм ёшлари учун муҳтарам Президентимизнинг бебаҳо туҳфаси бўлди.  Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароитлар яратиш, истеъдодини юзага чиқариш, уларни касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантиришга ҳар қачонгидан-да юксак эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшларга оид давлат сиёсатидаги  кўплаб янгиланишлар вилоятимиз ёшлари ҳаётига тадбиқ этилиб, салмоқли қадамлар қўйилмоқдаки, буларнинг барчаси юртбошимиз таъкидлаган туб бурилишларнинг бошланганидан далолатдир. 

Жумладан, вилоят ҳокими раҳбарлигида Ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро Кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда ҳар бир ҳоким секторлар раҳбарлари билан биргаликда ёшлар билан ишлашни ўзининг устивор вазифаси қилиб белгилагани, ҳар ҳафтанинг бир  куни “Ёшлар масалаларини ечиш куни”, ҳар ўн беш кунда икки кун “Ёшлар билан ишлаш куни” этиб белгилангани, айниқса, жойларда ўтказилаётган “Ҳоким ва ёшлар”, “Раҳбар ва ёшлар”  учрашувлари -   ёшларимиз қалбига йўл топиш, уларни қийнаб келаётган камчилик ва муаммолар ечимини ўз жойида ҳал этиш, ёш иқтидорларга кенг йўл очиб беришнинг энг қулай воситаси бўлиб, ҳокимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат идоралари ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчига айланиб бораётгани, ёшларга оид давлат сиёсатининг амалий ифодасига хизмат қилмоқда. 

Шу ўринда вилоятимиз ёшлари ҳаётига оид айрим рақамларни келтириб ўтсам.

Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши тизимида жами 1 455 та бошланғич ташкилот тузилди ва ёшлар етакчилари сайланди (умумий ўрта таълим муассасаларида 536 та, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида 92 та, олий таълим муассасаларида 3 та, корхона ва ташкилотларда 824 та бошланғич ташкилотлар тузилди). 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида, 70 минг нафардан ортиқ сардорлар сайланди. 400 000 нафардан ортиқ ёшлар иттифоқ аъзолигига қабул қилинди.

Ёшларни ҳар томонлама камол топтириш, ёшлар тадбиркорлигига ва бандлигига кўмаклашиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда Ёшлар маркази ва “Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш марказ” лари ташкил қилиниб, 100 дан зиёд тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

“Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида” ги Президент Фармони  ижроси юзасидан вилоятда ва барча туман шаҳарларда Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссиялари фаолияти йўлга қўйилиб, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича муталқо янгича тизим яратилди.

Бунинг самараси ўлароқ 2020 йилнинг ўтган даври давомида Дастур доирасида 63 нафар ёш тадбиркорларга
 5,9 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, 65 та янги иш ўринлари яратилди. Йил якунигача 166 нафар ёш тадбиркорларга 16,2 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилиши ҳамда 572 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Дастур доирасида Урганч шаҳридаги Амир Темур истироҳат боғи ҳудудида “Коворкинг” маркази қурилиш ишлари тез орада якунланиб, ёшларимиз ихтиёрига топширилади. 

Вилоят бўйича 30 та “Ёшлар меҳнат гузарлари” тўлиқ қурилиб, фойдаланишга топширилши натижасида 180 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. 27 та “Ёшлар меҳнат гузарлари”да қурилиш ишлари олиб борилмоқда.


Ҳурматли ёшлар!

2020 йил давомида 38 минг 883 нафар доимий иш жойига эга бўлмаган ёшларнинг 28 минг 974 нафарининг ёки 74,5 фоизини бандлигини таъминлаш режалаштирилди. 

Ўтган давр мобойнида 22 минг 752 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. 

Жамиятда ёшларнинг роли ва обрўсини ошириш, ёш авлод муаммолари ичига чуқурроқ кириш ва уларни ҳал этиш бўйича яратилган тизимнинг амалдаги натижаси сифатида 2020 йилнинг ўтган даври давомида  4 та сектор раҳбарлари томонидан 314 та учрашувлар ўтказилди.

Учрашувларда жами 40 412 нафар ёшлар иштирок этиб, улар томонидан берилган 1 822 та таклиф ва мурожаатлардан 473 таси ёки 26 фоизи жойида ҳал қилинди, 987 тасига тушунтириш берилиб, 396 таси “Йўл харитаси”га киритилди.


Ҳурматли қадрдонларим!


Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, адабиёт, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси орзу ва интилишларингизга чинакам қанот бўлмоқда десак, асло муболаға эмас!

Бу борада Хоразм ёшлари кундалик ҳаётини фойдали мазмун билан тўлдиришга қаратилган “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича
 703165 нафар ёшлар ўртасида сўровномалар ўтказилди. Натижаларга кўра,
 129085 нафар ёшлар маданият ва санъат соҳасида,
 209182 нафар ёшлар жисмоний тарбия ва спорт, 127824 нафар ёшлар ахборот технологиялари, 18753 нафар ёшлар китобхонлик,
 71057 нафар ёшлар касб-ҳунар ўрганиш ва бандлигини таъминлаш бўйича ўз хоҳиш иродасини намоён этдилар ва бу борада аниқ йўналишидаги ишлар белгилаб олинди.

Барча туман шаҳарларда 420 та ишчи-гуруҳлар ташкил қилиниб, вилоятдаги таълим муассасалари, маданият марказлари ва кутубхоналардаги мавжуд китоблар, мусиқий асбоблар, спорт объектлари ва жиҳозлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди.

146 нафар ёш оилаларга “Ёшлар уйлари” топширилди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган “Ёш китобхон” республика танловининг 12 та маҳаллий босқичларида
 32000 нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди.

“Темурбеклар”, “Бургутлар”, “Мега спорт” ҳарбий-спорт мусобақалари юқори савияда ташкил қилинди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасасининг бакалавриат ва магистратура босқичлари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда тўлов контракти миқдорининг 35 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш тизими жорий этилди.

Хива туманида ташкил этилган тарбия ва спорт соғломлаштириш оромгоҳига 100 нафар ИИБ профилактик ҳисобида турган ёшлар жалб қилиниб, тарбияланишдан кейин 89 нафар ёшларга профилактик ҳисобдан чиқариш бўйича тавсиялар берилган.

4410 нафардан ортиқ ёшлар иштирокида “Суд ва ёшлар” мавзуларида очиқ мулоқотлар ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан имзоланган меморандумнинг 2,3,4-моддаларидан келиб чиқиб, бугунги кунга қадар 40 нафар ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Вилоят Кенгаши кафолат хати асосида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо турига алмаштириш орқали суд залидан олиб чиқилди.

Ҳар ойнинг сўнгги ўн кунлигида мунатазам равишда “Барчаси ўз қўлингда” тарғибот декадаси ўтказилиши йўлга қўйилди.

Кейинги 2 йилда 4 нафар ёшлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти, 4 нафар қизларимиз “Зулфия” номидаги давлат мукофоти, 3 нафар ёшларимиз “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди. 3 нафар ёшлар “Ўзбекистон белгиси” давлат мукофотига сазовор бўлишди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашида 8 нафар, маҳаллий Кенгашлар бўйича 29 нафар кадрлар юқори лавозимларга кўтарилди, шулардан 5 нафари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, 18 нафари тизимдан ташқари масъул лавозимларга тайинланди.

Ўтган йили Хива шаҳрида 320 ўринли замонавий “Хива ёшлар меҳмонхонаси” очилди.

Вилоятимиз ёшлари жорий йил февраль ойида Ҳиндистон давлатида ташкил қилинган “Сурадж Кунд Мела” халқаро миллий фестивалда муваффақиятли иштирок қилиб қайтишди.

Айни кунда ёшларимиз учун янада қувончли хушхабар вилоятимизда биринчи бор чет эл олийгоҳи Малайзиянинг Binary университети филиалини ташкил қилиш арафасида турибмиз. Умид қиламизки, қадимий Хоразмнинг навқирон авлодига дунё эшиклари очилиши бундай кейин ҳам яна кенгаяди. 

Яна бир қувончли хабар, Президентимизнинг ташаббуси билан Шовот туманида Муҳаммад Ал-Хоразмий бобомиз номида математика фанини чуқур ўрганишга ихтисослашган махсус мактаб қурилиши ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу янгиликлар замирида томирида буюк хоразмийлар қони оқиб турган, вужудида ота-боболаридан ўтган кучли истеъдод ва иқтидор мавж урган ўғил-қизларимизга юртбошимизнинг чексиз ишончи, ғамхўрлиги, меҳру муҳаббати мужассамдир.

Ва, албатта, бу эъзоз ва эътибор учун Хоразм ёшлари муҳтарам Президентимизга самимий миннатдорчиликлари рамзи сифатида ўзларининг билими, иқтидори, илм-фан, адабиёт, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқлари билан муносиб жавоб қайтарадилар деган умиддаман.

Шу ўринда жаҳоннинг кўплаб давлатларини қамраб олган пандемия шароитида муҳтарам Президентимизга, вилоят раҳбариятига,  халқимизга камарбаста бўлган фидойи ёшларимизга, юрт бошига ташвиш тушганда майдонга отилиб чиқиб, ватанпарварлик намуналарини кўрсатган жасур, садоқатли ўғил-қизларимизга, “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида жонбозлик қилган Ёшлар иттифоқи вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолларига вилоят ҳокимлиги ва воҳамиз аҳли номидан самимий миннатдорчилигимни изҳор этаман!

 Вилоят раҳбари сифатида Хоразм вилояти ҳокимлиги Сизни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканини, эзгу ишларимиз бундан кейин ҳам бардавом бўлишини алоҳида таъкидламоқчиман.

Ишонаманки, Сиздай шижоатли, ғайратли, ватанпарвар ёшларимиз бор экан, юкимиз ҳеч қачон ерда қолмайди. Кўзлаган юксак марраларимизни дадиллик билан забт этаверамиз!

Шак-шубҳа йўқки,  Янги Ўзбекистонимизнинг ёрқин Истиқболини, қадимий Хоразмнинг эртангги келажагини биз Сиз билан қурамиз!  

Азиз ёшлар, Сизларни яна бир бор бугунги байрам - Ёшлик, Шижоат, Куч-қудрат ва Матонат айёми билан, чин қалбимдан муборакбод этиб,  ўқиш ва ишларингизда, оилавий ҳаётингизда улкан   муваффақиятлар тилайман! Парвозингиз, интилишларингиз бундан ҳам сарбаланд бўлаверсин!


Юртимиз тинч, халқимиз соғ-саломат, эзгу ниятларимиз ижобат бўлсин. 


Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрманов




Бош саҳифага қайтиш
Izoh qoldirish


ad

Raximov Jo'rabek Raximovich

Xorazm viloyati hokimi

Viloyatimizda aholiga tibbiy xizmat ko‘rsatish darajasi qanday?


A’lo - 503 (29%)
29
Yaxshi - 832 (48%)
48%
Qoniqarli - 295 (17%)
17%
Qoniqarsiz - 104 (6%)
6%
Jami ovozlar: 1,734 ta

Ovoz berish muddati tugagan!

Veb-sayt faoliyatini baholang?


A’lo - 1,674 (82%)
82
Yaxshi - 285 (14%)
14%
Qoniqarli - 82 (4%)
4%
Qoniqarsiz - 0 (0%)
0%
Jami ovozlar: 2,041 ta

Ovoz berish muddati tugagan!
«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 

Fotogalereya