Click to listen highlighted text!
Хоразм вилояти ҳокимлиги

Мардлик ва жасорат унутилмайди

Тинчлик, осойишталикни сақлаш, мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатган мард, жасур инсонлар матонати халқимиз қалбида доимо абадий сақланади. Бундан ўттиз йил муқаддам - 1989 йилнинг 15 февралида чекланган собиқ совет қўшинлари Афғонистон ҳудудидан чиқарила бошланган эди. Бу кун ҳар йили мард жангчи фахрийлар жасоратини улуғлаш рамзи сифатида анъанавий тарзда нишонланиб келинмоқда.

Кеча шу муносабат билан кенг жамоатчилик вакиллари Урганч шаҳри Хотира майдонидаги "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди. Бир дақиқа сукут сақланиб, мард ва фидойи жангчилар хотираси эсга олинди, уларга ҳурмат-эҳтиром бажо келтирилди.

- Бу йил мамлакатимиз бўйлаб бизнинг ҳаётимиз ва фаолиятимиз билан боғлиқ яна бир тантана
 нишонламоқда, - деди Ўзбекистон "Veteran" жангчи фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси вилоят бўлими раиси Р.Болтаев. - 1994 йил 2 феврал куни Афғонистон ва бошқа чегара ҳудудларида хизмат қилган
 жангчи фахрийлар, уруш ногиронлари, ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш, соғлигини қайта тиклашга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон "Veteran" жангчи фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси ташкил этилган эди. Ана шу бирлашмамизнинг ташкил этилганлигига 25 йил тўлиши муносабати билан Тошкент шаҳрида  бўлиб ўтган тантанада ҳам иштирок этдик. Бугун  бу ерга ташриф буюрган собиқ сафдош дўстларимиз ва кенг жамоатчилик мамлакатимизда инсон қадри баланд, ҳамиша эъзоз ва эътиборда эканлигига яна бир бора гувоҳ бўлиб туришибди. Афғонистондаги урушда ҳалок бўлган собиқ сафдошларимиз - жангчи дўстларимизнинг оилаларига бориб, уларни моддий ва маънавий рағбатлантирдик. Ногиронларга ҳам катта ёрдам кўрсатилди. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташаббуси билан бир гуруҳ байналмилалчилар Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида саёҳатда бўлиб қайтдилар.

- Мен ҳам Афғонистондаги ўша йиллардаги уруш оқибатларини бошимдан кечирганман, - деди урганчлик Сергей Аҳмедов. - Сафдошларимнинг жасорати ҳамон кўз олдимда. Бугун бизларга кўрсатилаётган иззат-икром, ғамхўрлик, катта имтиёзлар учун миннатдорчилик билдирамиз.

Урганч шаҳрида Ўзбекистон Қуролли кучларининг марказий ашула ва рақс ансамбили жамоасининг концерт дастури намойиш этилди.

Бундай тадбирлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида тантанали равишда, юксак кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.

Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив