Click to listen highlighted text!

Хива ички туризм учун очилди

Президентимиз жорий йил 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ички туризм имкониятларидан янада унумлироқ фойдаланиб, соҳага хизмат қилувчи йўлдош тармоқларда иш жойлари ташкил этиш, диққатга сазовор масканлар ва қадимий шаҳарларга саёҳатлар уюштиришга алоҳида эътибор қаратган эди.

Хоразм вилоятида ҳам меҳмонларни муносиб кутиб олиш, мароқли ва хавфсиз дам олишлари учун барча шароитлар яратилди.Президентимизнинг шу йил 28 майдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони вилоятда янги ички туризм йўналишлари очиш, кўчма дам олиш масканларини кўпайтириш, тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини босқичма-босқич юксалтиришда дастуриламал бўлмоқда.


–Вилоятимизда бу йўналишларда катта салоҳият мавжуд, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бўлим бошлиғи Райҳон Давлетова. – Қадимий Хоразм воҳаси ноёб маданий ёдгорликлари ва табиий мерос объектларига бой ҳудуд. Зиёрат, таълим, экологик ва соғломлаштириш, гастрономик туризми йўналишларига дунё аҳли катта қизиқиш билдиргани ҳам бежиз эмас. Пандемия шароитида ҳам вилоятнинг жозибадор туристик имкониятларидан янада унумли фойдаланиш бўйича белгилаб олинган вазифалар изчил давом эттирилмоқда.


Сайёрамизга чанг солган пандемиядан бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиз сайёҳлик соҳаси ҳам жиддий зарар кўрди. Бироқ,мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши карантин қоидалари жорий этилганидан бошлаб, туризм ҳамда унга бевосита боғлиқ бўлган тармоқларни қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча Хоразмга Наманган вилоятидан 50 нафар меҳмон воҳанинг кўришга арзигулик жойларини томоша қилиш мақсадида ташриф буюрди.


Аксарияти мўътабар онахонлардан иборат меҳмонлар даставвал қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрининг тарихий обидалари ва улардаги асори-атиқалар билан танишдилар. Буюк аждодларимизнинг мақбараларини зиёрат қилишди.


– Жорий йил бошидан Наманган отин ойилари мамлакатимизнинг муқаддас жойлари, қадимий шаҳарларини кўришни мақсад қилган эдик, – дейди Холисхон Эрамонбекова. – Минг афсуски карантин даври бошланиб қолди. Бироқ ички туризмга рухсат берилди. Биз, Хивага етиб келгунимизча Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлдик. Йўлларда қийналмадик. Барча шароитлар яратилган. Қадимий шаҳарларнинг гўзаллигини кўриб баҳри дилимиз очилди. Айниқса, зиёратгоҳларга кириб халқимиз саломатлиги, юртимиз тинчлигини, фарзандларимиз камолини тилаб дуолар қилдик.


Меҳмонлар кўҳна «ичан қалъани» зиёрат қилар эканлар уларга Хоразм қўғирчоқ театри жамоаси пешвоз чиқиб, қўғирчоқлар ёрдамида турли саҳна кўринишларини намойиш этди. Қувноқ қўшиқ ва рақслар барчага янада кўтаринки кайфият улашди.


Куннинг иккинчи ярмида белгиланган йўналиш бўйича меҳмонлар Хива Қоракўл туристик мажмуасида ҳам бўлишди. Қум барханлари ичра катта кўл бўйида ташкил этилган сайёҳлик мажмуасида яратилган шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.


– Хива шаҳри «Яшил» ҳудудга айланганидан сўнг мажмуамиз маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатишни бошлади, – дейди «Хива қоракўл» сайёҳлик мажмуаси раҳбари Шаҳзод Бердибоев. – Биз келган меҳмонларга кемада, туяда сайр этиш, балиқ овлаш, миллий ва европа таомларидан танаввул этиш, бадиий ва кўнгил очар дастурларни намойиши, шунингдек, Хоразм миллий балиқ таомларини тайёрлаш жараёнларида иштирок этиш каби хизматларни таклиф қиламиз. Шунингдек, 36 ўринли меҳмонхонамиз ҳам сайёҳлар ихтиёрида.


Таъкидлаш лозимки, шу кунларда Хоразм вилоятининг пандемия юмшаётган ва «яшил» ҳудудга айланган гўшаларида мавжуд тарихий-маданий, археологик, зиёрат туризми объектларига саёҳатлар уюштиришга эътибор янада кучайтирилмоқда. Зеро, ички туризм иқтисодиётимизнинг тобора ривожланаётган соҳалаларидан биридир. Айни шароитда эса соҳа вакиллари ҳам карантин талабларига риоя қилган ҳолда, берилган кенг имтиёзлардан унумли фойдаланишлари лозим.

Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА

Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив