Click to listen highlighted text!

Хоразм вилоят ҳокимининг умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда уларнинг ота-оналарига МУРОЖААТИ

                                 Ассалому алайкум, ҳурматли ота-оналар!
                                       Азиз битирувчи фарзандларим!
 Сизларни умрингизнинг камолот пиллапояси, ҳаётингиздаги энг қувончли ва ҳаяжонли дамлар – мактаб ва коллежларни тугаллаб, етуклик онларига етиб келганингиз билан вилоятимиздаги ёши улуғ инсонлар ва шахсан ўз номимдан қизғин ва самимий муборакбод этаман. Сиз мўътабар ва муҳтарам ота–оналарининг умид юлдузи бўлган, бугун мустақил ҳаётга йўлланма олиб, келажакда юртимиз таянчи ва суянчи бўлишга шайланиб турган ўғил-қизларимизга чин юракдан оқ йўл тилар эканман, бугунги орзу интилишларингиз, ёшлик шижоатингиз, пок ва ёруғ ниятларингиз Сизни асло тарк этмасин, дейман!
 Ушбу бетакрор лаҳзаларда фурсатдан фойдаланиб, айрим рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
 Жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 11-синфларини 26 171 нафар, касб-ҳунар коллежларини 8 046 нафар ўқувчи-ёшларимиз тамомламоқдалар. Шуниси қувончлики умумтаълим мактаблари битирувчиларининг 212 нафари олтин, 98 нафари кумуш медаль билан мактабни  битиришга муваффақ бўлдилар-ки, бу - азалдан илм –маърифат ўчоғи бўлган, инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган, башариятга қанчадан-қанча олиму алломаларни етказиб берган муқаддас заминнинг бугунги фарзандлари буюк Хоразмийларга муносиб ворис бўлиб камолга етаётганидан нишонадир!
 Албатта, бу муваффақият етуклик сари бошланган катта йўл олдидаги илк муваффақият, илк маррадир!
 Олдинда эса орзуларга лиммо-лим улкан Ҳаёт турибди. Шу боисдан ҳам келгуси режалари тўғрисида олинган сўровномаларда  умумтаълим мактаблари битирувчиларининг 20 146 нафари (77,8%), олийгоҳда, 3 097 нафар (12 %) янгидан ташкил қилинаётган касб-ҳунар мактаблари ва техникумларда ўқишини давом эттириш;
 Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг 6 099 нафари (75,8%) олийгоҳда ўқиш истаги борлигини билдиришган.
 Ўтган йилги тажрибалардан келиб чиққан ҳолда битирувчиларни олийгоҳларга кириш самарадорлигини яхшилаш мақсадида таълим муасасасаларини тугаллаётган фарзандларимизни олий таълимга тайёрлашга бу йил алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган ўқув йилида SATT (самарали автоматлаштирилган таълим тизими) платформаси фақатгина туман халқ таълими бўлимларига ўрнатилган бўлса, жорий ўқув йилида янгидан 410 та таълим муассасаларига ўрнатилди. Бу эса олий таълимга кириш истаги бўлган ёшларимизни бевосита ўзи ўқиган муассасада тайёргарликдан ўтишига имкон яратди. Синов тестлари олиш сифати яхшиланди. Тест базасига 57 мингдан ортиқ тест саволлари жойлаштирилди. 2020 йил 16 мартига қадар (карантин давригача) 6 марта ўқувчилардан синов тестлари олинган бўлса, карантин даврида SATT платформаси янада такомиллаштирилди ва ўқувчиларни масофадан туриб олийгоҳларга тайёргарлик кўришлари учун етарли шароит яратиб берилди.
 Қадрли ўғил қизларим! Бугун шуни алоҳида қайд этишни хоҳлардимки, бу йилги битирувчиларимиз - аввалги йиллардаги ўқувчиларимиздан тубдан фарқ қиласизлар. Чунки Сизлар дунёнинг кўплаб мамлакатлари халқлари бошдан кечираётган синовли кунларни бутун дунё билан, халқимиз, ватандошларимиз билан бирга бошдан кечирмоқдасиз. Ота –онангиз, яқинларингиз саломатлиги, юртимиз тинчлиги, қалбимиз хотиржамлиги учун сабр- бардош, ирода, матонат, тартиб-интизом деган фазилатлар нақадар муҳим эканлигини мурғак қалбингиз билан ҳис этмоқдасиз. Инсонга бир марта бериладиган умрнинг қанчалик бебаҳо бойлик, ғанимат неъмат эканини ўз кўзингиз билан кўриб, теран англадингиз. Халқимизда “Ҳар замонга бир замон” деган ҳикматли нақл бежиз эмас эканки, азиз фарзандларим, Сизларнинг битирув даврингиз шундай инсоний имтиҳонлар онига тўғри келди. Ўйлайманки, Сиз бундан 11 йил мактабда, уч йил коллежда ўқиганингиздан ҳам зиёда – УЛКАН ҲАЁТ САБОҒИни олдингиз!
 ”Охирги қўнғироқ” садолари ўрнига бугун Ҳаёт қўнғироқлари Сизни чорлаб турибди! 
 Шунинг учун Сиздан умидимиз катта. Жуда катта кўпчилигингиз олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, Ўзингиз севган касбларда ишлаб, Халқимизга садоқатли фарзанд эканингизни албатта, исботлайсиз. Бу йўлда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим даргоҳлари Сизни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр!
 Ҳурматли ота-оналар!
 Шу ўринда Сизлар ҳам фарзандларингиз келажагига  беэътибор эмаслигингизни сидқидилдан эътироф этаман. Чунки эртанги кунимиз қандай бўлиши, халқимизнинг, давлатимизнинг тақдири ва толеи, обод ва фаровон ҳаётимиз учун замин яратиш масъулияти бугун ўсиб – униб келаётган ўғил-қизларимизнинг зиммасида эканини яхши биласиз!
 Ёшларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, аввало, ўзингизга, қолаверса эл-юртига муносиб, муҳтарам юртбошимизга, бутун халқимизга қўшқанот бўладиган фарзанд бўлиб камолга етишида Сизнинг меҳрингиз, эътиборингиз, тарбиянгизнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди! Ўйлайманки, бу масъулият юкини бир зум ҳам хаёлдан соқит қилмайсиз! Бугун Сиз азизларни ҳам фарзандингиз камоли билан қутлайман! 
 
 Қадрли битирувчилар! Азиз фарзандларим! 
 
 Сизга дилимдаги энг эзгу тилакларимни изҳор этмоқчиман! Мен ишонаман, қадимий ва навқирон, кўпгина битикларда олтин воҳа деб тилга олинадиган Хоразм диёримиз, жонимизга жондек пайванд – дунёда ягона Ўзбекистонимиз келажаги Сизга боғлиқ эканлигини асло унутмайсиз! 
 Ўқишдан, изланишдан, олға ҳаракат қилишдан тўхтаманг. Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш каби абадий қолишини ва эзгуликка ҳизмат қилишини бир нафас ҳам эсдан чиқарманг!
  Шунда Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Аз-Замаҳшарий, Жалолиддин Мангуберди каби жаҳон тан олган юзлаб буюкларга ҳақиқий издош бўласиз!
Ёрқин ва беғубор ниятлар остонасида барчангизни олдинда кутиб турган камолот уфқлари билан яна бир бор қутлаб, ҳаёт сари оқ йўл, узоқ умр тилайман.

Ҳурмат билан,
Хоразм вилояти ҳокими  Ф.Эрманов     

Добавить комментарий

Оставить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив